Get Mystery Box with random crypto!

​GaN зарядлаш адаптери нима ва анъанавий адаптерлардан қандай | GSM GURUS F.A.Q

GaN зарядлаш адаптери нима ва анъанавий адаптерлардан қандай фарқ қилади?

Зарядлаш керак бўлган қурилмалар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Уйдан чиқаётиб, смартфон, ноутбук, наушник, ақлли соат каби қурилмалар зарядланганлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Барчасининг ўз кабели ва адаптерларини олиб юриш ноқулай. Бундан ташқари, тез зарядлаш технологияларининг кенг тарқалаётгани туфайли адаптерларнинг ҳажми катталашиб, тезда қизиши ҳам сезилиб бормоқда. GaN зарядлаш адаптерлари ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун мўлжалланган.

GaN қисқартмаси галлий нитридини англатади. Қисқа қилиб айтганда, ҳозирда зарядлаш адаптерларининг аксариятида кремний деб аталадиган ярим ўтказгич материалидан фойдаланилади, аммо эндиликда унинг ўрнини GaN (галлий нитриди) деб номланган ярим ўтказгич эгалламоқда. Бунга сабаб галий нитриди кремнийга нисбатан бир қатор муҳим афзалликларга эга эканлиги.

GaN зарядлаш адаптерининг афзалликлари:
• Ишлаб чиқариш харажатлари пастлиги. GaN зарядлаш адаптерлари кремний ишлаб чиқариладиган заводларда ишлаб чиқарилиши мумкин.
• Энергия самарадорлиги. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, агар зарядлаш адаптерларидаги кремний моддаси GaN билан алмаштирилса, унда энергия сарфи 10-15% га камаяди. GaN зарядлаш адаптерлари камроқ энергия йўқотиш кўрсаткичига эга.
• Хавфсизлик. Галлий нитриди кремнийга қараганда юқори кучланишни ўтказа олади ва юқори ҳароратларга бардош беради, шунинг учун қизиш масаласи у учун унчалик асосий эмас. Содда қилиб айтганда, GaN зарядлаш адаптерлари юқори иш ҳарорати диапазонига эга.

• Ихчамлик. GaN хавфсиз ишлаши учун зарядлаш адаптери корпусида камроқ қўшимча элементларни талаб қилади ва шунинг учун 100W адаптер бошқа кремнийга асосланган 60-70W адаптердан кичикроқ бўлиши мумкин.
• Кўп портлар. GaN зарядлаш адаптерлари энергия тежамкорлиги, камроқ қизиши ва юқори ҳароратга чидамлилиги туфайли, битта зарядлаш адаптери корпусида бир нечта зарядлаш портлари бўлиши мумкин. Ушбу ечим жуда қулай, чунки смартфон, ноутбук ва наушник каби қурилмаларингизни битта адаптердан тезда зарядлашингиз мумкин.

Бир қарашда, GaN зарядлаш адаптерларининг ҳеч қандай камчиликлари йўқдек туюлади ва умуман олганда бу ҳақиқат. Фақат ҳозирча бу каби адаптерларни оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилмагани сабаб, нархи анъанавий адаптерларга нисбатан юқори. Аммо, агар битта GaN зарядлаш адаптери бир нечта "анъанавий" зарядлаш адаптери ўрнини эгаллаши ва кам жой олишини ҳисобга олсак, унда қўшимча харажат ўзини оқлайди.

GaN зарядлаш адаптерларининг Ўзбекистон бозоридаги ўртача нархи 270 минг сўмдан (65W) бошланади.

Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• Смартфонни ўзиники бўлмаган ёки кучлироқ адаптер билан зарядлаш мумкинми?
• Смартфонни қандай тўғри зарядлаш керак?

#маълумот