Get Mystery Box with random crypto!

АЖДОДЛАР ЁДИ 31-август- Қатағон қурбонларини ёд этиш куни Шу | 📚ONA TILI — MILLAT RUHI.🌿 O‘ZBEKISTON FILOLOGLARI🕊

АЖДОДЛАР ЁДИ

31-август- Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Шундай давр бўлди юртимда тонглар,
Шабнам билан эмас, отди қон билан.
Оқ орзулар тортиқ этолмай субҳ,
Йиғларди қалбида дард, фиғон билан.

Қуёш ҳам сочмасди нурларин порлоқ,
Ғуборлар ортидан кўриниб хира.
Янги кунни қутлаб куй чалиб янгроқ,
Табиат ҳам қўшиқ айтмасди сира.

Истибдод зулмидан эзилган халқим,
Руҳи эди гўё қафасланган қуш.
Гуноҳ эди, ногоҳ лол қолар ақлим,
Ҳуррият ҳақида кўрмоқ ҳатто туш.

О Беҳбудий бобом, о Фитрат бобом,
Жаллоднинг кўзига тик боққан бобом.
Оҳ Қодирий бобом, оҳ Ибрат бобом,
Халқим юрагига ўт ёққан бобом.

Халқ дардини ёзмоқ не учун гуноҳ?
Жавоб тополмайин келар алами.
Оқ қоғоз ёнида йиғлайди ногоҳ,
Қодирий бобомнинг синиқ қалами?

Қаттол давр халқим бўғзидан тутиб,
Яшамоқлик учун солганда ўлпон.
Самонинг еттинчи тоқида туриб,
Нур сочолмай сўнган, оҳ бобом Чўлпон.

Истиқлол, ҳурлик деб жонини тикиб,
Шаҳид кетганларнинг айтай қай бирин.
Улар эзгуликнинг уруғин экиб,
Юртимга келажак бахш этди ширин.

Ҳар бирининг номи дилимга эъзоз,
Ҳар бирин ибрати мунаввар кўзгу.
Улар даҳо бўлиб ўтганлиги рост,
Халқим юрагида яшарлар мангу!..

Сарвара Эшонхонова


https://t.me/ONA_TILIM_MILLAT_RUHI