Get Mystery Box with random crypto!

#Рамазон #Рўза #Саҳарлик #Ифторлик Муқаддас рамазон ойи кириб | Fazliddin Mo'min | Blog

#Рамазон #Рўза #Саҳарлик #Ифторлик

Муқаддас рамазон ойи кириб келиши муносабати билан обуначиларимиз учун тавсиялар:

Соғлом саҳарлик учун

Оғизни ёпишдан олдин, саҳарлик пайтида енгил овқатланинг. Бу айниқса рўза тутишни мақсад қилган катта ёшдагилар, ўспиринлар, ҳомиладор аёллар ва боласини озиқлантираётган оналар ҳамда болалар учун ҳам муҳим.

Енгил нонушта сифатида сабзавотлар, таркибида углевод ва клетчатка мавжуд бўлган донли нонлар ёки булочкалар, сут маҳсулотлари (тузсиз пишлоқ, сузма, сут) ва/ёки тухум каби оқсилга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг.

Секинроқ ва эҳтиёжингизга мос равишда овқатланинг. Кўп миқдорда овқат ейиш жиғилдон қайнаши (меъда қайнаши, зарда) ва безовталикни келтириб чиқаради.

Саҳарлик учун овқатларга мисол:

— 2 бурда нон;
— сабзавотли омлет ёки қайнатилган тухум;
— тўғралган сабзавотлар;
— пишлоқ ёки сут маҳсулотлари;
— ва албатта, етарлича сув ичинг.

Соғлом ифторлик учун маслаҳатлар

Ифторлик пайтида соғлом ва меъёрида овқатланиб, қувватингизни тўлдириб олинг. Рўзани сув билан очиш ифторликни бошлашнинг анъанавий ва соғлом йўли ҳисобланади.

АҚШдаги Cornell University мутахассисларининг ёзишича, организмга овқат киришидан олдин сув ичиш танани суюқлик билан озиқлантиришнинг энг яхши йўлидир. Лекин рўзани очибоқ бирданига кўп сув ичиб юборманг. Бир вақтнинг ўзида кўп миқдорда сув ичиш инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланган сув интоксикациясига олиб келади.

Организмни муҳим витаминлар ва озуқа моддалари билан таъминлашда ифторлик менюсига кўплаб сабзавотларни қўшинг. Шунингдек, организмни қувват ва клетчатка билан таъминлайдиган бутун донли (янчилмаган ва тозаланмаган) маҳсулотларни истеъмол қилинг. Печда ёки грилда пиширилган ёғсиз гўшт, терисиз товуқ ва балиқ тановул қилиш орқали организмингизни соғлом оқсиллар билан бойитинг. Умуман олганда, ёғ ва шакарга бой, қовурилган ҳамда қайта ишланган маҳсулотлардан ўзингизни тийинг. Секинлик билан тановул қилиш сизга ҳаддан ортиқ кўп овқат емасликка ёрдам беради.

Ифторликдан сўнг кўп ширинлик ейишдан ўзингизни тийинг!

Рамазон пайтида кўп истеъмол қилинадиган ширинликлар таркибида катта миқдорда шакар бўлади. Бу медаости бези билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки куни билан қондаги глюказа миқдори нисбатан паст бўлади ва бирданига ифторликдан сўнг глюкоза миқдорининг ошиши ёши катта одамлар учун мақбул эмас. Ширинлик сифатида сувга бой бўлган мавсумий меваларни истеъмол қилинг.

Ифторлик учун овқатларга мисол:

— уйда пиширилган сабзавотли шўрва;
— яшил салат ёки бошқа сабзавотлардан салат;
— фаршли сабзавотлар (қовоқча, бақлажон, узум барглари);
— печда пиширилган товуқ;
— кўп миқдорда сув ичиш, таъмни яхшилаш учун лимон бўлаклари ёки ялпиз қўшинг.

Соғлом овқат пишириш :

— Ёғларга бой бўлган маҳсулотлар, айниқса ёғли гўшт, қатламали хамирдан, ёғ/маргарин ёки сарёғ қўшилган хамирдан тайёрланган маҳсулотлар истеъмолини камайтиринг.
— Қовуришнинг ўрнига овқат тайёрлашнинг бошқа усуллари: буғда пишириш, соусда пишириш, кичик миқдордаги ёғда қовуриб, печда пишириш каби усуллардан фойдаланинг.

Таркибида катта миқдорда туз бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилманг: сосиска, қайта ишланган ва тузланган гўшт ва балиқ маҳсулотлари, тузланган бодринг, зайтун меваси, тузли пишлоқлар, газак маҳсулотлар, турли хил тайёр крекер, салат, соус (майонез, кетчуп, хантал).

Овқат тайёрлаётганда туздан иложи борича камроқ фойдаланинг ва имкони бўлса туздон стол устида турмасин. Пиширилаётган овқатларнинг таъмини яхшилаш учун турли хил кўкатлардан фойдаланинг.

Қандли диабет ва гипертонияли кишилар:

1-тур қандли диабет билан оғриган беморларга рўза тутмаслик маслаҳат берилади. 2-тур қандли диабет ва гипертония касалликлари борлар ўз ҳолатларини парҳез ёки дорилар билан назорат қила олган тақдирда рўза тутишлари мумкин. Улар бу борада ўз шифокорлари билан маслаҳатлашишлари керак. Шунингдек, ошқозон билан боғлиқ муаммолари бор инсонларга ҳам рўза тутиш тавсия этилмайди.

@doctor_Muminov