Get Mystery Box with random crypto!

Замин билан осмон — сену менман, Саҳар билан оқшом — сену менм | 📚ONA TILI — MILLAT RUHI.🌿 O‘ZBEKISTON FILOLOGLARI🕊

Замин билан осмон — сену менман,
Саҳар билан оқшом — сену менман.
Еру осмон аро бир ишқ бордир —
Ишқдан бунёд ҳижрон — сену менман.
Куздаги икки япроқ — сену менман,
Баргдаги митти фироқ — сену менман.
Жоним, фироқ аро бир севги бор,
Фироқда қолган чироқ — сену менман.
Машриқ билан Мағриб — сену менман,
Мағлуб, яна мағлуб— сену менман.
Жоним, мағлубликда бир умид бор —
Йўлларда сарсон мактуб - сену менман.
Олов билан олов — сену менман,
Олов ичида биров — сену менман.
Жоним, олов ичра шаҳидлик бор —
Ёниб қолган ялов — сену менман.
Қуёш билан қуёш — сену менман,
Кўз ёшга томган кўз ёш — сену менман
Ҳар томчи ёшимизда додимиз бор —
Доддан бунёд икки тош — сену менман.

Усмон АЗИМ

Kanalimizga a'zo bo‘ling!
 @ONA_TILIM_MILLAT_RUHI