Get Mystery Box with random crypto!

— «Оила даврасида» газетасининг китобсевар муштарийларига қайс | 𝐎'𝐓𝐊𝐈𝐑 𝐇𝐎𝐒𝐇𝐈𝐌𝐎𝐕 𝐈𝐉𝐎𝐃𝐈

«Оила даврасида» газетасининг китобсевар муштарийларига қайси китобларни ўқишни тавсия қиласиз?
— Ёш китобсеварлар фақатгина ўзбек адабиёти билан чегараланмай, жаҳон адабиёти дурдоналарини ҳам ўқиб туриши керак. Жаҳон адабиётидан Э.Хемингуэй, Ж.Лондон, Лев Толстой, Достоевский, Чингиз Aйтматов асарларини ўқишни тавсия қиламан. Чингиз Aйтматов асарларида, биласизми, нима бор? Инсон қисматини жуда чуқур тушунадиган хислатлар тасвири бор, уни албатта ўрганиш керак. Чунки ижодкор инсон қисматини биринчи ўринга қўйиши керак. «Жамила» қиссасини фильм кўринишида саҳналаштиришаётган экан. Қиссада оддий воқеа содир бўлади, лекин шу оддий воқеада ҳам жуда катта фалсафа акс этади, инсон тақдири очиб берилади. Ўзимизнинг мумтоз адабиётимиздан Навоий, Лутфий, Румий, Бобур, Фурқат каби мутафаккирлар асарларини ўқишни тавсия қиламан. Бу улуғ инсонларнинг асарларида, шу жумладан Фурқатнинг ғазалларида жуда ўкинчли ватан соғинчи ҳақидаги ажойиб фикрлар бор.
Умуман олганда, яхши китоб ўқиш керак. Ҳозир негадир ёшларимиз детектив асарларга шўнғиб кетишган. Детектив асарлар ўз йўлига, аммо бадиий асарларда ҳаёт бор. Китобхонда энг аввало китобхонлик «диди» бўлиши керак.
Ўткир Ҳошимов дунёдаги саккизинчи мўъжиза ҳақида жуда кўп гапирган эди. Тасаввур қилинг, сиз санъат музейига кирдингиз. Полотнолардаги рангларни, одамларнинг қиёфасини ўз кўзингиз билан кўриб, ҳаяжонга тушасиз. Тасаввур қилинг: сиз магнитофонда мусиқа тинглаяпсиз, чолғу оҳанглари, хонанданинг овозини эшитиб ҳаяжонга тушасиз… Энди тасаввур қилинг, китоб ўқияпсиз. Оқ қоғозда қора чизиқлар – ҳарфлардан бўлак ҳеч қанақа ранг йўқ. Ҳеч ким куй ҳам чалмайди. Aммо китобни ўқишга киришишингиз билан кўз олдингизда рангин манзаралар пайдо бўлади. Қулоғингиз остида ажиб оханглар жаранглай бошлайди. Ўзингиз билмаган ҳолда ҳаяжонга тушасиз. Мана шунинг ўзи энг катта мўъжиза эмасми?! Ҳа, бадиий адабиёт ҳеч шубҳасиз – саккизинчи мўъжиза!

Aзиз AБДУМАЛИК суҳбатлашди