Get Mystery Box with random crypto!

Гўё ҳеч нарса бўлмагандай Маржон бувининг хонасига кириб, сало | @BekalarUchun

Гўё ҳеч нарса бўлмагандай Маржон бувининг хонасига кириб, саломсиз-аликсиз тўппа-тўғри токчадаги чойнакка ёпишди…
Ярим чойнак чойни бир кўтаришда симирди. Маржон буви бошини эгганча каравотида жим ўтирарди.
— Ҳм-м, жа қовоғингиздан қор ёғаяпти? Тинчликми?.. — дағдағали оҳангда сўз қотди Қурбон.
Маржон буви рўмолчаси билан кўзларини артди, кейин бошини кўтариб:
— Йўқ, ҳеч нарса… — деди паст овозда. — Ўзим… Ўтирибман-да, болам!..
— Анави мегажин қани?
— Ким, болам?
— Ким бўларди? Хосиятни айтяпман…
— Ким билсин? Менга ҳисоб бермаса. Эрта тонгда кийиниб чиқиб кетди.
— Жонимга тегиб кетди шу хоти-ин! — тўсатдан бақириб ташқарига йўналди Қурбон. — Нимага яшаб юрибман у билан?.. Нимага-а?!
Маржон бувининг ичини нимадир тирнаб кетгандек «их»лаб қўйди.
— Вой ношуд бола-ей!.. Шундан бошқаси тегармиди сенга?.. Тенгингни топгансан-да, нима қилай-й-й?



* * *



Қурбон жаҳл билан одимлаб дўконга қараб кетди. 
Тилаволдиларнинг дарвозаси тўғрисига етган пайтда, мачит тарафдан Йўлдош қорининг қораси кўринди. Қурбон қорига кўзи тушса тошбақадай бошини ичига тортар, ундан чўчирди. Отаси тенги бу одамнинг уни кўрди дегунча насиҳат қилишидан, танбеҳ бераверишидан безиллаб қолганди. 
У ўзини кўрмаганга олиб ўтиб кетаётганди, туйқусдан қорининг ўзи уни тўхтатди:
— Ҳой Қурбон, саломниям ароққа қўшиб ичиб юбрганмисан, нима бало?
— Ие, узр, қорака, кўрмабмиз-да! — Қурбон зўрма-зўраки тиржайиб ортига ўгирилди. 
— Ассалому алайкум!..
— Ваалайкум ассалом!.. Каллаи саҳарлаб йўлга тушибсизми?
— Ҳа… энди… Ўзингиз биласиз-ку. Бирров дўконга ўтиб келмоқчийдим.
— Ҳе, дўконга чиқмай ҳар нарса бўл! — қорининг ҳасса тутган ўнг қўли титраб кетди. 
— Нега кеча бувингни кўчага ҳайдаб солдинг!
— Нима?! — Қурбон ҳайрон бўлиб бошини қашлади. 
— Ўлибманми кўчага ҳайдаб? Қўйинг-э!
— Ана, Тилаволди оқшом уйингга кириб кўрибди-ку!.. Сасиб ётганмишсан. Хотининг иккаланг шу кампирнинг бошини ер экансанлар-да!.. Қара, болаларинг бўй етиб қолди. Ўласанми уларнинг ғамини есанг, бувингнинг дуосини олсанг?! Ўлим ҳаммамизга ота мерос. Эрта бир кун чироқ ёқиб қидирсанг ҳам тополмайсан бувингни! Ичкиликка бало борми?..
Қурбон қорига маъноли кўз қисиб қўйди.
— Ҳа энди, қорака, ўзлариям бир пайтлар… Отам раҳматли айтарди…
— Ўчир овозингни!.. Сен мендай бўлгунча ҳали икки марталаб кўкариб чиқасан…
«Қори билан ҳазиллашиб бўлмайди. Жаҳли чиқса, маҳаллани тўплаб шарманда қилишданам тоймайди…» деган фикр ўтди Қурбоннинг миясидан. Қори ҳассасини юқорига кўтарганини кўриб, у ҳиринглаганча дўкон томон югуриб кетди…


* * *



Дўкон рўпарасида, одатдагидай, улфати Шароф мироб қунишиб турарди. Қурбонни кўриб унинг чеҳраси ёришиб кетди.
— Зап келдинг-да, ошна! — деди у шеригининг елкасига қоқиб. 
— Ўзи… Шу десанг, шерик тополмай тургандим. Кейин-чи, сенга бир хунук хабарим ҳам бор…
— Қанақа хунук хабар? — тўнғиллади Қурбон. 
— Айтавермайсанми?
— Йўқ, олдин биттани бўшатайлик, айтиш қочмас…
Улар дўкондан олиб чиқишган винони бир четга ўтиб иккита стаканга бўлиб қуйишди. Сал ичлари қизиб, юз-бурунларига қизил югургач, Шароф юзига хавотирли тус бериб, бош чайқади.
— Сен анави… хотинингни… қўйвор! — деди у томдан тараша тушгандай. 
— Сенга тўғри келмайди… Э, биз ҳали ёшмиз. Юрасанми ўшанинг этагига осилиб?
— Вей! — шишадошининг ёқасидан олди Қурбон.
 — Гапирадиган бўлсанг, очиқча гапир! Нима демоқчисан ўзи?
ароф бир зум сукут сақлади, кейин ижирғаниб тупурди.
— Тўғриси, боя хотининг… бир «Волга»га ўтириб кетворди.
— Ним-ма? Оғзингга қараб гапир!
— Қўйвор! — Шароф ёқасига ёпишган Қурбоннинг қўлларини силтаб ташлади-да, ортга тисарилди. — Жа индамаса… Ўзим кўрдим деяпман-ку!.. Бунинг-чи, сени аҳмоқ қилиб юрибди, холос… Тўғри-да, ишламаган одам қайси хотинга ёқарди?
Шу гапдан сўнг Қурбоннинг муштлари тугилди…
Ҳа, кўнгли сезиб юрганди. Хотинининг хиёнат қилиб юрганини пайқагандек бўлганди. Аммо исботи йўқ эди, шу боис тилини тишларди… Мана, энди исбот топилди. Кўнглидаги гумонлар ойдинлашди энди…