Get Mystery Box with random crypto!

​​#тавбаи_насуҳ Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu 133-қисм. Иқр | Ibratli Hikoyalar | Ibratli So'zlar

​​#тавбаи_насуҳ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
133-қисм.

Иқрор бўлиш осонми? Йўқ, бунга журъатим етмайди! Бошқа нимадир ўйлаб топишим керак...
Тун қўйнида бехосдан янграган ғалати қичқириқ барчани уйқудан уйғотиб юборди. Иёз апил-тапил ёнбошига қаради. Баҳорноз жойида йўқ.
Узун равоннинг учта чироғи бирин-кетин ёниб, ҳайхотдек ҳовли янада ёришиб кетгандек бўлди. Афшар хоним зинанинг ўрта поғонасида инграганча оёғи қайрилиб ётган келинини кўриб ҳаллослаганча унинг тепасига етиб келди.
-Вой, нима бўлди келин?! Тинчликми? Нима қилиб юргандинг, бемаҳалда бир ўзинг?! Қаттиқ тушмадингми? Қани, қимирлай оласанми? Кўрайлик-чи?! Иёз, ҳой Иёз...
Афтини оғриқдан бужмайтирганча қайнонасининг билагига тирмашиб, ўрнидан турмоқчи бўлаётган Баҳорнозга кўзи тушди-ю Иёзнинг чеҳраси тундлашиб кетди.
-Нега қараб турибсан? Кел, у ёғидан суяшгин, хотининг сал қалтисроқ йиқилибди!
-Ўзим юра оламан! Фақат қорним, йўқ-йўқ қовуғим санчиб оғрияпти... Вой ана... Яна санчиди!
Баҳорноз Афшар хонимнинг тирсагини маҳкам сиқимлаб Иёзнинг кўз ўнгида худди дард тутаётган аёлдек инграшга тушди.
-Ие, бу келинга нима бўляпти? Иёз, қара! Аҳволи чатоқку! Бўл тез, ичкарига олиб кирайлик.
Ролига қаттиқ киришиб кетган келинчак эри томонга бечораҳол алфозда жавдираб қаради ва унинг кўзларидаги важоҳатни кўриб ичи шувиллаб кетди. Нигоҳлар "мен барибир ҳаммасини биламан!" демоқчидек нафрат билан ўзига тикилиб турарди.



-Кечиринг, боламизни асраб қололмадим. Афсусдаман. Кечаси билан ўйлаб чиқдим. Биласизми, Иёз ака сиз... Сиз оддий одам эмассиз, бир гап айтсангиз, тезда ижобат бўлиб қолади.
Бошидаёқ... Болани олдирасан, йўқ қиласан деб айтмасангиз бўларкан... Шунда балки... Бу синовлар бошимизга тушмаган бўлармиди?!
Майли, ҳали Худодан умидимиз бор, яна фарзандли бўламиз... Тўғрими? Нега жимсиз? Бирон нарса денг, Иёз ака...
Баҳорноз шунча гапни худди деворга гапиргандек қолаверди. Эри бир оғиз гап қўшмай, ташқарига чиқиб кетди.
"Йўқ... Бекорга ваҳима қиляпман. Ҳа-ҳа, бекорга ваҳима қиляпман. У ҳеч нарсани сезмаган. Қўрққанга қўш кўринар... Қўрқмаслигим керак.
Аммо... Барибир ўзини тутиши ғалати. Кўзи бошқача. Худди ҳаммасини биладигандек. Атай арқонни узун ташлаб охири нима бўлишини кутаётган ва ичидан пишган одамга ўхшайди..."
Келини икки ойлик гумонасидан айрилиб қолганини эшитиб Афшар хонимнинг дарди-дунёси қоронғу бўлди.
"Оғзимиз ошга етай деганда энди бу кўргуликми? Ғамзанисони ҳар ой сўроқлаб турардим, бунисида нега чалғиб қолдим ўзи?
Тавба, бўйида бўлибди-ю, шу келин ҳам бир оғиз айтмабди-я! Уялиб айтмаган десам, бездан фарқи йўқ. Қайдам, юк илганини ўзи ҳам билмай қолган шекилли. Билганида сал эҳтиётлармиди? Э, нималар деяпман? Ўзи бу ҳовлида қиладиган иши эртадан кечгача оёқ узатиб ўтириш-ку!"



-Хўш, бу қачонгача?
-Тушунмадим...Нимани айтяпсиз?
Иёзнинг ўша доимги қарашида жиддий тикилиб турганини кўриб Баҳорноз ва ниҳоят ўзининг фош бўлиш фурсати етганини тушунди.
-Онамнинг нима деб юрагини сиқдинг? Сийқаси чиққан ёлғонларингга ҳали уялмай шу аёлни муносиб кўряпсанми?
-Бу нима деганингиз? Мен нима дебман?
-Сичқон-мушук ўйини тугади, Нози! Етиб келдинг. Аммо тан олишим керак, менгаям панд берадиган даражада айёр экансан. Сенга бу борада тажрибанг иш берди, назаримда...
Баҳорноз кўзлари билан ер чизиб қолди.
"Демак, у ҳаммасидан хабардор! Йўғ-ей, нималар деяпман? Айтмасам, қаёғдан билади? Ахир уям бир ҳом сут эмган банда-ку!"
Барибир бу айёр қизнинг Иёзга осонликча бўй бергиси келмаётганди.
-Нима ҳақида гапираётганингизни тушунмаяпман. Мақсадингиз яна мени нимададир айблашми?
Қуюқ қошлар чимирилиб, нигоҳлар наштардек қадала бошлади.
-Қўй, тилимни қичитма!
-Нега? Нега... тилингизни қичитмай? Нобуд бўлган боламни дебми? Ҳали менга шу норасиданинг айбини қўйяпсизми?
-Нози... Жим бўл!
-Менга қаранг, нега худди қайтиб фарзанд кўролмайдиган одамдек фикрлаяпсиз?

(Давоми бор)
@Ibratli_SozlarUz