Get Mystery Box with random crypto!

Ассаламу алайкум ҳурматли телеграм саҳифамиз аъзолари! Куни ке | Ислом молияси | Islom moliyasi

Ассаламу алайкум ҳурматли телеграм саҳифамиз аъзолари! Куни кеча “Бир мeтр матони ўз жинсидаги бир ярим мeтр матога алмаштириш мумкинми?” деб савол қўйган эдик. Афсуски, рибога оид бу саволга 28 фоизгина одам тўғри жавоб беролган. Шу сабабли биз бу масалани бироз ёритиб беришга қарор қилдик.

Демак, рибони тушуниш учун, қайси нарсаларда рибо бўлиши, нималарга рибо маҳсулоти сифатида қаралишини билиш зарур. Қуръони карим рибодан қайтарган, лекин қайси нарсаларда рибо бўлиши ҳадиси шарифда тушунтирилган. Ўз навбатида уламолар бизга ҳадисни тушунтириб беришган.
Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: У зот айтдилар: “Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз тенгга-тенг, қўлма-қўл (сотинглар). Энди агар ушбу моллар бир хил бўлмаса-ю, қўлма-қўл бўлса, хоҳласангиздек сотаверинглар”.
Баъзи уламолар рибо маҳсулотларини ҳадиси шарифда келган олти нарса билан чегаралайдилар: тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо, туз. Лекин аксар улармолар ушбу олти нарса билан чегараланишни тўғри деб билишмайди, чунки ҳадисда рибо маҳсулотлари олтита дейилмаган, балки олти нарсадаги рибонинг ҳукми айтилган дейишади. Бу олти нарсани саналишини, ўша вақтларда олди-бери ушбу нарсалар воситасида амалга оширилганлиги билан изоҳланади. Хуллас, фақиҳлар яна қайси нарсаларда рибо бўлишини ўрганиб чиқишган.

Ҳанафий мазҳабида рибони аниқлаш учун иллат (асос) маҳсулотнинг миқдори ва жинси ҳисобланади. Демак, ҳанафийларда рибо кайлий ёки вазний нарсаларда бўлар экан. Масалан:

Кайлий бўлган таом/егуликлар: буғдой, арпа, хурмо, туз, гуруч, ловия ва мош кабиларда.

Вазний бўлган таом/егуликлар: гўшт, сарёғ кабиларда.

Таом бўлмаган кайлий: цемент, охак кабиларда.

Таом бўлмаган вазний: темир, қўрғошин, мис.

Вазний пул: тилла ва кумуш.

Рибовий молларнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам баробар. Бир хил жинсдаги рибовий молнинг яхшисидан озроққа ёмонидан кўпроқ бериш мумкин эмас. Бироқ, кайл (махсус идиш) билан ўлчанадиган нарсаларда орадаги фарқ ярим соъ (таҳминан 1900 граммга тенг) ва ундан кўп бўлсагина рибо (рибо ал-фазл) бўлади. Ундан кам бўлса муаммо йўқ. Масалан бир ҳовуч буғдойни икки ҳовуч буғдойга алмашса бўлади, чунки бир икки ҳовуч дон ярим соъ чиқмайди. Лекин вазн билан ўлчанадиган нарсаларда зиёдалик 2,975 граммга етса, рибо хосил бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб Кифоя китобида* кайл ва вазн билан ўлчанадиган молларда рибо бўлади, метри ва қийматига қараб ўлчанадиган газлама, ҳайвонлар, уй-жой, асбоб-анжом каби нарсаларда эса рибо бўлмайди дейилган. Масалан бир хоналик уйни икки хоналик уйга, бир қўйни икки қўйга ёки бир метр матони икки метрлик матога алмаштириш мумкин, бунда ҳеч қандай муаммо йўқ.

Бу масалада "Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати ҳам қуйидагича жавоб берган:
“Шариатни Аллоҳ таоло белгилайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни баён қилиб берганлар. Мужмал ўринларини мужтаҳидлар шарҳлаб берганлар. Шуларга асосан саноқли ва узунлик ўлчовларида рибо йўқ. Аллоҳ хоҳлаган нарсасини ҳаром қилади, хоҳлаган нарсасини ҳалол қилади. Ҳикмати Ўзига аён. Валлоҳу аълам!”.

Манба: Кифоя китобида ҳамда https://azon.uz/content/views/fiqh-ilmiga-kura-ribo-mollarining-tasnif да берилган маълумотлар асосида тайёрланди.
____
* “Кифоя” китоби ҳижрий 747 йилда вафот этган фақиҳ Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Мухтасари Виқоя” номли китоби асосида ёзилган, “Мухтасари Виқоя” эса Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига боғлиқ китобдир.