2022-09-04 06:42:32
Ўғлим иккимиз югуриб ҳовлига чиқдик. Қарасак эшик қулф...
Нима қиларимни билмай ҳовлида туриб олганча бақирдим: Ёрдам беринг, одамлар ёрдам берииинг!, дея. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас ҳовлининг дарвозаси тақиллади.
– Тинчликми, нима бўлди? Эшикни очинг, кимсиз? Толиббойга ким бўласиз? деди ташқаридаги одам.
– Мен... мен ҳеч ким, уйини тозалашга келганман. У менга ташланди, қочишим керак, ёнимда болам бор, илтимос, ёрдам беринг, калитни тополмаяпман, дея ёлвордим.
– Синглим, қўрқманг, қўрқманг, мен шу ердаман, ҳозир, ҳозир милиция чақираман, сиз фақат қўрқманг, хўпми? Болангизни қўрқитиб юборяпсиз, йиғламанг, синглим, мен шу ердаман, ҳозир, ҳозир очамиз, эшикни.
Уй ичкарисидан сас-садо йўқ. Болам иккимиз қўрқув ва совуқдан дағ-дағ титрардик. Бу орада милиция машинаси етиб келди ва темир дарвозани бузиб очишди. Кейин биргаликда уй ичига кирдик. Боламни қўшни хотин ушлаб турадиган бўлди. У ая, аялаб йиғлаганча қолди. Уйга кирсак, ҳалиги тўнғиз ошхонада ўша жойда хуррак отиб ётар, боши қонга беланган эди. Шундагина уни ўлдириб қўйишим ҳам мумкин эдику, деган хаёл миямга келибди.
Бизни сўроқ қилишди, тушунтириш хати ёздик. Кейин ёрдам сўраганимда биринчи бўлиб етиб келган ҳалиги одам ўғлим иккимизни машинасида ижара уйимизга олиб бориб қўйди...
Энди ақлим кирганди. Эндигина тушунгандим шунча йил болаларим, уларнинг келажаги учун яшабман, тирик етим қилмай, дебману аслида, фарзандларимнинг истиқболига ўзим болта урибман. Ҳеч бир онага, ҳеч бир аёлга, ҳатто душманимга ҳам бундай қисматни раво кўрмайман. Болагинам беш ёшида, бир кунда, бир лаҳзада улғайиб қолди. Ўзи билмаган ва ўзи истамаган ҳолда кўзи очилди. Онасини... шундай ҳолатда кўрганидан бери жим, хомуш, ҳеч кимга қўшилмайди, аввалгидек бағримга отилиб, кечалари Қўлингизни ушлаб ётай, аяяя! дея эркаланмайди, ўртоқларига қўшилиб ўйнамайди, қиқирлаб кулмайди. Яхшиям, акаси расм чизишни ўргатиб қўйгани, ҳар куни боғчадан келиши билан дафтар-қаламини чиқариб расм чизишга тутинади, шу билан дунёларни унутади.
Уни кечирмадим. Умримнинг ўн йилини ўғирлаган, ҳаётимни дўзахга айлантирган, айбсиз айбдорлик юкини бир умр елкамга ортмоқлаб юришга маҳкум қилган одамни кечирмадим. Уни эрим дейишга тилим бормай қолди. Ўша куни уйга қайтишим билан юк-жандуғимни йиғиштираётиб бу гапни ўзига ҳам айтдим: Бугундан бошлаб мен сенинг жуфти ҳалолинг эмасман! Билиб қўй, мен ҳозир бировнинг қўйнидан чиқиб келяпман, сенга хиёнат қилдим, юзингга тупурдим, эшитяпсанми?! Сен айбдорсан, билдингми, сен айбдорсан! Мен бундай бўлишини хоҳламагандим. Ўн йил яшаб бирор марта юзингга оёқ қўймадим, шаънингга заррача доғ туширмадим! Лекин сен билмадинг, билмадинг, буни! Бугунгиси охирги нуқта бўлди...
Эрим бироз анграйиб турди, кейин эса Нега? Нима бўлди? Бу нима деганинг? Нима учун бундай қиляпсан? Қанақа хиёнат? Ишонмайман, ёлғон гапиряпсан! Мен билан яшашни истамай қолган бўлсанг, бошқа баҳона топ, бундай деб дилимни оғритма..., деб ёлворишга тушди. Оёғимга тиз чўкди, Энди ўзгараман, ишлайман, сенларни ўзим боқаман, кетма, болаларимдан айирма, мени... лаб йиғи-сиғи қилди. Кеч эди, жуда кеч эди. Чунки мен бу қарорга ўзим, ўз хоҳишим билан келмадим, тақдир мени шу ергача олиб келди, оиламиз аллақачон қулаб бўлганини, энди бир том остида яшаш имконсизлигини юзимга ойна тутиб, ўша юзсиз эркак мисолида кўрсатиб берди.
Давоми бор...
2.4K views03:42