Get Mystery Box with random crypto!

БОБУР ВА КУҲИНУР ОЛМОСИ Дунёга машҳур “Куҳинур” олмоси ҳақида | Онлайн мактаб 4/uyda qoling

БОБУР ВА КУҲИНУР ОЛМОСИ
Дунёга машҳур “Куҳинур” олмоси ҳақида турли-туман афсоналар юради. Бу олмос узоқ йиллар давомида Малва давлати рожаларининг бош кийимларини безаб келган. Афсоналарда қачонлардир олмос рожалар бош кийимидан тушиб қолса, халқ қуллика тушади, деган фикрлар айтилган. Бошқа бир ривоятга кўра, олмос 5 минг йил аввал Ҳиндистон жанубидан топилган бўлиб, у “Махабҳорат” достонидаги афсонавий қаҳрамон Карнага тегишли бўлган.
ХХХ
1526 йилда Ҳиндистон буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан забт этилади. Панипат жангида ҳинд рожаси Бикерамит ҳалок бўлгач, унинг рафиқаси оиласига тегишли бойликларни Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга топширади. Ўлжалар орасида “Кўҳинур” олмоси ҳам бор эди. Ўшандан бошлаб Бобурийлар сулоласининг хукмдорлари “Кўҳинур”ни тожларидан асло туширишмаган ва “Бобурийлар олмоси” дейишган. Одамлар олмос Буюк Бобурийлар сулоласининг тожида турар экан, бу сулола асло завол кўрмаслигига ишонишган.
“Бобурнома”да ёзилишича, олмос 1294 йили Малва рожасига тегишли бўлган. Бобур унинг қиммати “Тамоми оламнинг икки ярим кунлик сарфига баробар” эканини айтади. Ҳумоюннинг ўғли буюк саркарда Акбар умри давомида олмосга бирор марта ҳам қўл теккизмаган. Кейинчалик афсонавий тош Шоҳжаҳон ихтиёрига ўтади. Унинг ўғли Аврангзеб тошни Лоҳурдаги Бадшоши масжидига жойлаштиради. Олмос у ерда 1739 йилгача сақланади.
ХХХ
Эрон шоҳи Нодиршоҳ Ҳиндистонни қўлга киритгач, барча бойликларни ўз тасарруфига олишга интилади. Аммо “Қўхинур”ни тополмай минглаб одамларни олмосни қидиришга жалб этади. Шунда сарой ходимларидан бири олмос Муҳаммад исмли амалдор бош кийимида яширилганини айтади. Базмлардан бирида Нодиршох Муҳаммадга мурожаат қилиб, дўстлик ришталари мустаҳкамланиши йўлида саллаларини алмаштиришни таклиф қилади. Бу таклифни инкор қилишнинг имкони бўлмайди. Бош кийим орасида олмосни кўрган Нодиршох “тоғ нури” деб бақириб юборади. Шу-шу олмос “Кўҳинур” номини олади. Ўз даврида Нодиршоҳ Кўҳинур ҳақида “Агар бир одам бешта тош олиб бирини шарққа, бирини ғарбга, бирини шимолга, бирини жанубга ва бешинчисини осмонга отиб, тошлар етган манзил оралиғини олтин, марваридлар билан тўлдирса, Кўҳинур қимматига тенг бойлик бўлади”, деган эди.
1747 йилда Нодиршоҳ ўлдирилгач олмос кичик ўғли шаҳзода Рох қўлига ўтади. Бироқ у хокимиятни қўлда ушлаб тура олмайди. Шу тариқа “Кўҳинур”га Нодиршоҳнинг энг яқин кишиси, кейинчалик афғон шоҳи бўлган Аҳмадшоҳ Дурроний эгалик қилиб, уни Афғонистонга олиб келади. 1773 йилда Аҳмадшоҳ вафот этиб, давлат тепасига ўғли Темур келади ва пойтахтни Қобулга кўчиради.
Темур вафотидан кейин ҳокимият учун курашаётган ўғиллар давлат тўнтариши қилиб, олмосни қўлга киритишга уринадилар. Замон Мирза уни қамоқхона деворига яширади. Бироқ қамоқхона нозири буни билиб қолиб, олмосни Шужо-ул-мулкка беради. Шужо-ул-мулк “Қўҳинур”ни олиб оиласи билан Лахорга келади. Бу ерда “Панжоб йўлбарси” номини олган Ранжит Сингхнинг паноҳида бўлади. Рожа олмос ҳақида хабар топгач, нима бўлса-да уни қўлга киритишга интилади. Бироқ Шужо-ул-мулкка эмас, балки унинг хотини Вафо Бегимга босим ўтказади. Аёл қийноқларга чидолмай асирларни озод қилиш, хавфсизлик таъминланиши ва нафақа тайинланиши эвазига олмосни рожага беради. Ранжит Сингх бу талабларга рози бўлади. У Шужо-ул-мулкка 125 минг рупий беради ва ҳар йили 60 минг рупий миқдорида умрбод нафақа тайинлайди.
ХХХ
“Кўҳинур”га эга бўлгач рожа Ранжит Сингх Панжобни бирлаштиради. У Ҳиндистонни Буюк Британия хукмронлигидан озод қилишни истайди ва бу иш қўлидан келмасликни билиб олмосни Ориссадаги Жагганатха ибодатхонасига совға қилмоқчи бўлади. Бироқ бу ишни амалга оширолмай вафот этади.
Шундан сўнг олмос Ҳиндистон генерал-губернатори Жон Лоуренс қўлига тушиб қолади. 1850 йилда эса “Кўҳинур” Ҳиндистондан олиб чиқилади ва Буюк Британияга келтирилади. Қимматбахо буюм қиролича Викторияга топширилади.