Get Mystery Box with random crypto!

Фирибгарлар карталардан пул ўғирлаш учун қандай усуллардан фой | GSM GURUS F.A.Q

Фирибгарлар карталардан пул ўғирлаш учун қандай усуллардан фойдаланишади

Доно одамлар бошқаларнинг хатоларидан сабоқ олишади. Лекин баъзилар фақат ўз хатоларидангина сабоқ чиқаришади.

Смартфонида онлайн тўлов (Click, Payme, Apelsin ва ҳ.к.з.) ва банк хизматларидан фойдаланаётганларнинг барчаси ҳам пластик картадан турли хил усулларда пул ечадиган онлайн фирибгарлар ҳақида ҳанузгача эшитишмаган.
Гарчи онлайн тўлов ва банк иловаларидан жўнатиладиган бир марталик SMS кодларни ҳеч кимга бермаслик (айтмаслик) ҳақида огоҳлантирилсада, эътиборсизлик оқибатида кўпчилик фуқароларимиз алданиб қолишмоқда.

Айниқса olx каби онлайн эълонлар платформасида бирор маҳсулот сотаман деб эълон жойласангиз, дарҳол Ўзбекистоннинг чеккароқ бирор ҳудудидан харидор чиқиб, маҳсулотингизни курьер (таксист) орқали сотиб олиши ва тўловни пластик карта орқали ўтказишини таклиф қилади (одатда Telegram орқали ёзишади).
Телефон рақамингизга SMS кўринишида келган кодни, қалбаки онлайн тўлов тизими ёки курьерлик хизмати сайтига (Fargo, BTS) киритишингиз билан пластик картангиздаги барча маблағ ечиб олинади.

Онлайн фирибгарлардан жабрланганларнинг аниқроқ сони ҳам бўлмаса керак, лекин ижтимоий тармоқларда ёзилаётган хабарларнинг кўламидан келиб чиқилса, улар жуда кўпчиликни ташкил қилишади. Афсуски пулини қайтариб олганларнинг хабарларини деярли учратмайсиз, сабаби, фирибгарлар Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашганлиги бўлиши мумкин.

Эндиликда онлайн фирибгарлар картадан пул ечишнинг янги усулини қўллашмоқда:
Хабарингиз бўлса керак, бугунги кунда кўплаб банклар мобил иловаларида (масалан TBC UZ) ҳеч қандай кафиллик ва даромад маълумотларисиз онлайн кредит (микрозайм) расмийлаштириш мумкин.

Онлайн фирибгарлар карта рақаминингиз орқали исмингизни билиб (тўлов тизимларининг ўзи бу ҳақда маълумот беради), гўёки банк, бирор тўлов тизими ёки давлат ташкилоти ходими сифатида мурожаат қилишади ва ижтимоий инженерия усулларини қўллаб пластик картангизга онлайн кредит расмийлаштиришади. Картага тушган маблағни эса Ўзбекистонда расмий мавжуд бўлмаган тўлов тизимларига (Webmoney, Qiwi ва ҳ.к.з.) ўтказиб изларини яширишади.

Билишимча, номингизга бирор кредит расмийлаштирилганини Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги "Кредит тарихини олиш" хизматидан (https://my.gov.uz/uz/service/411) билиб олиш мумкин.
Ҳа, айтганча, Ягона интерактив давлат хизматлари порталига кириш маълумотларингизга (логин, парол) ҳам эҳтиёт бўлинг. Сабаблари қизиқ бўлса шарҳларда ёзиб қолдиринг ва бу ҳақида ҳам маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Эсда тутинг!
• Пластик картангизга бошқалар пул ўтказиши учун 16 рақамдан иборат маълумотнинг ўзи етарли. Бошқа маълумотларни (амал қилиш муддати, SMS хабаридаги кодлар) ҳеч кимга айтманг.
• Тўлов тизими, банк ёки бирор давлат ташкилоти ходими сифатида ўзини таништирган фирибгар сизга қўнғироқ қилганда расмий телефон рақамлардан чиқиши мумкин, чунки рақамни қалбакилаштириш уларнинг севимли усули.
• Чўкаётган одамнинг ягона нажоти унинг ўз қўллари (саводхонлик даражангизни ошириб боринг).

#маълумот