Get Mystery Box with random crypto!

— Мен уни ўлдираман! — асабий пичирлади Қурбон.  — Бўғизлайман | @BekalarUchun

— Мен уни ўлдираман! — асабий пичирлади Қурбон. 
— Бўғизлайман уни, ошна!.. Ўзим ҳам анчадан бери пайқаб юрардим. Энди… Менга қара, чўнтагимда бир тийин ҳам пулим қолмабди. Ҳали мамашка пенсиясини олса қайтараман. Битта винога пул бер.
Шароф совуқ тиржайди.
— Олмаса-чи?
— Нимага олмас экан? Ернинг тагидан бўлсаям топтираман… Олсанг-чи!..
— Бўпти, кечгача қайтарасан. Ўзинг биласан, менам ошиб-тошиб кетганим йўқ. Хотиндан яшириб-нетиб амаллаяпман…
Икки улфат Шарофнинг охирги пулига яна бир шиша вино олиб ичишгач, тарқалишди. Лекин бу билан Қурбоннинг хурмачаси тўлмади. Шарофдан эшитган гап қонини қиздирар, тезроқ уйга қайтиб, Маржон бувидан пул ундириш илинжида ҳовлисига ошиқди.



* * *



— Қанжиқ! — йўл-йўлакай сўкиниб борарди Қурбон. — Ҳиқилдоғимга келди ҳаммаси!.. Ҳаммасига мана шу кампир айбдор. «Яхши жойдан экан» деявериб ҳол-жонимга қўймаган.
У ҳовлига бостириб кириб келганда, Маржон буви томорқада энди униб чиққан маккажўхорини ўтаётганди. Юрак олдириб қўйганиданми, ўғлининг йўталганини эшитиб ўрнидан турди.
— Ҳой буви, қайдасиз? Чиқмайсизми мундай!
— Мана ҳозир, кетаяпман, болажоним!..
Маржон буви букчайган кўйи Қурбонга рўпара келди.
— Ҳа Қурбонбой, тинчликми, болам?.. Иссиқ чой қўйиб берайми?
— Чойни бошимга ураманми? — ўшқирди у кампирга кўзларини чақчайтирганча тикилиб. — Пул беринг менга, пул! Пенсия олингандир?
— Вой, қаёқда? — жилмайиб деди Маржон буви. — Ҳали ўн кун бор-ку пенсияга!..
— Ёлғон гапирманг!.. Анчадан бери сезиб юрибман, пул яширишни ўрганиб олгансиз. Чўзинг тез, бош оғриб кетяпти!..
— Жон болам, қари бувингнинг гапигаям ишонмайсан-а?.. Сендан яшираманми? Гўримга олиб кетармидим яшириб? Ахир, бор-йўғим сеники-ку, ўзингам яхши биласан-ку!
— Менга қара, кампир, — Қурбон беихтиёр сенсирашга ўтди. — ҳозир жаҳлим чиқиб турибди. Озгина кайфим ҳам бор. Э, бувим бўлсанг ҳам аяб ўтирмайман. Топиб бер дедим пулларни!..
— Қўй болам, жон болам, мени урма! — ялина бошлади Маржон буви қалтираб. — Гуноҳга ботма!.. Бўпти, ҳозир анави… Қўшнидан қарз олиб бераман, фақат мени урма, гуноҳ бўлади!..
— Бўпти, бўлинг тез! — деди Қурбон пулнинг дарагини эшитгач «сиз»лашга ўтиб. — Сизга беш дақиқа муҳлат. Беш минг топиб чиқасиз…
Маржон буви югургилаганча бориб қўшниси Ойнисанинг ҳовлисига кирди. Ойниса бозорда эри билан майда-чуйда сотиб рўзғорини тебратарди. Қўшни кампирнинг ранги ўчиб кетганини кўргач, ташвиш аралаш сўради:
— Ҳа, эна, сизга нима бўлди? Бирор ерингиз оғрияптими?
— Оғриса кошкийди, қизим! — деди кўзини олиб қочиб Маржон буви.
 — Қурбон қурмағур яна ичиб кепти. Пул топиб кирмасам ўлдириб қўяди мени!..
— Вой, — Ойниса кампирни қўлтиғидан олиб сўрига бошлади, — Нимага ўлдиради сизни у ярамас?.. Қани, ўтиринг-чи, эна.
— Ҳалидан бери ҳол-жонимга қўймайди, пенсиянгни бер, деб. Йўқ десам ишонмайди. Шунга… Жон қизим, беш минг сўм бериб турмасангиз бўлмайди. Худо хоҳласа, ўн кундан кейин пенсиям келади, қайтараман…
— Нега маҳаллага чиқиб арз қилмайсиз? — тутоқиб кетди Ойниса. 
-- Адабини бердириб қўйсангиз бўлади-ку! Ахир, онаниям шунақа хўрлайдими?
— Номус қиламан, Ойнисахон, одамлардан номус қиламан. Туққан боласининг устидан арз қилиб юрибди, бу кампирнинг мияси суйилиб қопти, дейишмайдими?..
— Бирор нарса қилиб қўйса, унда нима бўлади?! Эҳ, эна-ей, биламан, қачондан бери Қурбоннинг қилиқларига чидаб келяпсиз… Унингизнинг-чи, Хосият адабини берсин, ҳа!.. Бугун бозордан чиқиб келаётсам, қанақадир мўйловли бир олифта иккаласи шашлик еб ўтирибди, ўлгур! Вой, барибир қўшничилик-да, ғалати бўп кетдим. Одамлар худди қўлларини бигиз қилиб мени кўрсатиб таъна қилаётгандай туйилди!..
Маржон буви рўмолчасини олиб, кўзларидаги ёшни артаркан бош чайқаб қўйди.
— Нима қилай? Ўшанда адашдим. Бировлар мақтаса, лаққа тушиб қўя қолибман. Шунинг учун болам ичкиликка берилиб кетдимикан, деб ҳам ўйлайман… Майли, пешонага ёзилгани-да!.. Қизим, келинг, ўша зорманда пулни бериб туринг, бошим балодан қутулсин, ўргилай!..