Get Mystery Box with random crypto!

Сиёсий қарорлар қабул қилувчи, уларнинг ижросини мувофиқлаштир | ELTUZ

Сиёсий қарорлар қабул қилувчи, уларнинг ижросини мувофиқлаштирувчи, Президент иродасини рўёбга чиқарувчи орган бўлган Президент Администрацияси махфий бир тузилма ҳисобланади. Биз махсус хизматлар – ДХХ ҳақида қанча нарса билсак, Президент Администрацияси ҳақида ҳам шунча нарса биламиз. Ундан ортиқ эмас. Ва бу тузилма Президентдан бошқа ҳеч кимга – на парламент ва на жамоатчиликка ҳисобдор эмас. Тийиб туриш механизми йўқ ва жамоатчилик кўзидан яширин экан, унинг Президентга қанчалик ҳисобдорлиги ҳам савол остида.
Мирзиёев 2 июль куни Нукусга борганида қорақалпоқ қонун чиқарувчиларига қарата “нега менга телефон қилмадинглар, менам одамку” дея айтган сўзлари сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнидаги бу махфийлик ва бўшлиқни энг яхши иллюстрация қиладиган эпизоддир.
Бу ҳақда кўп гапириш, таҳлил қилиш мумкин. Аммо ўқувчини чарчатмаслик учун кун тартибига қайтамиз ва Зайнилобиддин Низомиддинов ўрнига Сардор Умурзоқовнинг тайинланиши нимадан дарак экани ҳақида қисқа хулоса қиламиз.
Британияда таълим кўрган Умурзоқовнинг тайинланиши эски гвардия (каримовчилар) қайтади, деган хавотирларни аритди. Мирзиёев ёш реформаторларга юз бурди. Бу ичкари ва ташқаридагиларга берилган яхши мужда. Мирзиёев ҳокимиятга келганида бошланган ва реформаларга йўналган сиёсий курс давом этади, дегани. (Ҳар ҳолда, ўзбек либераллари шундай орзуда)
Авторитаризм сақланиб қолади, аммо Каримов диктатурасига қайтилмайди. (Ҳозирча)
Худдики, Ельцин алғов-далғовли 90 ларда ёш реформаторларни ва Назарбоев ёш банкирларни ҳукумага олиб келгани каби. Дарвоқе, Мирзиёевни Ельцинга қиёслаш қийин, аммо у Назарбоев яратган ҳокимият моделига ҳавас билан қарайди.( Ҳар ҳолда, январь воқеаларигача шундай қарар эди) Яъни ҳокимиятнинг энг юқори чўққисида ўзи сиёсий патриарх сифатида, истаса, умрининг охиригача ўтиради, ҳукуматнинг кундалик ишларини эса ёш технократлар бажаради. Аммо бир шарт билан – улар сиёсий амбициялардан холи бўлиши шарт. Амбициялар пайдо бўлганида, қанчалик қийматли кадр бўлмасин, ҳокимиятдан четлатилади. (Аблязовга ўхшаб. Алмаштириб бўлмайдиганлар йўқ)
Мирзиёев, ҳокимиятга келган илк кунларида берган ваъдаси – ёш кадрларни парваришлашда давом этади. Аммо ёшларнинг юқори лавозимларга олиб келиниши автоматик тарзда қарилардан қутулишни англатмайди. Ўзбек сиёсати мураккаброқ – ёшлар қарилар билан турли-туман кланлик, қуда-андалик ришталари билан чатишиб кетган.
Сардор Умурзоқов Ўзбекистон тарихида президент маъмуриятига раҳбар этиб тайинланган биринчи “публичний” сиёсатчи. Бунгача Президент Администрациясининг “юзи” йўқ эди. Ҳеч қачон жамоатчиликка баёнот бермаган, бир оғиз нутқ ирод қилмаган ва фақат Каримовга яхши ош дамлаб бериши билан ном чиқарган Зелимхон Ҳайдаров ҳамда Мирзиёевнинг сояси бўлган Зайнилобиддин Низомиддинов. Буларнинг иккаласидан фарқли, Сардор Умурзоқов матбуотга гапирган, блогерлар билан суратга тушган. Бу маънода Умурзоқовнинг ўз шахсияти бор ва у Низомиддиновдан фарқли фақат Мирзиёевнинг эмас, ўзининг ҳам шахсиятини намоён қилади. Соя, аммо мутлақ соя эмас.
Президент Администрациясининг юқорида санаб ўтилган ваколатлари назарда тутилса, шундоқ ҳам ҳукуматдаги лавозимларининг кўплиги билан маҳаллий матбуотда саволлар уйғотган Сардор Умурзоқовнинг қўлида қанчалик катта ҳокимият жамланаётганини сезгандирсиз. Сардор реформатор бўлиши мумкин, аммо машҳур инглиз тарихчи ва сиёсатчиси Жон Дальберг-Актон айтмоқчи, мутлақ ҳокимият одамни мутлақ бузади. Бундан ҳеч ким суғурталанмаган.