Get Mystery Box with random crypto!

Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога ташрифи тўғрисида тайёрланган вид | Telegram

Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога ташрифи тўғрисида тайёрланган видеони томоша қиляпман. Видеода президентнинг тўлиқ иш кунини қисқача тарзда кўриш мумкин. Ушбу роликда диққатга сазовор бўлган жойларини қисқача тезисда айтиб ўтаман.

Президент энг аввало, Бухорога қилган ташрифидан асосий мақсад нимада эканлигини айтиб ўтди: "Бугун бу ерга келишимдан мақсад – халқимизни кўпроқ эшитиш, эртанги марраларни белгилашда тўғри йўл тутиш. Туман ҳокимлари ва маҳалла раислари ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин айтиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини билдирса, ниятимиз амалга ошади", — деди Шавкат Мирзиёев.
***

Президент Бухоро вилоятидаги ташрифини Олот туманидан бошлади. Уни Бош вазир ўринбосарлари О. Раматов, С. Умурзақов ва туман ҳокими (ёки "хокимаси") Наргиза Неъматова кутиб олишди. Шавкат Мирзиёев Олот туманидаги фаоллар билан учрашувда маҳаллий аҳолининг мурожаатларини инобатга олиб, Олот-Тошкент темир йўл қатнови қайта тикланишини маълум қилди. Учрашув давомида давлат раҳбари Бухоронинг прокурори М.Истамовга: «Прокурорга одамлар ёруғ юз билан қарай олсин, ўғрига ўхшаб қараши керакмас», деб айтди.
*
**

Шундан сўнг президент Бухоро туманидаги «Бухоро Варнет» ҳамда "Bukhara Cotton Textile" корхонаси фаолияти билан танишди. Умумий қиймати 120 миллион доллардан зиёд бўлган «Бухоро Варнет» лойиҳаси доирасида 260 дан ортиқ иш ўрни яратилгани, ўтган йили қарийб 20 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилиб, 1 миллион долларлик экспорт қилингани маълум қилинди.
***

Жаҳон банки иштирокидаги Олот ва Қоракўл туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича 139 миллион долларлик лойиҳа якунланиб, 265 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Бу икки туманда 30 йилда ичимлик суви таъминоти 17 фоиз бўлган, жорий йилда бу кўрсаткич 90 фоизга етади. Шунингдек, бу йил ёшлар ва оилавий тадбиркорлик учун Қоракўл туманига 36 млрд сўм, Олот туманига 21 млрд, Жондор туманига 49 млрд сўм ажратилиши қайд этилди. Таъкидланишича, 2022 йилгача Олотда 42 та, Қоракўлда 56 та, Жондорда 67 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингта доимий иш ўрни яратилади. Олотда 20 млн долларлик логистика маркази, Қоракўлда олтингугуртни қайта ишлаш корхонаси, Жондорда керамик плиталар ишлаб чиқариш объекти ишга туширилади.
*
**

Учрашув давомида Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев огоҳлантирилгани айтилди: «Ғаниевни ҳам огоҳлантирдим, тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан кетади», деди давлат раҳбари.
***

«Ботир Комилович Зарипов номзодини Бухоро вилоятига ҳоким сифатида тавсия қилар эканман, агар сизларда бошқа тавсия бўлса, кўриб чиқишга тайёрман. Балки Зарипов бундай вазифага тайёр эмасдир, лекин унда иштиёқ бор, ишлашга ҳаракат бор. Мен уни 3 ойдан бери синаяпман. Рози бўлсаларинг уни ҳоким қилиб сайлаймиз ва биргаликда ишлаймиз», – деди президент фаолларга қарата.

Депутатлар бу номзодни бир овоздан қўллаб қувватладилар. Шундай қилиб, Бухоро вилоятига янги ҳоким тасдиқланди.
***

Видеода президент мутасаддиларга қарата бир неча маротаба: "Камроқ гапиринг! Менга баландпарвоз гаплар ёқмайди", деганига гувоҳ бўлиш мумкин. Давлат раҳбари қилинган ишлар ҳақида эмас, қилиниши керак бўлган ишлар тўғрисида эшитиш учун келганини бот-бот такрорлади. "Ҳақиқат мулоқотда пайдо бўлади. Қарсакларда ҳақиқат йўқ. Агар қарсакларда ҳақиқат бўлганида, биз аллақачон буюк давлат бўлиб кетардик", дейди Шавкат Мирзиёев.
***

Видеода президент намунали уйлардан бирига ташриф буюргани, ёш дастурчи Самира ва IT соҳасида илм ўрганаётган кўплаб иқтидорли ёшлар билан мулоқот қилганини кўриш мумкин. Уни тўлиқ кўриб чиқмоқчи бўлганлар учун пастда видео ҳаволасини ёзиб қўяман.


@olgauzbekiston