Get Mystery Box with random crypto!

Автобусдаги шу сайр фавқулодда қизиқ иқтибосларга бой бўлган. | Муҳрим

Автобусдаги шу сайр фавқулодда қизиқ иқтибосларга бой бўлган. Масалан, Ўзбекистон транспорт вазири трамвай йўлларини қуриш вақтида шаҳарда тирбандликлар янада катталашиб, кучайиб кетиши мумкинлиги сабаб қандайдир мутахассислар Тошкентга трамвайни қайтариш мақсадга мувофиқ эмас деб топганини маълум қилибди.

Бир тарафдан, вазирнинг бу гапида бир мужда бор – трамвайнинг ўзи муаммо эмас, трамвайнинг ўзи, унинг юргани тирбандлик келтириб чиқармайди ёки бор тирбандликни катталаштирмайди, демоқчи вазир. Бу вазир амалдаги ҳукуматнинг бир бўлаги, шундай экан, ҳукумат ҳам шундай демоқчи дейиш мумкин беҳижолат. Очиғи, ҳукуматимиз трамвайни тирбандлик манбаси деб ўйламай бошлаганининг ўзи катта ютуқ. Тиббиёт тили билан айтганда, “беморда соғайиш аломатлари кўзга ташланмоқда”.

Трамвайнинг ўзини тирбандлик манбаси деб ўйламаётган ҳукуматимиз энди фақат унинг қурилиши муаммо бўлишини – айнан қурилиш вақтида тирбандликлар катталашиб кетишидан хавотирда. Бу ҳам аслида ҳукуматимизнинг хавотири эмас, ҳукуматимизми, ҳокимлигимизми, хуллас, кимдир ёллаган қандайдир мутахассисларнинг хулосаси. Ҳақиқатан ҳам Тошкентга трамвайни қайтариш масаласи изчил ўрганиляпти. Ўзбекистонда бошқа бирор масала бунчалик жиддий тадқиқ қилинмаган бўлса керак.

Масалан, Бойсун-Денов йўлини таъмирлаш керак дейилди, эртасига иш бошланди. Ерусти метро йўли қурилишида ҳам тахминан шундай бўлганди – йиллаб ҳисоб-китоблар, жиддий ўрганишлар олиб борилмаганди-ёв (эҳтимол, шунинг учун аввал бир йўлни қуриб қўйиб, кейин уни бузиб, бошқа жойдан қайта қуришаётгандир). Самарқанд трамвайи билан ҳам шундай бўлганди – 2016 йил кузида “шундай қилиш керак” дейилган бўлса, 2017 йил апрелида шаҳарда трамвай юра бошлаган эди. Тирбандликлар ҳақида ўйланилмаганди.

Вазир ўз сўзида трамвай тизимини қайта тиклаш “кўп вақт ва маблағ талаб қилиши”ни ҳам айтибди. Яна ерусти метро йўли эсга тушади - уни қуришга киришишдан аввал негадир бундай гаплар айтилмаганди. Метронинг нафақат қурилиши, балки ҳаракат таркиблари (вагонлари) ҳам каррасига қимматроқ (шекилли), айнан вагонлар етишмаслиги сабаб тиқилинч. Бу жиҳатлари ўрганилмаган ҳам бўлса керак. Лекин трамвайни қайтариш масаласини ўрганиш керак. Яхшилаб, пухта, ҳар томонлама, ўн йиллаб, чуқур, чуқурроқ.

Ўзи унда-бунда бир Тошкентга трамвайни қайтариш ҳақида гапириб қўйиб, трамваёфиллар ичини қизитишдан нима наф? Афтидан, бунда “носнинг кайфидек кайф” бўлса керак. Эҳ, бир шундай дангал одам бўлсаю, шартта шундай-шундай айтса-да: шунча куйиб-пишганингни “ҳеч фойдаси йўқ”, “болалигингдаги трамвайлар қайта тикланмайди”, “хомтама бўлма, ота”, деб. Шунда қандайдир мутахассисларни овора қилишга ҳам ҳожат қолмасди, одамлар олдига чиқиб ўсал бўлишдан ҳам қутуларди тўраларимиз.

Ҳали ҳам умидвор бўлиб юрганимизнинг ўзи ғалати. Тавба, тавба.