Get Mystery Box with random crypto!

— Бу дейман… С ипогина кўринганингизминан жа бало экансиз-ку, | Ибратли хикоялар

— Бу дейман… С

ипогина кўринганингизминан жа бало экансиз-ку, а, келин?..
— Тушунмадим, холажон?.. Нимага унақа деяпсиз?..
— Ие… Нимасини тушунмайсиз?.. Уйланмаган болани тўшакка тортишга уялмадингизми, кап-катта хотин?.. Тушунмадим эмиш…
Ҳосила опанинг ҳуши бошидан учди. Ўпкаси тўлиб ич-ичидан отилиб келаётган фарёдни аранг тўхтатиб олди-да, Жўра кампирни сўроққа тута кетди:
— Хола… Жон хола… Наҳотки, шунақанги хотинга ўхшасам?.. Элликка яқинлашганимда… Айтинг… Қайси жувонмарг тарқатди бу гапларни?..
Жўра кампир индамади. Фақат… Бошидаги пахта гулли рўмолини сал тўғрилаган бўлди-ю, Ҳосила опанинг кўзларига тик боқди.
— Хафа бўлманг-у… Мендан бошқа одам бўлса, шартта эрингизга айтиб берарди… Тўғриси, анави Толиб неварамга шунақа дебди… Мени зўрлайверганидан безиб уйда ётмаяпман, дебди…
Ҳосила опага ана шу гапнинг ўзи етарли бўлди. У ўйлаб ўтирмай қўлига илинган нарсасини йиғиштириб олди-да, Жўра кампирнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай, кўчага чиқиб кетди.

***

Ҳосила опа Олтинқўрғонда турмас бўлди. Юзи шувут, қалби вайрон бўлди. Катта кўчада ўтган-кетганга тескари қараб илдам-илдам кетиб бораверди. Юрагининг туб-тубида Толибни лаънатлади. Шу хонадонга бека бўлиб келганига минг-минг пушаймонлар еди… Фақат… Укамникига етиб олсам бўлди, деб ўйлади. Ўпкаси шишганига ҳам эътибор қилмай юришда давом этди… Лекин… Пешона экан… Ҳосила опа Қорақумга етганда қаршисига юк машинаси келиб тўхтади-ю, кабинадан Ғолиб карвон тушиб, унинг йўлини тўсди.
— Нима гап, тинчликми?.. Қаерга кетяпсан?.. — бир хотинига, бир унинг қўлидаги тугунга ҳайрон бўлиб боқаркан сўради Ғолиб карвон.
Ҳосила опа беихтиёр йиғлаб юборди.
— Ие… Нимага йиғлайсан?.. Гапирсанг-чи, мундоқ!..
— Дадаси… Мен… Яхши-ёмон гапирган бўлсам… Рози бўлинг… Мен кетяпман…
— Нимага рози бўлади?.. Нимага кетасан?..
— Ўғлингиз… Ўғлингиз қўймаяпти… Майли… Яшамасак яшамай қўя қолайлик, дадаси… — Ғолиб карвоннинг беихтиёр муштлари тугилиб, кўзлари ғазабга тўлди. У ҳеч нарса демай, Ҳосила опанинг қўлтиғидан олди-да, кабинага судради.
— Юр… Мен адабини бериб қўяман уни… Сен юр… Юрақол…
Ҳовлига етиб келишгач, Ғолиб карвон ўзи сотиб олган қўйларни оғилхонага ҳайдай бошлади. Ҳосила опа эса, итоаткорона ичкари уйга кириб бораркан, миясини биргина фикр кемирарди: «Ишқилиб, дадаси билиб қолмасин-да!..»

***

Ғолиб карвон ҳовлининг бир бурчагида сочилиб ётган кароват бўлакларини кўриб ҳайрон бўлди ва хотинининг ортидан ичкари уйга кирди. Полда ётган кўрпа-тўшак, кийимларга кўзи тушди-ю, жон-пони чиқиб кетди.
— Хотин, тўғрисини айтсанг-чи, нималар бўляпти ўзи?.. — деди у нафас олишга қийналган одамдек ҳарсиллаб, — Кароватни опчиқиб ташлабсан?..
— Йўқ… Айтарли ҳеч нарсаям бўлгани йўқ… Кароватни денг… Битга ўхшаган қанақадир ёмон нарса босиб қопти… Кечасиминан уйқу бермади… — Ҳосила опа ёлғон гапираётгани учун ҳам эрининг кўзларига сира тик қараёлмас, ўзини гўёки кийим тахлаётгандек кўрсатиб тескари қараган кўйи ивирсиланарди, холос…
— Хўп, майли… Хафа бўлма… Битта чой қўйгин… Нонуштаям қилганим йўқ мен… — Ғолиб карвон қўлини чайиш илинжида човгум кўтариб ҳовлига чиққан эди ҳамки, томорқа тарафдан Толиб кириб келди. Ўғлини кўриб Ғолиб карвоннинг яна жини қўзиди. Қўл чайишни ҳам унутиб, човгумни ерга қўйди-да, ҳовлининг ўртасида таққа тўхтаб қолган Толибга яқин борди.
— Ҳа, дайди?.. Яна нима ҳунар кўрсатиб юрибсан?.. Кечаги калтак камми дейман-а?..
Толиб ер остидан дадасига бир қараб олди-да, уй тарафга ишора қилди.
— Хотинчангиз айтмадими нима бўлганини?..
— Йўқ… Сен айтақол… Қани, айт!.. Айтмайсанми?..
— Айтсам айтавераман, нима қипти?.. Бўлмаса, эшитиб қўйинг!.. Энди мен уйингиздан бош олиб кетдим, билдингизми?..
— Сабаб?.. Яна Ҳосилами?..
Толиб айтсамми-айтмасамми дегандек бироз иккиланиб тургач, яна таваккал сўз бошлади:
— Ҳа, ўша… Хотинчангиз кечаси мени тўшакка судраб ҳол-жонимга қўймаяпти… Мени зўрлаяпти ўзиминан ётишга…
Ғолиб карвон кутилмаган бу хабарни эшитди-ю, эсанкираб қолди.