Get Mystery Box with random crypto!

Одамлар нимани ҳеч қачон унутмайди? Самолётда оқ танли бир аё | Oybek blogi

Одамлар нимани ҳеч қачон унутмайди?

Самолётда оқ танли бир аёл ҳабаш эркак билан ёнма-ён ўтириб қолди. Бу вазиятдан у безовталанди, беҳузур бўлди. Cтюардессани чақириб, ўзига бошқа бир жой топиб беришни сўради. Ахир, у қора танли одамнинг ёнида ўтира олмасди-да.

Стюардесса хушмуомалалик билан самолётнинг барча ўриндиқлари банд эканини, ҳар эҳтимолга қарши VIP бўлимида бирон бўш жой бўлса, қараб кўриши ва бу ҳақда хабар беришини айтди.

Йўловчиларнинг айримлари бу воқеани ҳайрат билан, айримлари эса нафрат билан кузатиб туришарди. Уларнинг нигоҳида шундай ифода бор эди: «Бу аёл ҳурматсизлик қилгани етмагандай, энди VIP бўлимида кетадими?»

Танасининг ранги туфайли камситилган ҳалиги киши эса индамай ўтирарди.

Аёл ўзининг VIP бўлимида кетаётганини тасаввур ойнасида жонлантирганча стюардессани сабрсизлик билан кута бошлади.

Бир неча дақиқадан кейин стюардесса қайтиб келди ва шундай деди:

— Кечикканим учун узр сўрайман. Ниҳоят, VIP бўлимидан битта бўш жой топдим. Аммо йўловчиларнинг жойини ўзгартириш масаласида учувчидан рухсат олишим керак эди. Учувчимиз «Муаммо келтириб чиқарувчи одамнинг ёнида кетишга ҳеч ким мажбур эмас», деди ва рухсат берди.

Бу гапни эшитган йўловчилар ҳайрон бўлишди. Бу орада оқ танли аёл мағрур ифода билан ўрнидан туриб, VIP бўлимидаги янги жойга ўтишга ҳозирлана бошлади. Айни шу онда стюардесса жимгина ўтирган қора танли одамга юзланиб:

— Жаноб, сизни самолётнинг VIP бўлимидаги жойга олиб боришимга рухсат берсангиз, марҳамат, - деди. – Капитанимиз бундай нохуш вазият яратувчи одамнинг ёнидан ўтириш мажбуриятида қолдиргани учун бутун компаниямиз номидан сиздан узр сўради.

Барча йўловчилар нима бўлганини англаб етгач, самолёт экипажини биргаликда олқишлай бошлашди…

Ўша йил айни шу воқеа сабаб капитан ва стюардесса юксак мукофот билан тақдирланди. Қуйидаги фикрлар эса компания барча офисларининг кўзга кўринарли ерига ёзиб қўйиладиган бўлди:

«Инсонлар уларга нима деганингизни унутишлари мумкин. Инсонлар уларга нима қилганингизни ҳам унутишлари мумкин. Аммо инсонлар уларга ўзларини қандай ҳис қилдирганингизни асло унутмайдилар».

Турк тилидан Отабек Тиллаев таржимаси.


@xushnudbek