Get Mystery Box with random crypto!

Охирги кунлардаги хабарлар ИИВга нисбатан уюштирилмоқдами? И | Olimjon Haydarov

Охирги кунлардаги хабарлар ИИВга нисбатан уюштирилмоқдами?

Икки кундан буён айрим дўстларимиз "бирданига ИИВ ҳақида шунча маълумотлар жамоатчиликка чиқиб кетди, бу уюштирилмаганмикан?" деган савол билан мурожаат қилишмоқда. Ростдан ҳам бу ҳолатлар уюштирилганми?
Қуйида шахсий қарашимни келтириб ўтаман.

Бу ерда икки ҳолат бор.
1. Бу воқеалар(ИИБ дан фуқароларни ўлиб/ўлар ҳолатда чиқиши) аввал ҳам бўлганми?
2. Бу ҳолат жамоатчиликка кўрсатилганми?

Биринчидан, ИИБ биноларидан фуқароларни ўлиб чиқиши янгилик эмас, бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шохрух ака ҳам айтиб ўтганди. Яъни, бу уюштирилган деган гапни биринчи қисмига қўшилмайман. Бу ҳолатлар аввал ҳам кўп маротаба бўлган, охирги кунлар ҳам одатдаги кунларни бири аслида ИИВ учун.

Иккинчи қисмида бироз ўйланадиган вазият. Одатда бундай ҳолатлар - куч ишлатар тузилмалар қўлида фуқаро ўлиб қолса, имкон қадар бу беркитилади. Одамлар норозилигини олдини олиш учун. Марҳумнинг оиласи билан қандайдир воситалар ёрдамида компромисс(пул, куч, қўрқув, маъмурий босим, имтиёз ва бошқа воситалар ёрдамида)га келинади. Иш имкон қадар беркитилади. Бунга айниқса DXX қаттиқ туради, сабаби одамларни норозилиги авж олиб кетса, миллий хавфсизликка таҳдид бўлиши мумкин деб қарашади.
Лекин бу сафар ундай эмасдек кўринмоқда. Негадир вазиятга DXX аралашмаяпти, хабарлар жамоатчиликка эълон бўлиб кетишига ҳам қаршилик кўрсатилмади.

Бироз ортга қайтамиз.
1995-2005-йилларда Каримовни иккита темир "қўли" бор эди. Бири - Иноятов(MXX), иккинчиси - Алматов(ИИВ). Бу икки тузилма бир биридан мустақил, бир бирига бўйсунмас, ўз кучига эга эди. 2006-йилда Андижон воқеаларидан кейин Алматов асосий айбдорлардан бири сифатида лавозимидан кетди. Шу нуқтадан кучлар баланси MXX фойдасига ўзгариб борди. 2015-йилларга келиб MXX тўлиқ назоратни қўлига олди, ИИВ деярли МХХга бўйсунувчи ташкилотга айланиб қолди.
2016-йилда Каримов ўлгач, вазият кескин ўзгарди. МХХдан кўп азият чеккан(ўзининг айтиши бўйича) янги президент МХХни ДХХга ўзгартирди, деярли ҳамма ваколатларини олди, ИИВга ваколатларни бир қисми қайтарилди, мувозанат учун Миллий Гвардия қайта ташкил этилди. ИИВни аввалги мавқеига қайтариш(ва бошқа куч тузилмалари билан мувозанатга олиб чиқиш учун) тизимга аввалги "авторитетлар" қайтарилди. Алматов ИИВ маслаҳатчи сифатида қайтди. Худойберганов Президентга маслаҳатчи сифатида(шунингдек ФВВ, халқ қабулхоналарини ҳам бошқарган) қайтди. ИИВ тизимида юқори обрўга эга бўлган Улуғбек Турсунов(Ойбек Турсуновнинг акаси) Тошкент шаҳар ИИББ олиб келинди. ИИВ аввалги даражасига қайтмаган бўлса-да, обрўси ва ваколатларининг бир қисмини қайтариб олди.
DXX анча кучсизланди(албатта юклатилган вазифалар юзасидан ҳозир ҳам DXX жудаям кучли, керакли ташкилот, лекин Каримов давридаги МХХдаги чексиз ваколатлар ҳозир ДХХда йўқ).

Охирги кундаги воқеалардан айрим дўстларимиз айнан DXX манфаати учун индамаяпти деган хулоса чиқаришмоқда. Яъни ИИБда ўлимлар доим бўлган, DXX буни доим яширган, оқибатлари билан курашган, бу сафар атайдан бунга четдан қараб туришибди, ИИВ билан "рақобат"да шундай вазиятларда устун келиб, аввалги ваколатларни қайтиб олмоқчи деган хулосага келишмоқда. Сиз нима деб ўйлайсиз, ростдан ҳам шундайми?

Билмадим, вазиятни кузатайлик-чи, қандай якун топар экан.

Лекин нима бўлган тақдирда ҳам ИИВ тизими ислоҳ қилиниши керак, бунга зарурат бор. Мана DXX бутун раҳбарияти ислоҳ қилинди, аввалги МХХдан тубдан бўлмасада, фарқ қилади, анча ўзгарган. ИИВ ислоҳидан ҳам қўрқмаслик керак, албатта яхши бўлади(ёки яхшиликка бўлади)

@OlimjonHaydarov