Get Mystery Box with random crypto!

​​Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги таркибига кирувч | Maktab | Rasmiy kanal

​​Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги таркибига кирувчи мактаблар педагоглар имтиҳонини ҳам нохолис ўтказдими?

Айтишларича, ҳудудлардаги агентлик таркибига кирувчи ихтисослаштирилган ҳамда ижод мактаблардаги вакант лавозимларга танлов эълон қилинган.

Синовлар тест ва суҳбат шаклида ўтказилган. Талабгорларни суҳбат қилиш учун ҳудудлардаги Президент мактаби ўқитувчилари жалб қилинган.

Яъни, бир нафар суҳбат ўтказувчи шахс, бир мактабга ишга кирмоқчи бўлган барча талабгорларни суҳбат қилмаган. Ҳаммани турли хил шахслар суҳбатдан ўтказган. Табиийки, бу ҳолатда талабгорларнинг барчасига бир хил холис баҳо бериш қийин.

Майли бу бошқа масала. Бир мурожаатчининг айтишича, у биринчи тоифали ўқитувчи, IELTS сертификатига ҳам эга. Тест синовидан муваффақиятли ўтган. Билимини ҳар қандай вазиятда ҳам исботлаб беришга кучи етади.

Аммо у талабгор шу каби ютуқлари борлигига қарамай ундан пастроқ балл йиққан, иккинчи тоифага эга, IELTS сертификати ҳам мавжуд бўлмаган талабгор ишга қабул қилинган. Синовлардан муваффақиятли ўтган талабгор эса захирада қолган.

Яна бир мурожаатчининг айтишича, тест синовидан 82.5 бални қўлга киритган, 2 та саволда вариантлар нотўғри берилгани учун аппеляция ҳам берган. Аммо аппеляция кўриб чиқилмаган.

Шундан сўнг номзодга кейинги босқичга ўтганлиги ҳақида СМС хабарнома келган. Суҳбат бўлиб ўтган. Суҳбатда 4 та савол берилган. Талабгор эса барча саволларга тўлиқ жавоб берган.

Натижани билиш учун job.piima.uz сайтига кирганида эса умумий натижа 66.6 баллни кўрсатган. Натижада у талабгор ҳам ишга қабул қилинмай захирада қолган. Мурожаатчи 82.2 балл қандай қилиб 66.6 баллга айланиб қолганини тушунолмаяпти.

Айрим ҳолларда эса тест ва суҳбатдан юқори натижаларни қайд этган талабгорлар қолиб, паст балл йиққан номзодлар ишга қабул қилинган. Йиғилган балларнинг аҳамияти бўлмаса, унда номзодлар самарадорлигини баллик тизимда баҳолашнинг нима кераги бор демоқда мурожаатчи.

Энди Ихтисослашган таълим муассасалари агентлигига савол:

1. Ихтисослашган мактабларга педагог ва раҳбар ходимларни саралаб олиш бўйича алоҳида низом тасдиқланганми?

2. Ҳудудлардаги вакант лавозимларга педагогларни саралаб олиш тизимини шаффоф ўтказиш мақсадида видеокамера воситаларидан фойдаланилганми? Суҳбат жараёнлари ёзиб олинганми?

3. Талабгорларни суҳбатдан ўтказиш учун Президент мактаби ўқитувчилари жалб қилиниши қанчалик тўғри? Улар бу бўйича мутахассисми ёки оддий педагог? Бунинг ортидан таниш-билишчилик кучайиб кетмаслигига қандай кафолат бор?

4. Суҳбат жараёни шаффоф бўлганми? Яъни, суҳбатда қатнашган талабгорлар бошқа номзодларнинг қандай қилиб суҳбатдан ўтаётганини кузатиши учун шароит яратилганми?

5. Нега Ихтисослашган таълим муассасалари агентлигининг +998712074048 ҳамда +998712072017 ишонч телефонлари шикоятчиларнинг мурожаатига жавоб бермаяпти?

5. Ўзи нима учун Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги томонидан ўтказилаётган ҳар қандай синовлар ортидан шикоятлар кўпайиб кетмоқда?

@xalqtaliminfo

Kanalimizga obuna bo‘ling!

https://t.me/maktab_daa