2021-02-07 10:41:10
Мана шу суратни кўриб, севимли шоирим Шавкат Раҳмоннинг қуйидаги шеърини эсладим.
Аллоҳ таоло Шавкат Раҳмоннинг гуноҳларини мағфират қилиб, раҳматига олсин! Қандай ҳам буюк шоир эди!
ТУТЗОР ХОТИРАЛАРИ
Тутлар —
каллакланган биродарларим,
осмонга бош тираб турибсиз ҳамон,
майишган тимсоҳдай баданларингиз,
даҳшатли қудратла эзгандай осмон.
Турибсиз
ҳабаший қуллардай маҳзун,
йўқ, туркий шевали паҳлавонлардай,
қадимдан боболар қолдирган дузни
ҳар турлук балодан сақлаётгандай.
Тилимни,
дилимни билган ўзларим,
дузларда қопкетган содда нарларим,
шамол бўлай дердим тўзғитайин деб
бошингиз устида сузган дардларни.
Бугун-чи,
бир зумга тут бўлганим келди,
осмонни кўтариб турай бир нафас,
сиздай посбон бўлиб асрайин элни,
мен-да замин билан пинҳон сирлашай.
…Тўсатдан қоматим қисирлаб кетди,
сизлардай майишдим, бироқ синмадим,
осмоннинг бўлаги тушди елкамга,
тупроққа ботдиму бутгул сингмадим.
Воҳ, ер тагидаям боболар эрдир,
шу лаҳза тиғ мисол илдизларимга
кифтларини тираб тасалли берди,
кўзингни узма деб юлдузларингдан.
Энди мен ҳам тутман,
қувват берар ер,
шоҳларим гуркираб ўсган чоғида,
енгилроқ бўлсин деб,
қийналмасин деб,
каллаклаб туришар мени гоҳида.
Аммо мен —
азалдан исёнкор бола,
қанчалик тутақиб чопқи урсалар,
ҳар чопқи зулмидан янги руҳ ола
шохларим шунчалик ўсар гуркираб.
Айтарсиз,
бу қадар исён қаёқдан,
аммо тут дардини билажак тутлар,
фақат темир косов турар таёқдай
одамлар ит каби байланган юртда.
Боболар хокларин тўнғиз босипти,
қум каби тўзғиган қадим ҳудудлар,
золимга басма-бас ўсмоқ лозимдир
одамлар тупроққа айланган юртда.
Кессалар кессинлар,
чандон ўсармиз,
эркимиз борлигин кўриб қўйсинлар.
Ҳар баҳор чоғида чандон жўшармиз,
золимлар зулмга қараб тўйсинлар.
Ўсмасак,
келипти балоғат гали
тиғ каби илдизлар ердан узилар,
бу ғариб масканда асқотар ҳали
довюрак ботирлар учун гурзилар.
Шавкат Раҳмон.
(Афсуски, бу телефон тутганлардан на ботирлар ва на улар учун гурзи чиқади. Булар тўнка бўлиб, устида биров ўтиришига ярасаям катта гап!)
Маҳмуд Усмон
927 views07:41