Get Mystery Box with random crypto!

Қишлоқ четидаги энг охирги кулбага кириб чиққанимиздан сўнг, х | Nmuvahhida

Қишлоқ четидаги энг охирги кулбага кириб чиққанимиздан сўнг, хартугул қўлимни бўшатди. Ўзи бўлса тарвақайлаган тут остида ерга тап этиб ўтириб хўнграб йиғлаб юборди. Қочиб кетай десам, қаерда турганимни ҳам билмайман. Оёқларимдаги оғриқдангина анча жойдан келганимзни билиб, унга жавдираб қараб турардим. У эса парвойи -фалак. Айтиб-айтиб йиғларди:

-Одамлар ёмон синглим. Ёмон! Мени кўп хафа қилишади. Пачағлаб ташлай дейману, Худодан қўрқаман!

Худодан! Ялт этиб унга қарадим. Ажабо, шу гапларни у айтдими? Жинния?! Мени бир қоп пахтадай судраб келган тентакнинг истаган қўшнисини бир уриб майиб қиладиган кучи бор-ку. Нега у қўрқадиган Аллохдан, ақли хуши жойида бўлган одамлар қўрқмайди?

У тинмай жавраб, ўрнидан туриб, хаёлчан узоқ-узоқларга тикилди. Унинг қадди-бастига назар солдим. Ё қудратингдан! Келинойимнинг синглиси жудаям чиройли экан. Сумбатдек нозик қомат, мармардек оппоқ бадан рўдапо кийимлар билан ҳам ажаб гўзал эди. Тиззасигача сачраган лой ҳам, бир безак каби ўзига ярашиб турарди. Кўзларичи? Шашқатор ёш қуйилаётган ва кимлардандир аламзада кўзлар шахло, узун киприкларини ёй каби отишга шай турган қорачиқлар тубсиз беғубор эди. Пойма-пой сўзлари учиб чиқаётган лабларининг шакли эса мана-ман деган таннозларининг ҳавасини келтиришига амин эдим.

Уни овутишга журъатим етмас, зеро бисотимда унга муносиб сўз борлигига ишончим комил эмасди. Қоп-қора аммо пахмоқ сочларига алламбалоларни тақиб олган, гоҳ хўнграб гох кулаётган қизга нима дейишни билмасдим. Яратганнинг танловига қаранг! Тоҳир мисол йигитнинг қучоғига муносиб малак бир ахволда. У фариштачеҳра тентакми ёки тентак қиёфасидаги фариштами билолмай халак эдим.

...Кетар чоғимиз ҳам осон бўлмади. Улар биздан айрилгилари келмайди. Она-бола бири қўйиб, бири ёпишишади.

Кампир бечораку алқаб чарчамайди:

- Биз ғарибларни йўқлаб келиб, айниқса кичик қизимни кўнглига қараб бир Хаж савобини олдингиз болам. Бандасидан қайтмаса Аллохдан қайтсин! Сиз...

У гапини тугатмай қизи бидирлайди:

-Дўхтир яна келинг! Тепа маҳалладаям мани калака қиладиганлар бор. Кейин, халиги тортизданам олиб келинг. Ман пиширишни билмиманда...Адрессизи опамдан олдим. Жинни хат ёзолмеди деманг. Бировга ёздираман. Энди ман сизи тутинган йўқ, родной опезман. Эшитдингизми родной!

Ҳеч нарсани эшитгим келмасди. Ростини айтсам, ўша қишлоқдан тезроқ кочиб кетишни хохлардим. Чунки ҳамон қўлимдан маҳкам ушлаб турган қизнинг ақли ва хуснини таққослашга ортиқ кучим қолмаганди.

Ниҳоят бир томонга оғиб қолган автобус ҳам келди. Ундан аранг қутулиб, ўзимни ичкарига урдим. Аммо, анча пайт орқамиздан чопиб келган ва ахийри қўл силкиб қолган опамни хохласам ҳам, унута олмадим.

Уйда ҳам, таътилдан қайтганимдан сўнг ҳам у хақида ўйлайман ва нима сабабдан кичик келинойим доим ғамгин юришини тушунган эдим. Январь, февраль тез ўтиб, иккинчи семестр ҳам бошланиб қолганди. Сабоқлар анча мураккаблашиб, дарсдан бошқасини ўйлашга,бош қашигани вақт қолмаган палла менга ғалати бир мактуб келди. Сиёҳли ручкада чизилган антиқа расмлар ва қип-қизил лаб бўёғи билан ўпилган хат жилдга қараб бирорта жиянчам ёзгандир деб кулиб юбордим. Аммо манзил бошқа эди. Хайрон бўлиб очдим.

Хат ундан экан.

“Салом Тошкондаги катта дўхтир синглим. Яхшимисиз? Ёлғончи бўме, хатни ўзим ёзмаяпман. Ану огородимиздан тўртта ариқ хатлаганимиздан кейин кирган уйимиздаги Халима борку, ўша ёзяпти. Яна Ширин шапағ билан адаштирмен. У бешинчи ариғдан кейин яшейди. Халима яхши. Мангаям хат ёзишни ўргатаркан. Учинчи синфни битирганидан кейин, ёзда ўрганамиз. Битта янгилик айтайми? Сизи кўришганидан кейин хурмат қилишяпти мани. Энди магазинга чиқаётганимда ҳам масхара қилмайдиган бўлишган. Илтимос, манга битта хат ёзин, расмизи ҳам жўнатинг! Халиги, Наби ва Салим бангига кўрсатмоқчиман. Улар ишонишмаяпти. Ха айтганча Халима фақат хатни ёзиб берди. Конвертни ўзим ясатдим..”