Get Mystery Box with random crypto!

АБДУЛЛА ОРИПОВ Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири БОБУР | Онлайн мактаб 4/uyda qoling

АБДУЛЛА ОРИПОВ
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
БОБУР
Мен-ку, оддий одам,
Шундоқ бўлса ҳам
Шукур, бас, деганча ғанимларим бор.
Шарт эмас уларга таъриф чинакам,
Бири жунунсифат, бирови хушёр.

Бировига ёқмас жиндек журъатим,
Бировига ёқмас мен юрган йўлак.
Ногоҳ бирор жойда чиқса сувратим
Бири ухлай олмай қийналса керак.

Биз шундай ўтамиз,
Яъни кун кўриб...
Майдагина кучсиз, майдагина зўр.
Ҳаётнинг мана шу буржидан туриб,
Мен Сизни ўйладим, ҳазрати Бобур.

Сиз – зобит, дастини чўзган дунёга,
Сиз – шоир, мангу бир аланга ёққан.
Наинки бандалар, Сизнинг сиймога
Не-не салтанатлар кек билан боққан.

Баҳодирлик ичра ёр Сизга Ҳумой,
Сиз улуғ зотларнинг изин босган эр.
Назмий саждагоҳда Сизга, ҳойнаҳой,
Имомликка ўтгай фақат Алишер.

Ҳа, ёлғиз шеър қолди, бошқаси, абас,
Етти иқлим аро достон нақлингиз,
Не бахт, парчин бўлиб тож деган қафас,
Бизга етиб келди олмос ақлингиз.

Айтинг, не топдингиз Сиз кезиб дунё,
Ҳануз боқишарлар шўришга тўлиб.
Шоирсиз, яхшиси, қолингиз, Мирзо,
Мушфиқ юртингизда бир шоир бўлиб.

1983