Get Mystery Box with random crypto!

Шу гап баҳона опамларникига бормоқчи бўлдим. Ойимни кўндиролма | 📚 Ibratli Hikoyalar 📚

Шу гап баҳона опамларникига бормоқчи бўлдим. Ойимни кўндиролмадим. “Йўл олис, машинада қийналиб қоламан. Яхшиси болаларингни ўйнатиб кел”, деб туриб олди. Эртасига эрталаб икки ўғлимни олиб, йўлга тушдим. Чегарада тегишли ҳужжатларни тўлдиргач, биринчи бор ўз шахсий автомашинамда ўзга юрт тўпроғига қадам қўйдим. Аммо чорак соат ўтмаёқ, тезликни пасайтиришга тўғри келди. Сабаби, йўл ниҳоятда таъмир талаб эди. Бу ёқларга келмаганимга қанча бўлди билмайман. Адашмасам, беш-олти йил бурун эди. Қизиғи, қаршимда ўша манзаралар яна ўшандай намоён бўлди. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ эди. Ёки мен сезмаяпманми? Худди бир неча кун аввал келгандайман. Ҳолбуки, орадан шунча йил ўтган. Ўзимиздаги йил сайин ўзгаришларга ўрганиб қолибман, шекилли.
Опамларнинг уйига мўлжалланган вақтдан анча кеч етиб бордик. Йўлнинг ёмонлиги, айниқса олдимга тушиб олган орқа фаралари пачоқ “УАЗ” қувиб ўтишга имкон бермади. Таваккал қилишга эса қўрқдим. Сал газ берсам, машина қорни ерга тегадигандек йўл ҳавфли эди. Келганимизни сезиб, катта жияним Абдулла чиқиб кутиб олди. “Ие, дедим ўзимга ўзим, ахир, Абдулла ҳозир Россияда бўлиши керак эди-ю”!
Абдулла мен билан қучоқлашиб кўришгач, ўғилларимнинг бирини олдига, иккинчисини ортига опичиб, ичкарига бошлади. Ҳовлига кирдик. Қизиқ, ичкари ҳам худди аввалгидек, ҳатто, олдингидан-да хароброқ. Сал кам ярим гектар келадиган томорқанинг чанги чиқиб ётибди. Ўртада эски трактор турибди. Нарироқда “Нива” комбайни ғилдиракларсиз ётибди. Уч-тўртта товуқ ва бир-иккита қўй-қўзи бултургидан қолган похол ғарами ёнида тимирскиланиб юришибди.
Уйга киргач, ҳайратим яна ошди. Ичкарида бир оёғи гипсда поччам ётарди. У бизни кўриб қўзғалиб қолди.
- Э, уринманг! деб дарҳол поччамнинг ёнига чўкиб, у билан кўришдим.
Оёғи сонигача гипсда. Аҳволи анча жиддий эди. Ичимни қизитган саволларга жавоб топгандай бўлдим: поччам нимадир бўлиб оёғини синдириб олгану Абдулла уни олиб, уйга қайтган.
- Опам кўринмайди?
- Ҳа, опанг ҳозир келиб қолади... деди поччам хижолатдан кўзини олиб
қочиб. Абдулла ўчоққа қумғон осиб, чой қайната бошлади. Ёзилган дастурхон узоқ вақт нонсиз турди. Ниҳоят Абдулла иккита қора нон ва чой келтирди. У ўзини унғойсиз сезаётгани билиниб турарди. Мен фаҳмлаб, дарров келтирган сумкани очдим. Онам бериб юборган ва йўлдан олган нарсала билан дастурхон тўлди. Опам қоронғи тушай деганда келди. Бизни кўриб, шошиб қолди. Ўтказгани жой тополмай ҳалак бўлди. Абдулла опамга бир қараб олди-ю, деворда осиғлиқ турган қўш оғизни олиб чиқиб кетди. Биз анча гаплашиб ўтирдик. Ўғилларим ҳовлида юрган эшакни миниб, у ёқдан-бу ёққа чунонам чопишдики, уларни кўриб, опам роса кулди. Мен поччамнинг оёғига нима бўлганини сўрамадим. Аммо кўнглим ниманидир сезиб турарди. Абдулла ҳадеганда келавермагач, опам тухум пиширди. Шу аччиқ ҳақиқатни англадимки, опам оғиз кўпиртириб айтган сўзларининг бари ёлғон экан. Ҳатто, ҳовлидаги товуқлар ҳам қўшниларники, шекилли...
Абдулла тонгга яқин қайтди. Опам ноҳорга палов тайёрлай бошлади. Қолганлар ухлаб ётишибди. Мен опамнинг ёнига чиқдим. Ўчоқ бошида ёлғиз қолганимиздан фойдаланиб, секин сўрадим:
- Опа, поччамнинг оёғига нима қилди? Ахир, уни Россияда” деган эдингиз...
Қачон келишди? Абдулла ҳам шу ерда экан?
Опам шуни кутиб тургандек, ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди:
- Россиядан оёғи синиб келганига икки йил бўлди.
- Икки йил?! Бунча вақтда оёқ эмас, бўйин синса ҳам битиш керак эди-ку?!
- У ердаги докторлар, тушинтира бошлади опам, бегоналарга қарашмас экан.
Шунчаки биринчи ёрдам билан чекланишибди. Биз бунга ишонибмиз, суяги қинғир битганини кейин билдик. Қайта-қайта операция қилдириб, оёғини тўғрилатдик. Бўлмаса, бир оёғи калта бўлиб, майиб бўлиб қолар экан.
Опамдан яна Абдулла ҳам аллақачон депорт бўлиб, Россияга беш йилгача кирмайдиган бўлиб ҳайдалгани, кичик ўғли Саъдулла ҳам Россияда эмас, ўз юртида мардикорлик қилиб ишлаб юрганини билиб олдим. Ҳаттоки, опамнинг ўзи ҳам бировларга ёрдам бериб, кунлик пулга ишлаб юрган экан.