Get Mystery Box with random crypto!

(Шоир Асқар  Маҳкамнинг ёрқин  хотирасига бағишлайман) Ҳар то | Аъзам ЎКТАМ шеърлари

(Шоир Асқар  Маҳкамнинг ёрқин  хотирасига бағишлайман)

Ҳар тонг деразадан илҳақ боқардим,
Дунё сузиб юрар эди булутдек....
Ҳурлар остонамга бошини қўйиб
Тунлар юпатарди Азизим, кут, деб...

Қумлоқларга кўмиб болалигимни,
Темир шаҳар аро Ишқни ахтардим.
Ай, дунё, билмайсан, оёғинг  қучиб,
Қон йиғлаб, тангрига сени мақтардим...

Мен эмас, қувғинди Одам  ғалати -
Йиртар ошиғининг яқоларини.
Ё ўтда ёқади, ё хочга осар,
Сўнгагидан танир  даҳоларини...

Минг йилки, Одамни Одамдек излаб,
Телбалар (тангридан бир хат) келади.
Мен кетсам, ўзимдек хомуш, мажнунваш,
Шодмонқул келади, Шуҳрат келади.

Ана Кофарниҳон соҳилларида,
Тушларини сувга айтар сулувлар.
Кўзлари умримдек сарғайган бувим
Йиртиқ ковуш билан дунёни  қувлар...

Тупроққа сиғмайди бизнинг сўзимиз -
Товонлардан сизиб чиқади қондек.
Мен эса қабримда Маҳшарга қадар
Шовуллаб ётаман Кофарниҳондек...

Шуҳрат ОРИФ

@shomuz  -  Yo‘limiz  bir!