Get Mystery Box with random crypto!

​​Жанглар ҳақида гап бошладим, шу мавзуни давом эттириб қўяй. | Ostonov Minbari

​​Жанглар ҳақида гап бошладим, шу мавзуни давом эттириб қўяй. Ўзбекистон тарихида жанглар кўп бўлган, лекин ҳаммаси ҳам чуқур ўрганилмайди. Ўзи Ўзбекистонда жангшунослик умуман ривожланмаган: баъзи тарихий жанглар умумий матнларда тилга олинади-ю, улар алоҳида, чуқур ўрганилмайди, жангларнинг барча тафсилотлари реконструкция қилинмайди, сабаб ва оқибатлари тафтиш этилмайди. Умуман тафтиш этилмаган, лекин жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган мана шундай муҳорабалардан бири Ғиждувон жангидир.

1510 йилнинг қаҳратон декабрида Маҳмудобод жангида Шайбонийхон ҳалок бўлди. Унинг жияни Убайдуллахон 30 минг кишилик қўшин билан йўлга чиққанди, лекин етиб бора олмади. Шоҳ Исмоил Сафавийнинг бу ғалабаси шиа қўшинларига Хуросон ва Мовароуннаҳр томон йўл очди. Қизилбош қўшини кўмагида Бобур Мовароуннаҳрнинг катта қисмини эгаллади ва Самарқандга кирди. Лекин у амалда шиаларнинг вассали бўлгани, Исмоил Сафавий номига хутба ўқитгани, қизилбошларнинг зўравонлиги туфайли маҳаллий тожиклар ва чиғатойлар исён кўтариб, ўзбекларни ва мўғулларни чақириб олди. 1512 йил апрелида ўзбекларнинг янги лидери, тиришқоқ давлат арбоби ва саркарда Убайдуллахон Кўли Маликда Бобурни мағлуб қилиб, қўшинининг катта қисмини қирғин қилиб юборди ва амалда уни ҳарбий ҳаракатлар амалга ошириш лаёқатидан маҳрум қилди.

Сафавийларнинг энг машҳур саркардаси Нажми Соний янги экспедицион корпус билан Бобурга ёрдамга етиб келди. Қизилбошлар ҳамда Бобурга лоял туркманлар ва чиғатойлар Хуросонда, Убайдуллахон тўплаган ўзбек, чиғатой қўшини эса Мовароуннаҳрда қишлади. Куздаги тўқнашувга тайёргарлик кўрди.

Нажми Соний Ўзбекистон тарихининг энг қора саҳифаларидан бирида ўта фаол иштирок этган ва ҳатто бу қатлиомнинг ташкилотчиси бўлган. Бу аянчли фожиа нега бугун ёдга олинмаслиги менга тушунарсиз бўлиб қолмоқда. 1512 йил кузида Нажми Соний раҳбарлигидаги ҳарбий бўлинма Қарши шаҳрини эгаллади. Шаҳар аҳолиси ёппасига қатл этилди. Фақат ўзбекларни тутиб қатл этиш таклифи рад этилиб, аҳолининг кўпчилиги бўлмиш чиғатойлар, шунингдек, тожиклар ҳам қирғинга учради. Маҳаллий диний авторитетлар бўлмиш саидлар ҳам қизилбошлардан омон қолмади.

Бу қирғин Мовароуннаҳр аҳолисини саросимага солиб қўйди, шу билан бирга, унинг ғазабини ҳам алангалатди. Шиаларга қарши кайфиятлар авж олиб, ўз қишлоқ ва шаҳарчаларини қўриқлайдиган халқ милициялари тузилди. Диний арбоблар шиаларга қарши ғазовот эълон қила бошлади. Чиғатойлар ва тожиклар ўзбекларни ва шахсан Убайдуллахонни суннийларни шиалардан қутқарувчи куч деб ҳисоблай бошлади. Қарши қатлиоми Мовароуннаҳрга ўзбекларга хайрихоҳ кайфиятни ва қизилбошларга нисбатан нафратни кескин ошириб юборди. Вилоятда вужудга келган бу руҳият, бу атмосфера ўзбек тарихи ва сиёсатининг янги юлдузи – Убайдуллахон саҳнага чиқиб келишига замин яратди.

Айни пайтда қизилбошларнинг иттифоқчиси бўлмиш Бобур ҳам Қарши фожиасидан руҳий азият чекди. У танлаган иттифоқчисига шубҳа билан қарай бошлади. Тўғри иш қилаётганига ишонмай қўйди. У ўз халқининг кўзида босқинчига айланиб қолаётган эди. Мовароуннаҳрни ҳарбий куч билан эгаллаган билан, аҳоли садоқатини қайтадан қозониш катта муаммо эди энди. Бобурнинг бу руҳий ҳолати яқинлашиб келаётган Ғиждувон жангида муҳим роль ўйнади.

Миниатюрада: Шайбонийхоннинг ҳалокатига олиб келган Маҳмудобод жанги (Марв яқинида).

@AsanovEldar