Get Mystery Box with random crypto!

КУННИНГ ОЯТИ Моида сураси, 90-91-оят (маъноси): (Аъувзу билл | Мирзо Кенжабек ижодхонаси

КУННИНГ ОЯТИ

Моида сураси, 90-91-оят (маъноси):

(Аъувзу биллоҳи минаш-шайтонир-рожийм)

90. Эй иймон келтирганлар! Ичкилик (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар(1), омад (фол) ўқлари (ва қуръалари, ошиқ-маъшуқ тошлари) шайтонга (ва ёмон инсонга) хос бўлган нопок ишлардир; бас, булардан сақланинглар, токи нажот топгайсизлар(2).
91. Шайтон ичкилик ва қимор орқали фақатгина орангизга душманлик – адоват ва нафрат солишни, сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди (булардан тамоман) воз кечарсизлар?!

ИЗОҲ.
(1) Парвардигорнинг амрлари ва Улуҳияти қаршисида тикланган ҳамма нарса, ҳатто, бутга айланган ақл ва нафси аммора ҳам шунга киради (қаранг: 25:43; 45:23).

(2) Бу оятда қимор ва ичкилик-ароқ қатъиян тақиқлангандир. (2:219; 4:43; 16:67) Бошида ким ютиши маълум бўлмаган, фақат охирида бир томоннинг озми-кўп моддий ютқизиғига ёки ютуғига сабаб бўладиган ҳар қандай ўйин қимордир. Ўзимизни ва наслларимизни булардан қутқармоғимиз шарт.
Ичкилик билан боғлиқ уч босқичдан кейин сўнгги тақиқ бўлган бу оятга келсак, энди шароб (ичкилик)нинг қатъиян ҳаром эканлиги эълон қилинди. Шунда қўлида қадаҳи бўлган ҳар киши уни синдирди. Оғзида бир қултуми бўлган киши уни ташлади ва оғзини тозалаб ювди. Май кўзалари-хумлари ҳам синдирилди, кўчаларда шароб оқди. Ҳамма бир оғиздан: «Тарк этдик, ё Рабби!» – дедилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Маст қилувчи ҳар қандай нарсанинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромдир» дедилар. Шундан кейин Аллоҳнинг ва Пайғамбарнинг бу тақиқ амрига қатъий иймон келтирганлар риоя қилиб келмоқдалар. Яна бу ояти карималар билан жоҳилия давридаги ҳар турли бут – ҳайкал, қимор ва қимор туридаги омад ўйинлари, халта ичидан тортиладиган рақамли ўйинлар – гарчи муҳтож-камбағалларга ёрдам учун бўлса-да, ҳаммаси ман этилгандир ва ҳаромдир. Буларнинг ҳаммаси ақлни пардалайдиган, Аллоҳга бандаликни унуттирадиган, шахсиятни ва руҳни булғайдиган нопокликдир (қаранг: 22:30 ва изоҳи). (Ҳасан Таҳсин, “Файзул-Фурқон”.)

•┈❁✿❁┈•
@xojagon_uz
@m_kenjabek
•┈❁✿❁┈•