Get Mystery Box with random crypto!

Халқ таълими вазирлиги диққатига: Энди бизга география фани к | Geografiya_Zakovat | Uyda qoling!

Халқ таълими вазирлиги диққатига:

Энди бизга география фани керакмасми?

Президент ўқитувчилар ойлигини 1000 долларга етказиш вазифасини қўйган. Аммо умумтаълим мактабларининг география фани ўқитувчилари бундан кўпам умидвор эмас. Улар ҳозир "бу кетишда умуман маошсиз қолмасак бўлгани", деган хавотир ичида.

Каналимизга бир гуруҳ география фани ўқитувчиларидан шу мазмундаги мурожаатлар келиб тушди. Шулардан бирини қуйида келтирамиз:

"Янги 2022-2023-йилга мўлжалланган таянч ўқув режада кўрсатилишича, мактабларда янги табиий фан (science) жорий этилиши муносабати билан амалдаги физика, биология, география фанларидан 6-синф дарс ўқув соатларидан (ҳар бир фан бўйича 2 соатдан) жами 6 соат дарс соатлари қисқартирилиб, унинг ўрнига 3 соат science фани жорий қилинмоқда.

Биз янги фан жорий қилинишини қўллаб-қувватлаймиз, аммо бу қайсидир фанлар ёки қайсидир ўқитувчилар маоши қисқартирилиши ҳисобига бўлмаслиги керак-да.

Бундан 2 йил аввал мактабларда география ва иқтисодий билим асослари фани ҳафтасига жами 13 соат қилиб белгиланган эди. Ўтган йилга келиб бу кўрсаткич 12 соатга туширилди. Бунга-ку чидаяпмиз.

Лекин келгуси ўқув йилидан ушбу фан мактабларда ҳафтасига жами 10 соат ўқитилади. Қаранг, Халқ таълими вазирлиги икки йил ичида бутун бошли фаннинг деярли тўртдан бир қисмини қисқартириб юборяпти.

Нима, энди ўқувчилар учун география фани муҳиммасми? Биз-чи, шунинг ортидан амаллаб қора қозонимизни қайнатаётган ушбу фан ўқитувчилари нима қилайлик? Айниқса, ўзимиз каби эркак ҳамкасбларимиз қандай йўл тутсин?

География ўқитувчиси бўламан, деб университетларда ўқиётган ёшлар нима қилсин?

Ўзингиз ўйланг, юқори синф ўқитувчиларининг 1 ставка дарс соати ҳафтасига 20 соат қилиб белгилаган. Биз эса ҳозир 12 соат дарс беряпмиз (буям камайтириляпти!). Келгуси йилда 10 соатга туширилади.

Агар бир мактабда иккита географ бўлса, ҳар бирига 5-6 соатдан дарс тўғри келади. Бу маош билан ўқитувчи оиласини боқа оладими? Тўрт йил ўқиб, олий маълумот олиб, чет элларга иш излаб кетайликми?! Биз географияни шунинг учун танлаганмидик, севганмидик?!."

@platformauzb