2023-01-03 04:06:02
МУРШИДИ КОМИЛ
ҲИКМАТЛАРИ (36)
Доктор, профессор, Шайх
МАҲМУД АСЪАД ЖЎШОНраҳматуллоҳи алайҳ ҳазратларининг
сўзларидан сайланма
* * *
Агар биз, ўзимизда мавжуд бўлган бир камчиликни айтиб, иш бошлашимиз лозим бўлса, энг биринчи айтишимиз зарур бўлган муҳим нарса – бир-биримиз билан муҳаббатли бўлмоғимиз масаласидир.
* * *
«Мен ўлсам, менинг биродарларим бола-чақамга, оиламга қарайди», дейдиган даражада қадрдон бўлайлик.
* * *
Бир биродаримизда бирон камчилик кўришимиз мумкин. Аммо айбни дағаллик билан, қўполлик билан айтмайлик, севиб, яхши кўриб айтайлик. «Мен сенда шундай бир нуқсон кўряпман. Бу менга нуқсон бўлиб кўриняпти. Балки, мен билмаган бирор томони бордир?» деб ундаги бу айбни тузатайлик. Камчилик бўлса, тузатмоқ лозим; бўлмаса, бу иш битсин.
* * *
Бизнинг энг биринчи сифатимиз мусулмонликдир, аҳли иймон бўлганимиздир.
* * *
Қўширноқ ичида биз хилма-хил шахслар бўлишимиз мумкин. Аммо қўштирноқ ташқарисидаги умумиятимиз, ҳаммамиз учун муштарак бўлган томонимиз мусулмонлигимиздир. Аввал мусулмон бўлишимиз масаласи туради.
* * *
Энг биринчи инсон – ҳазрати Одамгача бўлган бутун пайғамбарларнинг умумий сифати Исломдир! (Уларга салот ва саломлар бўлсин). Умумий сифати Исломдир дегани – ўз шахсларини Аллоҳга элтадиган йўлга солганлар, шу йўлдадирлар, дегани; ўзларини Аллоҳнинг иродасига таслим этганлар, ўз шахсий фикрлари, нафслари, ақллари, йўналиши, раъйи билан эмас, балки Аллоҳнинг амри билан, Аллоҳнинг амрига итоат этган ҳолда: «Бас, мен ўзимни буткул Унга таслим этдим, У не деса, шуни қилгайман», деган туйғу билан яшаганлар, дегани бу!
* * *
Инсон ишни калималардан, яъни сўзлардан, уларнинг ўзакларидан бошласа, маъноларни теранроқ тушуна боради.
* * *
Биз ўз орзу-ҳавасимиз ортидан кетмоқни истамаймиз, Аллоҳнинг амрини, истагини, буйруғини бажо келтирмоқни истаймиз. Ўзимизни саломатга элтадиган йўлга кирганмиз, ўзимизни Аллоҳга таслим этганмиз. Бизнинг асл тавсифимиз шудир.
* * *
Инсон ё Аллоҳнинг сўзига, ёки аксинча, ўзининг сўзига юради. «Ўз» сўзи эса арабчада «нафс» деган нарсадир. Биз, ўз нафсимизнинг сўзини, фикрини, ақлини, орзу-истагини эмас, балки Аллоҳнинг амрини, буйруғини таржиҳ этган – устун қўйган бўламиз. Бу муҳим бир ишдир.
* * *
Мусулмон киши, бир қарашда, ўз нафси билан мужодала қилаётгани – курашиб яшаётгани учун гўё озод эмасдек туюлади. Аммо бу ҳолат Аллоҳнинг амрига тобеълик туфайли бўлиб, бу ўзгача бир озодликдир!
Мусанниф:
Мирзо Кенжабек
Мирзақул бўлиш жомеъ масжиди расмий канали
https://t.me/mirzaqul_bolish
608 viewsҚАЛБ ТАСКИНИ, 01:06