Get Mystery Box with random crypto!

Ҳажга борган афзалми ёки Ҳажга бориш учун тўплаган пулини эҳсо | ELDOR BLOG

Ҳажга борган афзалми ёки Ҳажга бориш учун тўплаган пулини эҳсон қилган афзалми?

Баъзи бир одамлар Ҳажга бориш ўрнига шу пулни эҳсон қилган яхши деб ўйлайдилар. Ҳақиқатда шундайми?

Нега энди хайр-эҳсон албатта Ҳаж ҳисобидан бўлиши керак? Бир маҳалладан бир йилда битта ёки кўпи билан иккита одам Ҳажга боради. Шу йилни ўзида 20 ёки 30 та одам спиртли ичимликлар қўйиб, дабдабали тўй қилади.

Нега ҳамма шу бир дона Ҳажга борадиган одамга Ҳажга борма, эҳсон қил дейди, лекин ҳеч ким 20 ёки 30 та одамга тўйни ихчамроқ қилиб, тежалган маблағни эҳсон қил демайди?

Бир маҳалладан бир йилда бир одам Ҳажга борса, шу бир йил ичида 10-15 та одам ундан кўп маблағ сарфлаб, Дубайга, Туркияга, Бали ёки Малайзияга боради. Нега одамлар Ҳажга борма, эҳсон қил дейди лекин, Балига борма, эҳсон қил демайди?

Нега эҳсон ҳам, йўлни таъмирлаш, кўприк қилиш, сув чиқариш, кўчани асфальт қилиш ҳам айнан Ҳажга бормаслик эвазига бўлиши керак?

Одам нима қилса, қилсин Ҳажга бормаса бўлдими? Фалон-фалон ҳаром ишларни қилаётган одамлар, шу ишларни қилманглар, шуни ўрнига эҳсон қилинглар дейдиган биронта ҳимматли одам борми?

Ҳажга кетаётган одам ҳар сафар машинасига бензин ёки газ қуйганида, йўл солиғини тўлайди. Қонун бўйича кўчалар мана шу пул ҳисобидан асфальт қилиниши керак. Ҳажга борма, кўчани асфальт қил дейишга журъати етган мард шу йўлни асфальт қилишга мутасадди бўлган одамга, эй ҳаромхўр, халқни пулини ўз жойига ишлат, йўлни асфальт қилиб қўй дейишга нега журъати етмайди?

Нега бутун оламларни яратган Аллоҳ фарз қилган амалга қарши гапиришга журъати етадиган одамни бугун бор, эртага йўқ бўлган бир кичкина амалдорчага қарши гапиришга журъати етмайди?

Ҳажга борма, у қил, Ҳажга борма бу қил дейишга журъат қилаётган одамлар Кимга ва нимага қарши гапираётганини бир тафаккур қилиб кўришлари керак. Ҳажни ким жорий қилган? Сени Ҳажга борма дейишга ҳаққинг борми?

Ҳажга ёки Умрага борган одам дуолар шак-шубҳасиз қабул бўладиган жойларда дуо қилади. Бир ўзини дуо қилмайди. Оиласини, маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қуда-анда, қариндош-уруғ, элу-юрт, ҳамма-ҳаммани дуо қилади. Ана ўшалар қаторида сени ҳам дуо қилади. Қаердан биласан, эҳтимол айнан шу дуолар барокатидан юртга барака келаётгандир? Қаердан биласан, эҳтимол айнан шу дуо сабаб сени бошингдан биронта бир бало аригандир?

Ҳажга борма у қил, Ҳажга борма бу қил дейиш ўрнига, Ҳожи ака, дуоларингизда бизни ҳам эслаб қўйинг деганинг ўзинг учун яхшироқ эмасми?

Миллиард-миллард доллар пули бор одамлар бор, дининг нима десанг, ислом дейди, лекин пешонаси сажда кўрмаган. Аллоҳ ўзи суйган бандасига пешонасини саждага қўйишни насиб қилади. Ибодат бу мажбурият эмас, ибодат бу бахт. Бу бахтга эришган одамларни кўрганда уларни ҳавас қилиш керак. Ё Аллоҳ, менга ҳам шундай бахтни насиб қилгин деб Аллоҳдан чин ихлос билан сўраш керак.

Ҳар бир иш чин ихлос билан, ишонч билан қилинган ниятдан бошланади. Ният қилишдан аввал ҳавас қилинади. Ҳаж ёки Умрага бориб келган одамларга ҳавас билан қараш керак.

Гап пулда эмас. Яна айтаман, миллиард-миллиард доллар пуллари бор, мусулмонликни даъво қиладиган одамлар бор, Каъбани бориб кўришни, тавоф қилишни қўйинг, ҳатто телевизорда қачон кўргани ҳам эсида йўқ. Агар пули бор одам борадиган бўлса, улар ҳар йили борар эди, ваҳоланки, бирон марта Каъбатуллоҳни тавоф қила олмай ўтиб кетишяпти.

Ҳажга ҳам, Умрага ҳам бойлик билан борилмайди. Таниш-билиш билан борилмайди. Насиб билан борилади. Ният билан борилади. Ихлос билан борилади.

Шундай ҳис-туйғулар борки, уларни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Сўз ожиз. Мўмин-мусулмон одам Мадинаи-Мунавварага бориб, Расулуллоҳ Саллолоҳи алайҳи васалламни масжидларида бошини саждага қўйиб йиғлаганида, қалби Расули акрам Саллолоҳи алайҳи васалламга бўлган муҳаббатга тўлиб-тошганида, руҳияти Расулуллоҳ Саллолоҳи алайҳи васалламнинг руҳоний олами билан боғланганида туйган туйғуларини сўз билан ифода қила олмайди.