Get Mystery Box with random crypto!

​​#тавбаи_насуҳ Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu 175-қисм. | Ibratli Hikoyalar | Ibratli So'zlar

​​#тавбаи_насуҳ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
175-қисм.



Соҳиби Қадар-Сарвиноз борасида Иёзнинг юзига яна бир марта қаттиқ шапати урди!
У ўша он ўзи вайрон этган қалб деб аталмиш муқаддас хонақоҳнинг синчларини қуртлар қандай кемираётганини кузатиб турган осий каби ҳис этди ўзини.
Тўғри, калтаклар остида эзғиланган вужуд жисман абгор бўлди, аммо Иёзнинг жони оғриди. Сарвинозга ачинди. Бу аёлнинг нега ўзини бунчалик қисмат дўлига тутиб бераётгани- унга барибир тушунарсиз қайсарликдек туюлаётганди.
“Суҳроб билан тинчгина яшасанг бўлмасмиди? Эрига хиёнат қилган ва ҳалиям садоқат кўрсатолмаётган шунча аёл яшаб юрибди-ку! Нега ўзингни-ўзинг бунчалар абгор этдинг? Шу сенга керакмиди?”
Калтаклар зарбидан ҳали тўлиқ ўзига келишга улгурмаган жувонни қўшни кампир қаровида қолдириб мулла Зиёднинг ўша — қишлоқда энг қадди тик уй деб мақталган қўрғонига кетдилар.
Бефайз ва келгувчиларни тўсрайиб кутиб оладиган, остонаси қаттиқ келиндек қовоғи солиқ уй!
Ҳамма ёқ бир энли чангга ботибди. Ясама ўриндиқлару, шош бурчак хонтахталар- бу уйга буюм бўлиб келганидан норози!
Иёз бир чеккага ирганибгина ўтирди. Ундан фарқли ўлароқ мулла Зиёднинг ҳозир жуда кайфияти чоғ эди!
—Қурбон ўлгур, қизларини ит гўшти бериб боққанми дейман-а?! Одамга ташланишини қаранг!
Сиз кўрмадингиз, иккитаси бир чеккада сизга ҳам тиш қайраб турганди, Иёзбек! Ҳалиги саги дахмардаларга ўқиган дуойимдан сездирмай буларгаям ўқиб суфлаб қўйдим. Шундан кейин секин уйларига кириб кетишди. Бўлмаса, анави келинни то ўлгунича дўппослашган бўларди.
Иёзнинг кўз олдига яна ер парчин бўлиб ётган шўрлик Сарвиноз келди. Умри бино бўлиб одам боласининг бунчалар хор ва залил бўлганини кўрган эмас.
—Ўша Қурбон деганингиз неча ёшлар атрофидаги одам? Ўзи тузук одамми? Нега аёлини фарзандларидан ҳимоя қилмайди?
Мулла Зиёд йигитнинг кўрган томошасидан ҳали-ҳануз ўзига келолмаётганини англаркан, унга худди ёш болага қарагандек писанда назар билан кўз ташлади:
—Сизга ёмон таъсир қилдими, дейман-а? Энди ораларида нима гап ўтган билмаймиз-ку! Қурбон ўзи ёмон одам эмас. Аёли ўлди. Шунча йиллик ёстиқдоши, ҳамхонаси...
Қайдам, ким билади дейсиз, энди... Инсоф берсин деймиз-да!
—Фарзандлари нечта? Шу учта қизи бор холосми, у одамнинг?
—Э, уларни қиз деб ҳам бўлмайди! Кўрдингизку ўзингиз! Қурбоннинг аслида болалари бешта!
Шу ўлган хотини унга тўртта қиз, битта ўғил туғиб бериб кетди. Хотинидан кейин Қурбон "қизларимга сал тарбияни ўргатсин!" деб кимгадир уйланди. Уям шу эшикка келиб битта қизчали бўлди. Туппа-тузук хотин эди! Назаримда у аёлниям Қурбоннинг шу қизлари чиқиштиришмади-ёв...
Иёз жим ўйланиб қолди. Мулла Зиёд эса худди ўргимчак мисол ис босган уйида бемалол кезинишга тушди.
—Буни қаранг, бўйра тагига қўйиб кетган пулим ҳалиям жойида турибди экан. Кетадиган куним биров "вос-вос" бўлиб қолган келинини ўқитгани келувди.
Шундан нари йўлга чиқиб кетдим. Барибир қишлоқ одамлари яхши-да! Омонатга ҳиёнат қилишмайди, бировнинг мулкига кўз олайтирмайди.
Ҳа эди.. Бир тарафи эшон бобонинг нарсасига кимам қўл узатарди?! Эсини ебмидики, менинг нарсамга тегса?!
Пичадан кейин чолнинг минғирлаши уйнинг ҳеч қайси бурчагидан эшитилмай қолди.
Иёз ўрнидан туриб токчадаги усти чанг бўлиб ётган ашёларнинг ёнига яқин борди. Халтада мехригиё, аждар шохи деб аталадиган ва топиш жудаям қийин бўлган камёб мугуз, "вой-вояк"нинг уяси, “ду роҳ”, “се роҳ”, “чор роҳ” деб халтасига қинғир-қийшиқ ёзувларда қаердан олингани ёзиб қўйилган йўл тупроқлари ва яна алоҳида халтачада чангиб ётган мозор тупроғи, қуритилган ва кўпинча қабристонда ўрмалаб юрадиган ўлимтик қуртлар, гугурт қутисида алчайиб ўлиб ётган калтакесак қоқиси, ҳар хил идишларда қанақадир суюқликлар, қачондир ёзиб қўйилган лекин ҳали эгаси олиб кетмаган кўр хатлар...

(Давоми бор)

@IBRATLI_SOZLARUZ