2023-04-15 18:10:45
Ички ишлар ходимларининг одамлар билан муомала маданиятини яхшилаш, вазият яхши эмаслиги ҳақида қанча гапирилмасин, афсус, бугунгача сезиларли ўзгариш кўрмадик.
Сезганимиз фақат ҳисоботлар, турли чиқишлардаги вазият яхшиликка томон ўзгаргани ҳақида чиройли гаплар кўпайгани холос.
Тизимдаги ходимлар учун амалдор бўлиб ишламайдиган одам қандайдир паст табақа, истаганча гаплашиш, муомала қилиш мумкин бўлган қатламлигича қолмоқда.
Сал аввал Самарқанддан аммам (дадамнинг синглиси) телефон қилди. Икки уч кун аввал қишлоғида қандайдир ўғрилик бўлган экан.
"Участкавой" бутун қишлоқ одамларини маҳалла марказига – суҳбатга чақираётганмиш.
Шу қаторда поччамга ҳам телефон бўлган.
Поччам – устачилик қилиб оила тебратади. Шу касб орқасидан болаларини ўқитяпти. Ички ишлардан телефон бўлган пайтда ҳам қўшни қишлоқда ишлаётган бўлган.
Шундай қилиб поччамга зудликда етиб келиш кераклиги айтилган. Суҳбатга чақирилиш сабаби сўралганда, "келганда биласиз", деган қисқа жавоб билан телефон ўчирилган.
Юқорида ёзганимдек, поччамнинг бир қизи ОТМда –Самарқанд давлат университетида ўқийди. Ўғли эса туман марказига яқин жойда машина устахонасини очган.
Ички ишлардан бўлган қўнғироқ ва сабаби айтилмаган чақирилиш поччамни қўрқитиб юборган. Ҳаёли энг аввал шаҳарда ўқиётган қизи ё устахонадаги ўғлига бирор кор ҳол бўлдимикан деган қўрқинчли тахминга кетган.
Минг афсус, шу хавотир билан уйига етиб келгунча инсулт олибди. Ҳозир касалхонада оғир аҳволда қолмоқда. Докторлар шошилич операция қилиш керак деётган экан (17 миллион сўрашибди).
Тўғри, бандамиз, иссиғимиз ҳам, совуғимиз ҳам Яратгандан. Шунга иймон келтирганмиз. Аммо, агар "участкавой" чақирилиш сабаби ҳақида ўзи гаплашаётган одамга икки оғиз тушунтириш берганда, бу муомала маданиятининг энг оддий қоидаси эканини тушунолганда, балки бир инсон бугун касалхонада оғир аҳволда ётмасмиди деган ўй, алам барибир тинчлик бермаяпти.
Тизимдаги бир ходимнинг маданиятсизлиги бугун бир оила бошига катта кулфат келтириб турибди.
Балки постим тизим раҳбарларига етиб борса, инсоф бериб иш бўйича қандайдир ўрганиш ўтказилар, ходимга чора ҳам кўрилар, лекин бу поччамизга етган дардни, оила бошига келган қайғуни компенсация қила олармикин?!
Илтимос, дуоларингизда поччамизни ҳам эслаб қўйинг. Аллоҳ эсон-омон оиласи бағрига қайтишни насиб қилсин.
Илёс Сафаров
https://t.me/Hurfikruznews
60 views15:10