Get Mystery Box with random crypto!

Юқори инфлация ва камбағаллар. Юқори инфлация ёки юқори сура | Mirkonomika

Юқори инфлация ва камбағаллар.

Юқори инфлация ёки юқори суратларда ошаётган инфлация кўп ҳолларда нисбатан даромади паст аҳоли қатламини кўпроқ жазолайди. Хусусан юқоридаги графикда йил бошидан буён Буюк Британияда инфлация даражаси ҳамда турли даромад гуруҳлари даромадининг ўсиш темпи тасвирланган. Хусусан март ойидан буён, ўртача иш ҳақи йиллик ҳисобда 6% дан ўсган, энг кам даромад топувчи 10% аҳоли қатлами даромадларининг ўсиш темпи эса 1% ни ташкил этган,холос. Таққослаш учун бу даврда йиллик инфлация даражаси 7% да паст бўлмаган. Бу даврда(умуман инфлация ўсишни бошлаганидан буён) даромадлари инфлация даражасидан юқорироқ ўсган ягона гуруҳ бу энг кўп даромад топувчи 1% аҳоли қатлами бўлган. Яъни инфлациянинг юқори суратларда ўсиб бориш ҳолатида фақатгина энг юқори даромад эгалари ўзларининг реал даромадлари пасайиб кетмаслигига эришган холос, бошқа даромад гуруҳларининг реал даромадлари эса пасайган(яъни уларнинг даромади инфлациянинг ўсиш темпидан сезиларли даражада секин бўлган(айниқса энг кам даромад топувчи 10% аҳоли қатлами бу ҳолатни ўғирроқ ҳис қилган)). Инфлация суратлари юқори суратларда ошиб бораётган бошқа (ривожланган) давлатларда ҳам Британиядаги ҳолатга яқин ҳолатни кўришимиз мумкин. Яъни инфлация нисбатан камбағалларни кўпроқ жазоламоқда.

Мамлакатимизда инфлация даражаси Ғарб мамлакатларидаги каби юқори суратларда ўсиб бораётган бўлмасада, бизда узоқ вақтдан буён юқори инфлация муҳити ҳукмрон. Умуман олганда биз каби нисбатан даромад даражаси паст бўлган давтларда паст даромадли аҳоли даромадларининг асосий қисми озиқ овқат товарларига сарфланади. Мамлакатимизда эса айнан озиқ овқат маҳсулотларининг инфлацияси юқори ҳисобланади. Бошқача айтганда даромадининг 60-70% қисмини озиқ-овқатга сарфлайдиган паст даромадли инсон, даромадининг 15-20% қисмини озиқ овқат маҳсулотларига сарфлайдиган бой инсонга нисбатан инфлацияни кўпроқ ҳис қилади, инфлация унинг фаровонлигини кўпроқ пасайтиради. Бундан ташқари, нисбатан паст малакали ишчи кучига бой бўлган мамлакатда паст даромадли ишчиларнинг ойлик маошларини ошириш учун иш берувчи билан музокара олиб боришда имкониятлари юқори эмас. Яъни юқори (айниқса юқори озиқ-овқат) инфлацияси сақланиб қолишидан нисбатан камбағаллар кўпроқ зарар кўради.

@Mirkonomika