Get Mystery Box with random crypto!

Бу шунчаки “ИИБ ўлиги чиқди” сўзларини Google’да қидирувга бер | Файзбоғ (ТемурМалик)

Бу шунчаки “ИИБ ўлиги чиқди” сўзларини Google’да қидирувга берганда чиқиб келаётган баъзи исмлар. Ҳаммаси эмас. Ва фақат охирги уч йилда юз берганлари. Тафсилотларини ўқисангиз, бу шўрпешоналар оғир бир жиноят ҳам қилмагани аён бўлади – кимдир ичиб жанжал қилган, кимдир алимент тўламаган, яна кимдир мол ўғирлаган, бир ўсмир эса газли ичимлик сувини олиб пулини бермаган.

2020 йил, май – Алижон Абдукаримов, 44 ёш, Андижон шаҳри, Андижон вилояти;

2020 йил, июль – Орифжон Назаров, 34 ёш, Қўшработ тумани, Самарқанд вилояти;

2021 йил, июль – Ҳасан Хушматов, ёши номаълум, Денов тумани, Сурхондарё вилояти;

2021 йил, июль – Нурсоат Муҳаммадиев, 51 ёш, Нишон тумани, Қашқадарё вилояти;

2021 йил, август – Азиз Аҳмедов, 39 ёш, Каттақўрғон тумани, Самарқанд вилояти;

2022 йил, январь – И.Т. (исми ва ёши номаълум) Ғиждувон тумани, Бухоро вилояти;

2022 йил, февраль – Юсуф Султонов, 37 ёш, Миришкор тумани, Қашқадарё вилояти;

2022 йил октябрь – Равшанбек Абдусатторов, 15 ёш, Қўқон шаҳри, Фарғона вилояти;

2023 йил, июнь – Ҳафизуллоҳ Турғунбоев, 21 ёш, Чилонзор тумани, Тошкент шаҳри;

Бугун Бўка туманида терговга жалб қилинган 36 ёшли гумонланувчи шахс қийноқ оқибатида вафот этганини ИИБ хабар қилди. Исми У.С. деб берилди.

Бу ўлим ҳолатлари ҳали матбуотга сизиб чиққанлари ва фақат менга дуч келганлари, чунки бу борада статистика олиб бормайман. Аслида буни олиб борувчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ичида бўлиши керак. Халқаро ҳисоботларда буларнинг бари “death in custody”, яъни ҳибсдаги ўлим дея таснифланади - деразадан отворишса ҳам, ўзини ташласа ҳам. Майли, халқаро ҳисоботлар ўз йўлига, чунки катта халқаро сиёсатда бу ўлимлар катта роль ўйнамайди. Лекин, шу давлат фуқаролари нега ўз ҳимоячилари назорати остида ўлаётгани борасида кимдир халққа ҳисобот бериши ва буни тўхтатишга қаттиқ бел боғлаши керакмасми? Энг юқори раҳбарлар бу борада лом-мим демаслиги ва ИИБ, прокуратура матбуот хизматлари шунчаки хабарларни ланкадек тепиб қайтаришига қаралса, келажакда бу борада нимадир ўзгаришига умид қилиш қийин.

Ибрат Сафо

@fayzboguz