Get Mystery Box with random crypto!

#РУҲИЯТ     5.АЛ-ҚУДДУС, АС-СУББУҲ             | Лаа илааҳа иллаллоҳу

#РУҲИЯТ

    5.АЛ-ҚУДДУС, АС-СУББУҲ

             Муножот 

Олам ожиз эрур қилмоққа идрок,
АЛ-ҚУДДУС, ас-СУББУҲ эрур комил пок.

Муқаддас демоққа фақат Сен ҳақли,
Англар буни бўлса ҳар кимнинг ақли.

Нолойиқ сифатдан покдир Камолинг,
Айб-у нуқсондан пок Сенинг Жамолинг.

Бирор бир камчилик йўқдир Зотингда,
На феълинг, на ишинг ва на Отингда.

Мутлақо покдирсан ҳар бир жиҳатдан,
Хато-ю нуқсондан, уйқу, ғафлатдан,

"Адашар, янглишар, ожиздир", ҳатто,
"Бепарво" демоқ ҳам хатодан хато.

Қиёс қилсинлар деб яхши-ёмонни,
Синовлар ичига отдинг инсонни,

Ҳар бир нимарсанинг зиддин яратдинг,
Яхшига ёмонни қўшиб таратдинг.

Оқ-қора, кас-нокас, сахий ва бахил,
Садоқат-хиёнат, уришқоқ-аҳил,

Соғлиқнинг зиддига касал ҳам бўлди,
Заҳарнинг зиддига асал ҳам бўлди,

Юксаклик-тубанлик, жоҳил ва оқил,
Гўзаллик-хунуклик, золим ва одил…

Буларнинг барчасин яратдинг Ўзинг,
Эл фарқин билсин деб қаратдинг Ўзинг.

Аммо булардан ҳам аввал бор эдинг,
Покликда танҳо-ю бетакрор эдинг.

Тасаввурга сиғмас беғубор эдинг.
Барча пок номларга сазовор эдинг

Йўқ эди ҳеч нарса, Бир-у Бор эдинг.
ЖАББОР, ҒАФФОР, ҚАҲҲОР ҳамда ЗОРР эдинг.

Биз ночор бандалар уриниб ҳарчанд,
Ақлимиз, онгимиз ўйлаш билан банд,

Зотингни англашга ета олмаймиз,
Ҳаттоки, тасаввур эта олмаймиз.

"Суббуҳун Қуддусун" демоқдан ўзга,
Тил ожиз қолгайдир бошқа бир сўзга.

Ҳар қандай васфлардан кўра Олийсан,
Мутлақ покликка ҳам танҳо Волийсан.

Ё Қуддус, ё Суббуҳ, ё Рабб, ё Аллоҳ,
Нафсимиз, хулқимиз айлагил ислоҳ.

Поклик сифатингдан улуш бер бизга,
Каломингни жойлаб пок қалбимизга.

Расулинг хулқидан олиб биз ибрат,
Жаннатинг йўлида қилайлик ғайрат.

Шаҳобиддин Одил

 @laa_ilaaha_illallohu