Get Mystery Box with random crypto!

– У қачон эди? – яна савол бўлди. – Унга эллик йиллар бўлди. | @BekalarUchun

– У қачон эди? – яна савол бўлди.
– Унга эллик йиллар бўлди. Ойим қирқ, акам эса ўн тўққиз ёшда эди. Она тирик туриб фарзанд гўрга кирмасин экан. Ўшандан бери ойим “яшашдан уяламан” дердила. Лекин нима қилсинки, ўғлидан кейин яна ярим аср яшадила.
– Тўхтанглар! Бугун акамлани туғилган куними? – Сўради Сурайё.
– Ҳа, туғилган куни! – Дейишди бир овоздан қизлар, ҳайратланишиб.
– Ойимла акамлани туғилган кунида ўлибдилар-да?
– Ҳа...
– Тавба!..
Кейин мавзу яна ўлимликка бурилди.
– Қирқ ёшдан кейин ўлимлик йиғишни бошлаган эканлар-да?..
– Ҳа, қирқ ёшдан кейин сочга оқ, сандиққа эса ўлимлик тушади-да, ўзи.
– Сурайё, бу сандиқ сенга! Очиб, ичидагиларни чиқар!..
– Муқаддас, бу сенга!
– Муниса, сен буни ол!
– Мен эса бунисини кўраман, – деди Муҳайё.
– Эҳ-ҳе, буниси ўтган асрнинг етмишинчи йилларидаги ироқи совунлар-ку! – Ҳайратланди Сурайё.
– Манавинда гирбишинлар бор экан. Булар ҳам ўтган асрда кийилган матолар, воҳ!..
– Манда эса зам-зам сувлар бор экан. Эскиси эмас, ўтган йили қадоқланган идишлардаги зам-зам сувлар!
– Демак, ойим шу кунгача ўлимлик тўплайверганла. Сира эринмаганла.
– Шундайга ўхшайди.
– Мандагисида қучоқ-қучоқ дастрўмоллар!
– Бунча дастрўмол кимга керак?
– Кутилмаганда ўлим бўлиб қолса, келган одамга тарқатилган, кўзёшларини артсин деб.
– Ҳозир деярли йиғлашмайди-ку!
– Илгари яқинларни қўй, етти ёт бегоналар ҳам йиғлашган. Лоақал ўз дардини айтиб йиғлашган илгари.
– Ҳозир-чи?
– Ҳозир одамлар ўз дардига ҳам йиғлашмай қўйди.
– Биз ойимлага йиғлаймиз, тўғрими? – Деди Мунисанинг ичига ҳадик ўрмалаб.
– Бу нима деганинг, йиғлаймиз, албатта! – тинчлантирди катта қиз Муҳайё.

Улар сандиқдан чиққан рўмолчаларни чиқариб тарқатишди, ўзлари ҳам олишди. Сўнг тўрт қиз бараварига “ув” солиб йиғлаб беришди. Оққан кўзёшларини ана ўша рўмолчалар билан артишди. Бироқ кўп ўтмай уларнинг кўзёшлари севинч ёшларига айланиб, қорачиқларида аллақандай рози-ризолик милтиллаб қолди.

Худди шундай, ҳол сўраб келгувчиларнинг юзларида ҳам қайғу, мусибатдан кўра севинч кўпроқ акс этарди...
– Мана, яна битта сандиқ! – Асқаралининг хотини Шаҳодат кўк сандиқни судраб кириб келди.
– Янами?! – Ҳайратланишди қизлар.
– Очинг-чи, нима борикан унда?

– Бу ерда азага киядиган кийимларимизни тахлаб қўйгандила ойимла, – келин сандиқни очиб, туюқ яшил рангда тикилган сарполарни қизларга бир-бир узатди. – Кийиб олинглар! Ойимла шуни истагандила!

Қизлар келиннинг гапига сўзсиз бўйсинишиб, кийимларни дарров кийиб олишди.
Либослар ҳар бирига ўлчаб тикилгандек эди. Ҳаммалари азага эмас, гўё тўйга бораётгандек чиройли бўлиб қолишди.
– Вой, мунча чиройли!
– Ҳа, жудаям кўркам экан!
– Манависи ман билан акангларга! – Шаҳодат келин ўзиникини кийдию, эрига аталган тўн, белбоғ ва чорсини олиб чиқаркан деди:
– Аканглар ҳам кийиб олсинла!
– Вой ойимлар-ей, ҳаммамизни ўйлабдила, ҳаммамизни!
– Бошдан охир, маросимни ҳамма жойини ўйлаб, ҳозирлик қўриб қўйибдилар-ку!.. Оллоҳ раҳмат қилсин ойижонимизни!..
– Омин!
– Омин!
– Ювғич келяпти, Муҳайё опа! Қизлардан ким ёрдамлашади?..
– Мен! – Дик этиб ўрнидан турди Муҳайё!
– Мен ҳам! – Бу Сурайё эди.
– Биз ҳаммамиз! – Дейишди Муниса билан Муқаддас.
***
Шундай қилиб, пешинга онани кузатишди.
– Тупроқ қаттиқ эмасканми, қазишга қийналмадингларми? – сўради онанинг тўнғичидан кейин туғилган, тўртта қизнинг орасида ўсган биттаю битта ўғил – Асқарали.
– Аксинча, жудаям юмшоқ чиқди тупроғи. Қабр шундай осон қазилдики, айрим жойларида лопаткаю кетмонга ҳам ҳожат қолмади, тупроқни қўлимиз билан суриб қўя қолдик.
– Яхши, – деди Асқарали ва гўрковнинг ёнига – қабр ичига сакраб тушиб олди. – Ўзим қўяман.
– Албатта, – тисарилди жилмайганча гўрков.
– Тобутдан майитни аста олиб узатинглар! – Буйруқ янгради ҳавода.
– Шошилманглар!
– Майит билан бирга устига ёпилган ёпинчиқни ҳам тортинглар!
– Мунча енгил!
– Ҳа, қушдек!

“Бир-икки” дегунча майитни “тўрт оёқли чўбин от”дан тушириб, мангу от – лаҳадга олиб киришди. Лаҳад ичида уни Асқарали қабул қилиб олди ва онасининг жасадини юмшоқ ва илиқ тупроқ бағрига аста қўйди. Бошини авайлаб қибла томон бурди. Оёқларининг узалиб, бемалол ётишини текширди.