Get Mystery Box with random crypto!

У пиёда кета бошлади. Оралиқ масофа беш–олти юз метр бор эди. | 📚 🇺🇿Ҳикоя ва қиссалар 🇺🇿 📚

У пиёда кета бошлади. Оралиқ масофа беш–олти юз метр бор эди. Ўн минутга қолмай бозор дарвозасига етиб борди. Кўчага қараган дўконларга қараб бораркан, таниш номга кўзи тушиб, енгил тин олди.
Дўконда Олимжон харидорлар билан савдо қилиб турар, Мубина эса кассада ўтириб нархни хисобларди.
–Ассалому алайкум!–салом билан кириб борди у.
–Келинг синглим!–Олимжон дарров алик олиб уни қаршилади.
–Гуласал келавер, бу ёқдаман!–Мубина уни ўзига чорлади. Олимжон шундагина бу қиз хотинининг дугонаси эканини пайқади.
–Хорма энди Мубина. Катта савдогарлардек кассага ўрнашволипсану.
–Ха, хўжайин борлигида нархлар билан танишволай. Ўзимиз қолганда довдираб қоламан бўлмаса.
Олимжон харидорларни кузатиб бўлиб, уларга яқин келди. Мубинанинг гапини эшитган шекилли унга далда берди:
–Довдирамайсан. Нотбукка қара, экзел файлни очиб қўйганман. Контрил билан эф тугмани боссанг қидирув ойнаси очилади. Махсулот номини ёзсанг нархи билан кўринади, сотаверасан.
–Шошманг, контирил билан эф дедингизми?–қиз дарров синаб кўра бошлади.–Ха, очилди. Қани, қидириб кўрайчи. Масалан, “дена” шарбати. Ие, ростанам чиқди нархи. Бўлди, осонаканку!
Мубина катта ишни қойиллатгандек хурсанд бўлиб кетти. Эрига эса “кўрдингизми эплайман” дегандек мақтаниб қаради.
–Қийин жойи йўқ. Мен ўн иккида чиқиб кетаман. Унгача сизлар абед қилиб олинглар. Подвалга жой қилинган, хозир кабобпаз кабоб олиб келади, телефон қилиб айтиб қўйганман. Ўша ерда тефалга сув қўйганман, қайнаса чой дамлаб оласизлар.
–Мен еганимни ташлаяппану, кабоб ёқмаса керак.–Мубина кафти билан оғзини беркитти.
–Аввал еб кўрчи. Кеча кабоб егим келяпти дегандингку. Ёқмаса, ўша ерда қутиларда хар хил ширинликлар бор, истаганингни танлаб еяверасан. Ана, кабобпаз келяпти, тушаверинглар пастга.
–Мубина, юклимисан? –Гуласал уни қўлидан тутиб, зинадан олиб туша бошлади.
–Э–э, кўрмайсанми, еганимни ташлаяппан. Овқат хидига тинмай ўқчийман.
–Буни йўли осонку, қўшнимиз бир иш қиларди. Бурнига пахта тиқиб оларди, бўлди, овқатни паққос туширарди кейин.
–Йўғе, фойдаси бўлармикан?
–Синаб кўрчи? Агар хидига ўқчисанг фойда берса керак.
–Бу ерда пахта йўқку, уйга борганда қиламан унда.
–Аптекадан олиб чиқайми?
–Сени овора қиламанми?
–Нимасига овора бўламан, икки қадамдаку.
Гуласал уни подвалга кузатиб қўйгач, аптекага чопди. Бир ўрам тоза пахта олиб қайтти. Дугонаси чой дамлаб турган экан. Дарров пахтани очишди, бир бўлакдан узиб олиб бурнига тиқиб олди. Бу фойда берди шекилли иштаха билан кабобни тушира бошлади. Улар овқатланиб бўлиб чой ичишаётганда кабобпаз яна ликопга кабоб солиб келиб қолди.
–Олимжон яна иккита заказ қилувди.–деди у ликопни қўйиб.
–Унда биз дўконга чиқа қолайлик а, совимасдан еб олсин?–Мубина ўрнидан қўзғолди. У бир икки қадам ташлаганди хамки кўнгли айний бошлади. Кафти билан оғзини беркитти,–ммм...
–Ха ўртақжон, қусгинг келяппи?
–М–м–м...–Мубина боши билан тасдиқ ишорасини қилди.
–Ўзингни чалғит дугонажон,–Гуласал бу борада хеч нарсани тушинмаса хам ўзини худди мутахасисдек тутиб маслахат бера бошлади.–Муздайроқ сув ичасанми? Сергак тортасан?
–Йўқ!–Мубина бош чайқади.
Улар дўконга қайтишгач, Олимжон пастга тушиб кетти. Ташқарида кун тандирдек қиздирарди, ичкарида эса совутгич хавони мўтадил сақлаб берарди.
–Робия холам тузукми?–Гуласал уни чалғитиш учун гапга солди. Дўкон хам бўшаб қолган, харидорлар йўқ эди хозирча.
–Аям инжиқ бўлиб қолган. Бу ёққа келаётиб бир калла суққандим, опамни мижғилаб, сувини ичяпти.
–Менга қара Мубина, опанг эри билан келишволиб шу сценарийни ўйнамаппи ишқилиб?
–Аниғини билмайман, менимча келишишмаган. Чунки, жиянимдан секин гап олсам дадам билан амаким роса уришишди. Кейин уйга кириб аямни тепди, деяпти. Ака–ука уй талашиб уришиб туришади тез–тез. Поччам ўзига уй–жой қуриш учун берилган ерни сотиб Нексия олволган. Ўшандан бери ака–ука жиққамушт бўлади. Бирон ишни бошидан тутиб пул топай демайди. Тўғри, гох–гохида таксига чиқиб Фарғонага одам ташиб қолади. Кейин яна айнийди, билярдхонада пиво ичиб, билярд ўйнагани–ўйнаган. Дадаси бўлгандаку бунақа такасалтанг бўлиб қолмасди. Онаси уни хеч йўлга сололмаяпти.