Get Mystery Box with random crypto!

​​“ВОЙ НУСХАНГДАН ОГУР-ЭЙ” Ўзбек таржима ва дубляж санъати ҳа | Kino san'ati

​​“ВОЙ НУСХАНГДАН ОГУР-ЭЙ”

Ўзбек таржима ва дубляж санъати ҳамда маҳорати ҳақида гап кетганда кўз ўнгимга “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильми келади. Фильм дубляжида иштирок этган бетакрор санъат усталарининг маҳорати ҳақида эмас, мазкур фильм таржимаси хусусида икки оғиз гап айтмоқчимиз.

Ушбу комедияни ўзбек тилига истеъдодли таржимон Мирзиёд Мирзоидов ўгирган.

Бадиий фильм воқеаларида ўтмиш ва замон қаҳрамонлар ҳаётида уйғунлашган. Шу боис XVI аср одамининг тили билан ХХ аср кишисининг сўзлашувидаги сўз бирикмалари, услуб, иборалар, энг муҳими ҳар бир қаҳрамоннинг характерига мос тил ўзбекчага қойил-мақом қилиб таржима қилинган. Таржимон ўзбек тилининг ўзига хос жозибасини бутун бўйи басти билан кўрсатишни уддалаган. Баъзи бир мисолларга мурожаат қилсак.
Шоҳ Иван Васильевич режиссёр Якин билан мулоқотда шундай дейди:- “Как же тебя понять, коль ты ничего не говориш?”. Бир қарашда “Сени қандай тушунса бўлади, ахир ҳеч нарса демаяпсанку”, дегандек гап бу. Аммо таржимасини қаранг – “Ахир одамга ўхшаб сўзласанг тушунаман-да”. Нақадар ўзбекона ва ўша вазиятга узукка кўз қўйгандек тушган ибора.
Балконда эри Буншани (аслида шоҳ Иван Васильевични) кўриб қолган қўшни хотин гапини “Здрасьте, пожалуйста”, деб бошлайди. Энди бу гапнинг таржимасини эшитинг: “Вой нусхангдан огур-эй”.

Шурикнинг танноз актёр хотини подшога :- Вы очень темпераментный” деб эркаланади. Таржимаси эса қаҳрамон характери ва ҳаёт тарзига мос ҳолда: - “Сиз анчайин шўх одамга ўхшайсиз” деб ўгирилган.

Режиссёр Якин билан актёр хотин ўртасидаги диалогда шоҳ Борис роли устида гап кетганда, парда ортидан Иван Васильевич шитоб билан чиқиб ҳақиқий Борис шоҳ ҳақида шундай дейди: “Так он, лукавый, презлым заплатил за предобрейшее? Сам захотел царствовать и всем владети? Повинен смерди!”. Албатта бу ерда қаҳрамон XVI асрга хос тилда сўзламоқда. Энди таржиманинг равонлигини бир кўринг: -“Доғули, унинг қилмиши бадкирдорликдан иборат эди, ўзи подшолик қилиб ҳамма нарсага эга чиқмоқчи бўлди. Бу қилмиши учун ўлимга маҳкум!”

Энди ҳар ким ўз тилида ва жамиятда тутган мақомига мос тарзда гапириши лозим деган талабга ҳам бир мисол кўрсак. Қўшни хотин шоҳ Иван Васильевични эри Бунша деб ўйлаб зуғум қилиб турган жойида подшо: “Оставь меня старушка я в печали”- дейди. Ўзбекчаси: -“Мени ўз ҳолимга қўй кампир, ҳозир ўзимнинг дилим сиёҳ” сифатида ўгирилган. “Печаль”, “Печально” сўзларининг луғатлардаги биринчи маънолари сифатида қайғу, ҳасрат, ғам-ғусса, андуҳ, маъюс, хафа сўзлари берилган. Хўш, таржимон нега “дилим сиёҳ” сўзини танлаган? Эҳтимол мутарижим энг аввало хўш бу гапни ким айтмоқда, деган саволни ўз-ўзига берган бўлиши мумкин. Чунки, барчага ҳукми ўтадиган ҳукмдор қайғуга ботиб ҳасрат чекиб ўтирмайди-да. Унинг фақат дили сиёҳ бўлиши мумкин.

Тиш доктори Шпакнинг мол-дунёга бой хонадонига кирган ўғри Милославский: -“Это я удачно зашел”, дейди. Хўш айни ҳолатда ўғри ўзбек бўлгандан нима дерди? Ва фильм таржимони:“Жуда жойига тушибман-у!”, деган халқона гапимиз билан ўғрини “ўзбек”ка айлантиради.

Лифтда “зиндонбанд” этилган шоҳ нажот излаб чўқинади ва шу пайт лифт эшиклари очилади: -“Вот что крест животворящий делает!”. Келинг энди ушбу матнни сўзма-сўз таржима қилайлик:- “Мана тирилтирувчи хоч нималар қилмайди!”. Энди таржимоннинг маҳоратига диққат қилинг: -“Иймон ишончнинг хосияти шу эрур!”.

Хуллас бугун таржима қилинаётган хориж фильмларининг қуруқ, ўзбекча истилоҳлардан холи ва қашшоқ тилидан тўйиб кетган томошабин “Иван Всильевич касбини ўзгартиради” сингари фильмларни мароқ билан кўриб, соғиниб эсласа керак.

Жалолиддин Сафоев.
журналист

@platformauzb