Get Mystery Box with random crypto!

КУЛРАНГ ПАРДАЛИ ДЕРЕЗА. Қўлида овқат солинган косалар терилга | @BekalarUchun

КУЛРАНГ ПАРДАЛИ ДЕРЕЗА.

Қўлида овқат солинган косалар терилган патнисни олиб кирган Сафармо Зулхуморнинг ҳам қаҳрли, ҳам беписанд ва нафратомуз нигоҳидан бир дам ўзини йўқотиб қўйди. Хонтахта устига патнисни қўйиб дастурхон атрофидагиларнинг олдига устига ошкўклар сепилган лағмонни қўяр экан яна навбат Зулхуморга келганда унга ҳадиксираб қаради Сафармо. Овқатни, қатлама патир, салатларни ҳамма мақтаб мақтаб еди.
Фақат Зулхумор лағмондан бир икки қошиқ еган бўлдию, бошқа ҳеч нарсага қўл ҳам урмади. Овқатдан кейин келтирилган ёнғоқли ҳолвайтар ҳам ҳаммага маъқул бўлди.
- Зулхумор?... Ол қизим, нега ҳеч нарса емаяпсан? Сафармо фарзандларингиз келади деб икки кундан бери тараддуд қилади деди Эгамберди ака қизининг олдига ҳолвайтарни яқинроқ суриб.
- Э, ҳақиқатда борку, гап йўқ пазандалигига Сафармонинг. Ошга жой сақлаб турибман. Хотин, бу ҳолвайтарни қанақа тайёрланишини сўраб олгин Сафармодан. Гулбаҳор иккаланг пиширасан туғилган кунимда. Зулхуморнинг бугун кайфияти йўқ, унга гапирмай турай. Шунча мазали ноз неъматдан қуруқ қоляпсанааа Зули? Акаси Солиҳжоннинг ҳазилига янгаси ва опаси Гулбаҳор кулимсирашган эди, Зулхумор зўрға турган эканми, тутақиб кетди.
- Ҳа акажон, кайфиятим йўқ. Ноз неъматни Сизлар енглар, мен егандек! Хайрият онам ўлиб Тожикистондан уруш бўляпти деб етим боласини судраб қочиб келган шу Сафармога дадам уйланган эканлар. Бўлмаса мазали ноз неъмат емай кетаркансизлар!
- Зули! Зулхумор опаси Гулбаҳорга еб қўйгудай қараб вишиллади:
- Нима Зули?! Нима Зули?!Онагинам ҳеч ширин таом пиширмаган эканларда а?!Сафармо келгунча ширин ош емаган экансизларда?!
Боятдан бери бошини эгиб вазмин ўтирган Эгамберди ака бошини кўтариб қизига тикилди.
- Сен қачон бунақа бағритош бўлиб қолдинг қизим?Сафармода нима айб? Амакинг, аканг, опангни қистови билан мен уйландим унга. Ўзи келгани йўқку? Нега бунча уни турткилайсан? Зулхумор отасидан бунақа гап кутмаган экан шекилли гезариб кетди. Кўзи жиққа ёшга тўлиб музтаргина бўлиб ўтирган Сафармога ғазаб билан қаради.
- Мен турткилаб нима қилибман дадажон? истеҳзо билан сўради у. - Сизнингча онамнинг ўрнида бошқа аёлни кўриш осон эканда бизга? Сиз унутган бўлсангиз унутгандирсиз, биз онамни унутганимиз йўқ.
- Ўчир овозингни! Зулхумор акасининг қаҳрли овозидан сапчиб тушди. Лаблари титраб акасига бироз қараб турдида ўрнидан туриб уввос солганча чиқиб кетди. Синглисининг ортидан чиқмоқчи бўлиб туришга чоғланган Гулбаҳорни акасининг қаҳрли нигоҳи қайтиб ўрнига ўтқазиб қўйди.
- Кузатиб қўяй девдим ака... Кўнгли учун. Ҳеч ким ортимдан чиқмади демасин-ботинмайгина деди Гулбаҳор акасига мўлтираб.
- Керакмас! Биров унга заҳр-марг дедими?!
- Солиҳжон?... Оғир бўл болам. Зулхумор... кенжамиз. Онангнинг эркаси эди. Энди... Тушунишга ҳаракат қилайлик ўғлим. - Отасининг бу гапидан сўнг Солиҳжон чуқур уҳ тортиб жим қолди. Эгамберди ака азалдан хотиржам ва босиқ одам эди. Лекин ҳозир бармоқлари титраётганидан унинг ҳам асаблари таранг тортилиб турганини билдириб турарди. Хотини вафот этганидан сўнг орадан уч йил ўтиб мана шу Сафармони болалик дўсти Асқар дангал сабаб бўлиб уйига олиб келишди.
- Эгамберди, хабаринг бор Тожикистондан уруш сабаб бечора халқ қочқин бўлиб юрибти. Хотинимнинг укаси янги уйга кўчиб ўтгач эскиси бўш экан. Ўша ерда бир оила яшаяпти. Бир келинчакни хотиним сенга маъқул келармикан деяптида шу десанг. Ўттиздан ўтган, қирққа етмаган экан. Биргина тўрт ёшли боласи билан омон қолибти, уч боласи ва эри вафот этишибти. Бир кўрасанми а, жўра? - Аскар дангал саломдан сўнг сўрашишни ҳам унутиб мақсадини бира тўла баён қила қолди.
- Ман кўрганим билан манга тегаман деб кўзи учиб турган эканми? кулди Эгамберди ака. - Эллик еттини уриб қўйган бир чолга тегарканми у ҳали қирққа етмаган бўлса? Аввал бундоқ уйга кир, бир пиёла чой ич. Дарвозадан кира солиб совчиликни бошлайсан?