2024-04-29 12:37:50
Туғишган ёки ота бир ака-ука ва опа-сингилларнинг ҳукми
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:يَسْتَفْتُونَكَ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِي الْكَلَالَةِ إِنِ امْرُؤٌ هَلَكَ لَيْسَ لَهُ وَلَدٌ وَلَهُ أُخْتٌ فَلَهَا نِصْفُ مَا تَرَكَ وَهُوَ يَرِثُهَا إِن لَّمْ يَكُن لَّهَا وَلَدٌ فَإِن كَانَتَا اثْنَتَيْنِ فَلَهُمَا الثُّلُثَانِ مِمَّا تَرَكَ وَإِن كَانُوا إِخْوَةً رِّجَالًا وَنِسَاءً فَلِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنثَيَيْنِ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ أَن تَضِلُّوا وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
«Сендан фатво сўрайдилар. Айт: «Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво беради: бир одам ўлса-ю, унинг фарзанди бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолган нарсанинг ярми. Агар сингилнинг фарзанди бўлмаса, у ҳам унга (тўлиқ) меросхўр бўлади. Агар сингиллар иккита бўлса, уларга марҳумдан қолган нарсанинг учдан иккиси. Борди-ю (меросхўрлар) эркагу аёл бўлсалар, бир эркакка икки аёл улушича. Аллоҳ (буни) адашмаслигингиз учун баён қилмоқда. Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчидир» (Нисо сураси, 176-оят).
Ояти карима ишора қилган ҳолатлар
• бир киши вафот этиб, ортидан туғишган ёки ота бир сингил қолса ва марҳумнинг асли – ота-бобоси ҳам, фаръи – фарзанд-набираси ҳам бўлмаса, ушбу туғишган ёки ота бир сингилга мероснинг ярми тегади;
• агар бир киши вафот этиб, ортидан туғишган ёки ота бир икки ёки ундан кўп опа-сингиллари қолса ва марҳумнинг асли ҳам, фаръи ҳам бўлмаса, туғишган ёки ота бир икки опа-сингиллар мероснинг учдан иккисига ҳақли бўладилар;
• агар бир киши вафот этиб, ортидан туғишган ёки ота бир ака-ука ва опа-сингиллар аралаш қолишса, улар «бир эркакка икки аёл улушича» қоидаси асосида меросни ўзаро тақсимлаб олишади;
• агар бир аёл вафот этса, ортидан асли ҳам, фаръи ҳам қолмаса, туғишган акаси бўлса, у молнинг ҳаммасини олади. Агар ака-укалари биттадан кўп бўлишса, молни сонларига қараб ҳаммалари тенг тақсимлаб олишади.
Ота бир ака-ука ва опа-сингилларнинг ҳукми, туғишган ака-ука ёки опа-сингиллар бўлмаган ҳолатда худди шундай бўлади.
«Ислом шариатида мерос илми» китобидан https://islom.uz/maqola/22092 @islomuz
15.0K views09:37