Get Mystery Box with random crypto!

Пьер Реверди: “КУБИЗМ ЁКИ МАТОДАГИ ПОЭЗИЯ” Эрталабки газетала | Kino san'ati

Пьер Реверди: “КУБИЗМ ЁКИ МАТОДАГИ ПОЭЗИЯ”
Эрталабки газеталарни варақласа, ҳеч ким газетчи бўлиб қолмайди. Аммо кубистлар ҳақида қарғишларсиз бирон-бир нарса ёзсанг, дарров кубистга айланасан-қоласан...
Рассомлар ўрин алмашиб туради, худди шоирлар каби. Рембо ёки Малларме сўз эстетикасини қачон ўзгартириб ташлагани эсимиздан ҳам чиқиб кетгандир. Лекин бу нарса узоқ замонда бўлиб ўтмаганди.
Пикассо мутлоқ янгилик ҳисобланган асарларини намойиш қилганда, Рембо ва Малларме фикрлари ҳамманинг хаёлини банд қилиб турганди.
У шоирларнинг ҳақиқий ўрнини энди билишяпти. Уларнинг таъсирига тушмасдан, тарихдан сабоқ чиқариш вақти ҳозир. Бу кўпроқ Рембо билан боғлиқ.
Қўрқмас одам учун, яна олийжанобликни устун қўйиб, уни хорликдан қизғонадиган рассом фойдаси учун, Рембо йўлидан юриб тасвирий санъатни ким янгилади? Пикассо буни уддалади.
Бу вақтга келиб, фикрнинг ҳамма нарсадан устун эканига ҳеч ким шубҳаланмай қўйган эди. Шу пайтда тасвирий санъат ҳақ-ҳуқуқини таний бошлади.
Лекин поэзиянинг таъсирини бошқа таъсирлар билан таққослаб бўлмайди. У санъатнинг янги бўғинини кашф қилди яъни: тасвирий санъат тилидаги поэзия.
Ва унга кубизм деб ном беришди.
Ҳақиқатни булғаб кўрсатишдек, кундалик жирканчлик бўлмаса керак. Улар жирканч ғоя билан чиқишди: поэзия тасвирий санъат измидан юрганмиш. Бу ҳақда ҳатто ёзишганди. Аксинча, воқелик бундай тусда эмас. Шоирлар ўз йўлларидан кетмоқда.
Шоирлар биринчи бўлиб атроф-муҳит баёнидан тўхташди. Уларга кейин бу йўлда рассомлар тақлид қилишди.
Поэзия ҳамма вақт нарсаларнинг тугунини ечиб ва уларни қайтадан бир-бири билан тўқнаштириб, жой-жойига қўйиш бўлган.
Рассомлар буни предметлар мисолида тажриба қилишди ва уларни қуруқдан-қуруқ тасвирлаш ўрнига, улар ўртасидаги ўзаро боғликлик кашфига асосий ўрин беришди.
Натижада табиатга тақлид қилинмади: предметларни очиқлаш билан иш тўхтаб қолмади, аксинча предметлар янгича кўрина бошлади. Кўз ўнгимизда кашф санъати юзага чиқди.
Поэзия ҳар доим шу мақомда бўлган эди.
Матода предметни янги нарсага ўзгартириш, поэзияда аслиятдан таркиб топган ўхшаши йўқ ҳикмат кабидир.
***
Ақлга эгалик қилиш демак эстетика борлигини кўрсатади.
Эстетика деганда, мен доим ижод руҳини тушунганман.
Содир бўлган нарсани қайта жонлантириш учун тайёр нарсадан нусха кўчириш кифоя. Нусхакашга эстетика қизиқ эмас, натижа қизиқ. Усулнинг ўзлаштирилгани уни чуқур киришга ундамайди.
Шахсий ва жонли эстетикасиз ҳеч қандай янги бир нарса яратиб бўлмайди. Лекин ҳеч қайси нарса олдиндан тайёр эстетика мисолида кашф бўлмайди.
Эстетика иш жараёнида шаклланади ва ўзининг чўққисига чиқади. Рассомнинг ўсиши нарсаларнинг пластик имкониятларини кенгайтиришида билинади. Шоир эса ҳиснинг кучини энг охирги нуқталарга етказади.
Эстетика- жонли нарсага кириш учун восита.