Get Mystery Box with random crypto!

Саудия Арабистони билан боғлиқ мулоҳазалар Миллатимизда Сауди | Islom fikri

Саудия Арабистони билан боғлиқ мулоҳазалар

Миллатимизда Саудия халқига нисбатан икки хил умумий нуқтаи назар мавжуд.
Биринчиси, бизда - нафақат бизда, балки мусулмон ўлкаларининг катта қисмида Саудия Арабистони ислом дини, анъаналари, тафаккури маркази дея ҳисобланиши билан боғлиқ. Айни вақтда бу қараш ва тушунчага у ердаги жорий халқ ҳам тегишли бўлиб, Саудиянинг исломий мероси ҳамда тарихи ҳозирги (замонавий) халқ билан уйғунлаштирилади. Шу нуқтаи назардан умумий стереотиплар юзага келади.

Иккинчиси эса, нисбатан радикал ва экстремал қараш бўлиб, унга биздаги - халқ ичидаги кескин тоифаларнинг, фақат амбициялари ҳамда популистик чиқишларидагина ислом динини назарда тутувчи, аслида эса ундан кўп қадар узоқ бўлган сиёсий элитага нисбатан ўта кескин қарашлари киради. Бунда нафрат руҳи устун.

Бу икки қараш халқ ичида Саудияга нисбатан умумий тафаккур ва тасаввурнинг шаклланишида асосий роль ўйнайди.

Мустамлакачилик тарихига юзланадиган бўлсак, айтиш керакки, Яқин Шарқ мамлакатлари истило этилгач у ердаги муқим халқни идора этиш учун турли бошқарув услублари ишлаб чиқилган, булардан энг машҳури, маҳаллий элита ва сиёсий-бошқарув ишларида устун бўлган шахслар билан ҳамкорлик ўрнатиб, халқ назоратини уларнинг ўзигагина қўйиб бериш, аммо уларнинг тафаккурини ғарблаштириб, дин ва анъанадан узоқлаштирган ҳолда, секулярлаштириш бўлган. Бу иш амалга ошгач, шиддатли тўфондек, муаммолар бутун мусулмон ўлкаларини қамраб олган ва бундан ҳанузгача халқ жабр тортиб келмоқда. Истилодан сўнг тор доирадаги синфлар ичида тафаккур ва ақидада шу қадар ўзгариш рўй берадики, қисқа вақт ўтиб халқ ва элита ўртасида бўлиниш - дихотомия рўй беради.
Кейинчалик бу дихотомия исломнинг замонавий дунё билан мослаша олмаслиги, унинг урф ва анъаналар билан қоришиб, эски динга айланиб қолгани, демократия ва ислом бир бирига мослаша олмайди, мамлакат ривожи учун давлат секулярлашиши лозим каби аргументлар кўтариб чиқилади. Буни ҳукмрон элитанинг ўзи амалга оширган, ҳокимиятни сақлаб қолиш учун. Аммо бу халқнинг тафаккури ва дунёқарашида кескин ўзгариш ясайди. Бир томонда радикал кайфиятдаги диний аҳоли вакиллари, бошқа томонда динни тўлиқ рад этиб, либераллик дунёвийликни ёқловчи элита таъсир доирасига тушган савдогарлар, зиёлилар (адвокат, ҳуқуқшунос, шифокор, сиёсатшунос, бизнесменлар ва ҳкз) бор эди.

Ажаб эмаски, сўнги вақтларда Янги йил, Хеллоуэн, Пасха ва бошқа кўплаб насроний байрамларини нишонлаётганлар дин ва дунёвийлик ичида аралаш шаклланиб қолган (сохта) дунёқарашдан сув ичганлар ҳисобланади. Далил сифатида келтириш мумкинки, шу кунларда нишонланаётган байрамнинг илк қатнашчиларидан бири Абдураҳмон шундай дейди:

«Тўғрисини айтсам, бу ажойиб байрам ва бу байрамда шодлик руҳи кезмоқда... Ҳаром ёки ҳалол борасида бир нарса дея олмайман, чунки билмайман. Биз буни фақат завқланиш учунгина нишонлаймиз, бошқа нарса эмас. Биз бошқа ҳеч нарсага ишонмаймиз».

Дунёвий кайфият, Ғарбий, ҳукмрон дин билан йўғрилган евросентрик мафкураси бутун мусулмонлар онгини бутунлайига забт этиб бўлган. Бундан халос бўлиш осон кечмайди. Совет мафкураси бизнинг қонимизда ҳануз оқмода экан, ҳукмрон Ғарбдан биздан аввал ва кучлироқ таъсирланган бошқа халқлар бу фикрий кишандан халос бўлиши қийин. Саудияга дин нуқтаи назаридан эмас балки, Ғарб - АҚШнинг ишончли шериги, Яқин Шарқда ўз таъсир доирасини кенгайтиришга уринаётган, қарама қаршиликларга тўла араб давлати сифатида қарашни ўрганишингиз керак.

Муаммоларнинг илдизига диний назар билан эмас, балки жорий вазият, халқнинг дунёқараши ҳамда ҳукмрон тузум нуқтаи назари билан боқиш лозим.

Ислом билан уйғунлашган автократия ва теократия ривожланишни таъминлаб бера олмайди. Бу фақат диндан узоқлашиш, бойликнинг нотенг тақсими, радикаллик, ҳамда аҳоли онгига конспирологиянинг чуқур сингиши билан характерланади.

@Islom_Fikri