Get Mystery Box with random crypto!

Қараса, юмшоқ ва илиқ тупроқлар устида болалигида онаси билан | @BekalarUchun

Қараса, юмшоқ ва илиқ тупроқлар устида болалигида онаси билан жуда кўп марта ўйнайдиган, болалигининг деярли доимий ҳамроҳи бўлган қўнғизлар бош чиқариб туришибди. Бурчакда, майитнинг оёқ тарафида қуртлар ҳам юришган экан. Асқарали яхшироқ разм солиб, уларни ҳам таниди. Танигани ҳамон ичига бир ёруғлик инди.
– Сизлар шу ердамисизлар? – Деган ўй кечди хаёлидан. –  Яхши бўлди, ойим ёлғиз қолмас экан.
– Чиқинг энди! – Деди қўлида товоқдек тегарак ғиштни тутиб олган гўрков.
– Яхши боринг, ойи! Йўлингиз бехатар бўлсин! Оллоҳимнинг паноҳида бўлинг! –  Дея Асқарали гўрдан чиқди.

***
Қабристон ҳам шундоқ ярим чақирим нарида бўлгани боис одамлар пою пиёда келишганди, яна шундай қилиб пою пиёда қайтишди.

Асқарали ҳовлига кирса, онасининг уйчаси олдида учта набираси қатор туриб олиб йиғлашаётган экан. Яқинроқ бориб уларни бир-бир қучоқлаб пешоналаридан ўпар экан, сер солиб боқса, набиралар кулаётгандек туюлди.  – Тавба, – деди у ва ён-атрофдаги одамларга бир-бир қараб чиқди, астағфируллоҳ, йиғлаётганларнинг ҳаммаси кулиб турганга ўхшарди. – Нималар бўляпти ўзи?  – деди-ю, лекин шу он ўзининг ҳам лаблари жилмайиб турганини фаҳмлаб, лол қотди.

Ҳа, негадир ҳамма хурсанд эди. “Йиғлайман” деган қариндошлару яқинларнинг ҳам кўзёшлари тездагина қуриб, унинг ўрнида ёмғирдан сўнг кўкда пайдо бўлган қуёшдек порлаб кўзлар чақнарди. Негадир шундай эди. Бунинг сирини ҳеч ким билмас, суриштириб ҳам ўтирмас, билиб-сезиб турганлари – негадир ҳамма жуда-жуда бахтиёр эди. Шунчаларки, иложи бўлса, бир-бирларини маҳкам бағирларига босиб, нима биландир қутлагиси келарди уларнинг. Ҳаммалари ҳаммаларининг!..

Имом ҳовлига кириб келгач, қайтадан саф тортилиб, марҳуманинг ҳақига яна Қуръон тиловат қилинди “омин”лар айтилди, юзлар силанди. Бегоналар бирин-сирин хайр-хўшлашиб чиқишди. Қариндош уруғ, қўни-қўшнилар эса қолишди.
Шундан сўнг чор томондан товоқларда овқатлар кела бошлади. Бири кетса, иккинчиси келди, иккинчиси кетса, учинчиси... Худди осмондан ёғилган чалпаклардек потраб кетишди улар – турли хил лаззатли таомлар сузилган лаганлар. Тўйтовоқларга ўхшарди улар...

Куни бўйи оёқда тик туриб, қабристонга бориб келиб очиққан одамлар лазиз таомлардан тановул қилишди, суҳбатлашишди, ҳатто ора-сира кулишди ҳам. Вақт ўтгани сари эса, кулгулар баралла эшитила бошлади. Ҳа-ҳа, баралла! Аммо ҳеч ким “бу – яхши эмас!” демади. Чунки “яхши эмаслиги”га доир бирон сабаб, бирон далил йўқ эди. Қайтага “Бу  – яхши! Ҳатто жуда яхши!” деган сезим кўкламда оламни тутган хушбўйдек атрофни тутиб кетганди.

Хушбўйларга бурканган кун кечиб, тун чўкди.
Бир ўғил, тўрт қиз, невараю эваралардан бошқа ҳамма уй-уйига, тепа тўйига кетди. Энди эртамандан, қуёш чиқмасдан бурун яна келишади улар.

Бу орада осмонни тўлдириб ой чиқди. Худди эрталабки қуёш янглиғ кўк юзини ўз ёғдусига чулғаб чиқди ой. Тўлин ой эди у, тўлган ой...

Улуғбек ҲАМДАМ,
09.05.2023


@BekalarUchun
https://t.me/joinchat/AAAAAEr77g1BcYHrWupM0g