Get Mystery Box with random crypto!

ЎЗБЕКСИМОНЛАР Орамизда шундай бир тоифа борки, уни мен ўзбекс | ELDOR BLOG

ЎЗБЕКСИМОНЛАР

Орамизда шундай бир тоифа борки, уни мен ўзбексимонлар (узбекообразные) деб атайман.

Ундай тоифага мансуб кишиларнинг миллати паспортида «ўзбек» деб кўрсатилган бўлса-да, кузатишимга қараганда, улар ўз миллатини, миллий ўзлигини билишмайди, на тилини, на динини танийди улар.
Миллий одобимиз, маънавиятимиз, урф-одат ва анъаналаримизни нафақат билмайди, балки бундай тушунчалардан ўзини нари тутади, ҳазар қилганча, ўзбеклигидан уялиб кетади.

Ўрислар ва ўзига ўхшаганлар даврасида ўзбекларнинг турмуш тарзидан турли мисоллар келтириб, даврани кулдиради, буларнинг барини «узбекская вонь» деб атайди, мазах қилади, ўрисларнинг «ишончини қозониш»га, улар орасида «ўзиники» бўлиб олишга уринади.

Миллатимиз менталитетига мутлақо зид келадиган ишлар қилиб, масалан, қулоғига ўрисларнинг йигитлари тақадиган сирғалар тақиб юради, авлиё Валентин кунини нишонлайди, 23 феврални, яъни ўлкамиз Туркистонни қонга ботирган «Ватан ҳимоячилари куни»ни шонли байрам деб билади, юртимизни босиб олганлар авлоди билан бирга авлиё Георгий тасмасини кўкраги ёки машинасига ғурур-ла тақиб юради, ўрис тилига иккинчи давлат тили мақомини беришни Ўзбекистон ҳукуматидан талаб қиладиганлар сафида бўлади.

Агар унга ўзбекча мурожаат қилинса, ё қўлига давлат тилида битилган ҳужжат тутқазилса, довдираб, гўё портлаб кетадиган хавфли нарса ушлаб тургандай ўзини йўқотиб қўяди.

Раҳбарият таркибига мансуб амалга ўтириб қолса борми, ишга фақат ўрислар ва ўрис тилида гапирадиганларни олиб, қўл остидаги ўзбекларга кун бермайди, ишга тааллуқли ҳужжатларни фақат ўрис тилида юритиб, ўрис тилида расмийлаштиради.

@eldor_24