Get Mystery Box with random crypto!

ШАБНАМ Ўриклар гулини тўкканда баҳор, Мени ҳам гоҳида эслай | 📚ONA TILI — MILLAT RUHI.🌿 O‘ZBEKISTON FILOLOGLARI🕊

ШАБНАМ

Ўриклар гулини тўкканда баҳор,
Мени ҳам гоҳида эслайсизми, ёр,
Илинганим борми сизга илиқлик,
Ё топган-тутганим эдими озор?
Мен эса сизни ҳеч унутолмадим,
О, юзи ҳилолим, сарвиқоматим...

Сизни асрар эдим саболардан ҳам,
Булут етаклаган ҳаволардан ҳам.
Изсиз қай бағирга кетдингиз сингиб,
Йигит йилларимга томган эй шабнам?..
Омадим йўқ менинг, ўзи омадим,
О, юзи ҳилолим, сарвиқоматим.

Мен гулзор айланган парвона эдим,
Бир чечак ишқида мастона эдим,
Ўзим айвон, ўзим остона эдим,
Ҳозирча дўстона, дўстона дедим...
Нега юрагимга қулоқ солмадим,
О, юзи ҳилолим, сарвиқоматим.

Энди кўнгил менга айтмасу сирин,
Кечалар хўрсиниб яшар яширин.
Йигит йилларимга томган эй шабнам,
Ҳаёт қандай аччиқ, хаёл эса ширин!..
Бўлди. Бундан бошқа ёза олмадим,
О, юзи ҳилолим, сарвиқоматим...

Муҳаммад ЮСУФ

Уланиш учун: https://t.me/ona_tilim_millat_ruhi