Get Mystery Box with random crypto!

Охирги икки куннинг икки қизиқ хабари. Биринчиси, муҳтарам ҳок | Муҳрим

Охирги икки куннинг икки қизиқ хабари. Биринчиси, муҳтарам ҳокимбувамизнинг Чилонзор 10-кварталдаги қаҳрамонликлари ҳақида.

Бундан бир кун аввал тарқалган видеоларда ҳоким томонидан “нопок” дея таърифланган тадбиркор ҳали дадил эди, ерни шу мутҳарам ҳокимбувамизнинг қарорлари билан олганини, ҳаммаси қонуний эканини айтаётганди. Кеча ҳокимбува иштирокида тарқалган видео эса ажойиб: “Бир киши норози бўлса ҳам, ташлаб чиқиб кетаман деб ваъда берганмидиз? Эркак бўлиб айтинг”.

Қизиға, ҳокимбуванинг олдига бориб, “шу ерда мана шунча ер бор, ҳаммани рози қилдим, ҳеч ким норозилик билдирмайди”, деса, ер бериб юборилавераркан-да? Ундан ҳам қизиғи, тўсатдан бир киши норозилик билдириб қолса, тамом, сан шунча қилиб қўйган харажат куярмиш-да, “эркак бўлиб”, “100 кишининг олдида берган ваъда”нгга вафо қилиб, ташлаб чиқиб кетишинг керакмиш.

Бу манзарани кўриб, булар қандайдир қонун-қоидага таяниб ҳам иш қиладими ё ҳаммаси “эркакча ваъда бериш” устига қурилган жунглими бу, деб ўйланиб қоласан киши. Йўқ, ишониш қийин-да ростдан ҳам – бирор нарса қиламан десанг, мингта ҳужжат, мингта кафолат сўрайдиган давлат қандай қилиб тадбиркорнинг битта гапига ишониб унга яшнаб турган ерни беради?

(Тўғри, бу томошанинг фақат биз кўрган қисмидир балки, парда ортида “нопок” дея таърифланган, “бошқа одобли тадбиркорлар”нинг ҳам юзини қора қилаётганликда айбланган тадбиркорга одамлари индамас бошқа бир жойдан яшнаб турган ер берилар)

Иккинчи қизиқ янгилик – Файненшл Таймснинг Ўзбекистон Европа Иттифоқининг олдида россиялик миллиардер Алишер Усмоновга “адвокатлик” қилаётгани ҳақида. Ҳали расмий воизларимиздан бирортаси буни рад этиб чиқар ҳам, ҳақиқатан ҳам “ғирт ёлғон”дир бу. Аммо, айтишларича, “шамол бўлмаса, дарахтнинг учи ҳам қимирламасмиш”.

Самарқанду Тошкентда казо-казоларни йиғасан, уларга 70 минг сўмлик сомсаларни едириб, иқтисодий форум-морумлар ўтказасан, “бизга инвестиция киритинг, ҳаммаси зўр бўлади”, деб ваъдалар берасан, керак бўлса шу Файненшл Таймсу Евроньюсларда буюртма материаллар чиқарасан бу қандай мафтункор юрт, бўлажак Осиё йўлбарси ҳақида.

Кейин, буёқдан, санкцияларга ботиб кетган бир шубҳали миллиардерни ҳимоя қилиб юрганинг ҳақида гап чиқади. Тўғри, ўзимиздан чиққан бу бойвочча. Лекин санга фақат шунинг пули керакми ёки шунга ўхшаган яна бошқа ўнлаб бойларнинг пули керакми? Бир шубҳали бой учун шунчалик ҳаракатни кўр ақли-ҳуши жойида инвестор келмаса керак Ўзбекистонга. Чегирмасига фуқаролик берсанг ҳам.

Ҳар ҳолда, ўша келиб, пул тикмоқчи бўлган ўйласа керак: “Бугун булар ўзининг бутун обрўси, иқтисодиётини хавф остига қўйиб, ўзи ҳам санкциялар остида қолиб кетиши мумкин бўлса-да, “у Ўзбекистонга инвестиция кирита олмаяпти-да”, деган баҳона билан Алишергинани санкциялардан чиқармоқчи, эртага ман борсам, ҳай, пул тиксам, бир яхши ишни йўлга қўйсам, иш ҳам юриб кетса, кейин бу ишим ўша миллиардерга ёки унинг миллионерчаларига ёқиб қолса, яхшиликча кўнмасам... яна шу “адвокатлар” мани ишимни олиб, унга олиб беради-да”, деб, масалан (“Тошкентга саёҳат”даги “доруси бўлса-ю, сизга кор қилмаса-чи”дан бўлиб кетди-ю, лекин фалон миллион пулни тикадиган одам ўша хизматчидек ўйласа керак, манимча).

Хуллас, ғалати бу ишлар. Ҳай, буларни ўйлагандан кўра ашула эшитамиз: