Get Mystery Box with random crypto!

2005 йили 9-синфни тугатиб, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”н | Муҳрим

2005 йили 9-синфни тугатиб, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”нинг шарофати билан мактаб билан хайрлашгандим (кейин уч йил лицейда ўқиганман (ва прогул бўйича лицей рекорди ўрнатганман; ҳай, ўрнатмаган бўлсам ҳам, рекордга яқинлашгандирман - барибир бизга ҳеч ким етолмасди)). 18 йил аввал миллий терма сардори Миржалол Қосимов эди, лекин у битирувчиларга мурожаатлар қилмасди; 18 йил аввал энг зўр рэперлар Радиус 21 билан Шоҳрух эди (шекилли), лекин улар ҳам битирувчиларга тилаклар билдирмасди; 18 йил аввал муфтий зўр самимият билан битирувчиларга янги ҳаёт йўлида муваффақиятлар тиламасди. Ҳа, ўзгармаган нарсалар ҳам бор: 18 йил аввалги битирувчиларга вазирлар мурожаат қилса, эҳтимол, битирувчилар уларни танимаган бўларди – ҳозир ҳам танимаса керак деб ўйлайман, ахир ҳар бир-бир ярим йилда ўзгариб турадиган амалдорларни эслаб қолиш осон эмас, энди бизнинг даврда-ку... биз, вазирларни қўя туринг ҳали, бош вазир қандай одамлигини (суратини) у президент бўлганидан кейин билган авлодмиз. Хуллас, ҳозирги битирувчиларга мазза – мурожаат йўллаганларнинг кўпи таъкидлаганидек, ҳозирги битирувчилар қаршисидаги имкониятлар нафақат 18 йил аввалги, атиги 4-5 йил олдинги битирувчиларникидан ҳам кўпроқ. Ва уларга, юқорида айтиб бўлинганидек, шундай таниқли, ҳурматли одамлар мурожаат қилади, тилаклар билдиради, омад тилайди (замонангдан айланай!). Сизларга ҳавасим келади, 2023 йил битирувчилари! Омадингизни берсин! https://www.gazeta.uz/uz/2023/05/25/commencement-2023/

Дарвоқе, агар мен битирувчи бўлганимда эди ва мендан “шу қилинган мурожаатлар, билдирилган тилаклар, берилган маслаҳатлардан қай бири кўпроқ ёқди?” деб сўрашса, ҳеч иккиланмай элчининг учинчи саволга ёзган биринчи гапи деб жавоб берган бўлардим. Шунинг учун ҳам мен бу йилги битирувчилардан омаддан бошқа ҳеч нарса тиламайман – одам ўз йўлини ва ўзлигини йўқотмай яшаб қолиши ҳам, менимча, бир омад.