Get Mystery Box with random crypto!

Огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш топиши учун ҳаф | HR assistant

Огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш топиши учун ҳафтада камида 1 кун вақт берилади ва бу кунга ҳақ тўланади

Иш берувчи ходимни бир қатор асослар билан ишдан бўшатиши мумкин, мазкур ҳолатларда иш берувчи қуйидаги муддатларда ходимни ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириши шарт:

ташкилот тугатилганда, ходимлар сони ёки штатлар ўзгарганда – камида 2 ой олдин (яъни, 2 ойдан кўпроқ муддат 3, 4 ой, 2 ой-у 10 кун ва ҳ.к);

ташкилот раҳбари, ўринбосарлари, бош бухгалтер ва алоҳида бўлинма раҳбари мулкдор ўзгарганлиги учун ишдан бўшатилганида – камида 2 ой олдин;

ходим малакаси етарли бўлмаганлиги учун бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги сабабли бўшатилганда – камида 2 ҳафта олдин;

ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун ишдан бўшатилганда – камида 3 кун олдин.

Айрим тоифадаги ходимлар учун огоҳлантириш муддатининг алоҳида муддати белгиланган:

мавсумий ишда ишлайдиган ходимни ташкилот тугатилганда, штат ўзгарганда камида 7 кун олдин, малакаси етарли бўлмаганида камида 3 кун олдин, ўзининг айбли ҳаракати билан бўшатилганда 1 кун олдин;

Мавсумий ишлар – иқлим ва бошқа табиий шароитлар туфайли муайян давр (мавсум) давомида бажариладиган иш.

вақтинчалик ходимлар корхона тугатилганда, штат ўзгарганда ходим малакаси етарли бўлмаганда камида 3 кун олдин, ўзининг айбли ҳаракати билан бўшатилганда камида 1 кун олдин.

Икки ойгача бўлган муддатга ишга қабул қилинган шахслар вақтинчалик ишларда банд бўлган шахслардир.

Огоҳлантириш ёзма шаклда, имзо қўйдириб амалга оширилади.

Огоҳлантириш муддати пулли компенсация билан алмаштирилиши мумкин.

Огоҳлантириш муддати ичида ходимга бошқа иш топиш учун ҳафтада камида 1 кун вақт берилади, бу кунда ходимнинг иш ҳақи сақланади. Ушбу имтиёз ходим ўзининг айби билан ишдан бўшатилганда берилмайди.

Огоҳлантириш муддатига ходимнинг касал бўлган вақти, давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарган вақти киритилмайди. Корхона тугатилганда эса ҳамма вақт киритилади, истисно йўқ.

Давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарган вақтга сайлов ҳуқуқини амалга ошириш, депутатлик, Сенат аъзоси вазифаларини бажариш, ҳарбий мажбуриятни бажариш ва бошқа бир қатор ишларни бажарган вақт киради, бу ишлар билан батафсил бу ерда танишишингиз мумкин.

Ҳамкасбларингизга улашинг — @hrassistant_uz