Get Mystery Box with random crypto!

БУГУН ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ЭНАХОН СИДДИҚОВАНИНГ ТАВАЛЛУД ТОПГ | ОЛТИАРИҚ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ

БУГУН ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ЭНАХОН СИДДИҚОВАНИНГ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУНИ.

Фахр билан айтиш керакки, Олтиариқ ижодкорлар юрти. Бу маконда туғилган уч забардаст халқ шоири чиқди. Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон ва Энахон Сиддиқовалар Олтиариқнинг ифтихорига айландилар. Бугун Эркинака ва Анваракалар гарчи орамизда йўқ бўлсаларда уларнинг этагини тутган замондоши, издоши, бир сўз қудрати ила содиқ шогирди Энахон Сиддиқова уларнинг иккинчи умрига қанотлар.  Юртимизда анъанавий қадриятлардан бири ўтганларни хурматини жойига қўйиб хотирлаш, борларини эъзозлаш ўзбегимнинг эзгу қадриятларидан бири десак хеч муболаға бўлмайди.
 
Бугун ўзбек адабиётининг вакили, давлат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири, Олий мажлис Сенатори Энахон Сиддиқова таваллуд топган кун. Энахон Сиддиқова 1954-йилининг 28-август куни Фарғона вилояти, Олтиариқ туманида таваллуд топди. Фарғона давлат институтининг филология факултетида (1972–1976) таҳсил олди. Олтиариқ ва Фарғона туманлари мактабларида ўқитувчи, мактаб директори вазифаларида хизмат қилди (1976–1996). Ўзбекистон ХДП Фарғона тумани иккинчи котиби (1996), “Фарғона ҳақиқати”, “Ферганская правда” газетаси мухбири (1990–1997), Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари котибияти ходими (1997–2001) лавозимларида ишлади. Ҳозир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, “Қалб садоси” ҳафталик газетасининг бош муҳаррири вазифасида хизмат қилади. Энахон Сиддиқова 2013-йилдан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, 2015 йилдан Олий Мажлис Сенати аъзосидир.

Энахон Сиддиқова Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Оқ йўли” (1977) билан адабиётга кириб келди. “Қоракўз турналар”, “Суманбар насим”, “Кўнгил уфқлари”, “Ишқ ифори” шеърий тўпламлари, “Сирли тун фарёди”, «Она ҳақида қўшиқ», “Ватанга баҳшида умр” каби  ҳикоялар ва лиро-епик қиссалар мажмуаси, “Қизойимларга келинлик сабоқлари”, “Тиббиёт фидойилари”, “Халоскорлик”, “Эъзозли аёллар” каби публицистик асарлар нашр эттирди.

У ўз асарларида инсон деб аталган сеҳрли-мўжизакор хилқатнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини алқайди, ҳимоя қилади, олқишлайди. Инсонга ишонч руҳи, самимият унинг ижодида бадииятнинг муҳим унсурлари сифатида бўй кўрсатади.

Энахон Сиддиқова “Энг улуғ, энг азиз” танловининг республика босқичи ғолиби. Адабиётимиз ривожи йўлидаги меҳнатлари муносиб тақдирланиб, унга 2004-йили “Дўстлик”, 2009-йили “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, 2016-йили эса “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилди.

Энахон Сиддиқованинг шеърларини халқимизнинг таниқли санъаткорлари халқ тилидан тушмайдиган қўшиқлар куйлашган. Шу қатори шахсан камина Энахон Сиддиқованинг дуоларини олиб, унинг ижодидан "Онам тирик юрсин", "Асраб турар" шеърларини куйга солиб қўшиқ қилишлик насиб этди.

  Хурматли юртбоши ва халқи ардоқлаган Энахон Сиддиқова! Бугунги таваллуд айёмингиз муносабати билан сизга узоқ умр, сихат-саломатлик ва  фаолиятингизга улкан муваффақиятлар тилаймиз. Ўхшаши йўқ шижоатингиз, сермаҳсул қаламингиз, улкан қалбингиз билан халқимиз кўнглидан эгаллаган рутбангизга кўз тегмасин.


Муроджон КАМОЛИДДИНОВ
Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Э.Вохидов номидаги ижод мактаби "Тараннум" мусиқа тўгарак рахбари