2023-04-16 08:19:34
ЭРАМ
12 mart 2023. Muallif: Гулбаҳор Рахматуллаева
#ЭРАМ
17-қисм
(давоми)
- Жаннат ... - бир ютиниб тилга кирди Саид Исмоил , - сиз вақтни йўқотманг дегандим . Қолаверса "Ҳаёт қўшиғи" кольесининг кўришлар сони учун ҳам ҳисобимда анча пул тўпланган. Бу ҳаққи ҳалол сизнинг насибангиз бўлади..
Умуман олганда барчамиз инсонмиз. Инсон учун эса энг аҳамиятлиси унинг инсонийлик бурчидир. Бу бурчни сидқидилдан бажарганлар мукофотини албатта оладилар . Бу дунёда амал бор , ҳисоб йўқ. У дунёда эса ҳисоб бор , амал йўқ. Шундай экан амал эшикларимиз ёпилгунга қадар имконни қўлдан бермаганимиз афзал.
Фирдавса Саид Исмоилга анграйиб қараб қолган эди. У йигитни бунчалик кўнгли тоза, теран фикрлайдиган инсон деб ўйламаган эди.
Қиз шу чоққача қилган ёрдами учун Гавҳархондан чексиз миннатдор бўлиб келганди. Гавҳархоннинг илтимоси ва таклифига кўра Саид Исмоилга қарши битимни имзолаганда ҳам аёлнинг собиқ турмуш ўртоғи бу тариқа ўч олинишга муносиб инсон деб ҳисоблаганди.
Бироқ бугун илк бора Фирдавсанинг юрагида Гавҳархонга нисбатан шубҳа уйғонди.
"Наҳотки аёл киши ўн уч йил давомида турмуш қурган жуфтини яхши танимаса ,- ўйлади Фирдавса , - демак , опанинг ўзида ҳам бир гап бор шекилли. Балки кўп гап бордир ?"
Фирдавса шуларни ўйлай туриб касалхонада бўлган вақтида Гавҳархонга пулдан ёрдам сўраб ёзган смс мактуби ёдига тушди. Энди нима қилади ? Бу собиқ жуфтликларнинг қай биридан ёрдам олиш мақсадга муофиқ ? Гавҳархон шарт эвазига қарз бермоқчи ... Саид Исмоил эса ўзининг айтиши бўйича инсонийлик юзасидан . Ким билсин ? Балки бу таклифнинг ҳам ортидан бирор ният кўзланган бўлса-чи ?
Фирдавсанинг хаёллари чалкашиб ўз бошвоғини йўқотиб қўйди.
Тўғри , аввалги яшаб юрган квартираларини сотганидан ҳам бирмунча пул қолган. Аммо онасининг муолажаси сабаб у пулнинг ҳам чўғи камайиб кетди. Фирдавса ойиси дастлаб дардга чалинган вақт дардмандлар орасида "Саратон - бойваччаларнинг касали" деган гапни эшитиб "Касалликнинг ҳам бой , камбағалники деб ажратиладиган тури бўларканми?" деб ҳайрон қолганди. Эндиликда эса бу гапнинг мағзини анча чақиб қолди . Касаллик эмас , унга кетадиган сарф- ҳаражатни кўтариш бойларники экан...
Унинг ҳам ҳозир боши жуда қотиб қолган . Шу топда қўлида бор дастмоясини ишлатиб юборса эртага уй- жойсиз қолишлари ҳеч гапмас. Ўзи майли , аммо икки укаси нима қилади унда ?
Фирдавса шуларни ўйлаб Гавҳархоннинг таклифига кўнган эди. Ҳам ойисини , ҳам бошпанасини сақлаб қолишни режа қилган эди у. Бироқ бу ёғига иш тезлашиб кетди . Ойисини зудлик билан операция қилишмаса кеч қолишлари мумкин.
- Гап бундай , - деди Саид Исмоил Фирдавсага ўткир нигоҳларини қадаб ,- кўриб турибман жуда толиққансиз. Сиз икки , уч соат дам олинг. Мен ҳозир кетиб кечга томон қайтиб келаман ва иккимиз бирга касалхонага борамиз . Нима қилиш кераклигини доктор билан маслаҳатлашиб оламиз.
- Саид ака ,- лаб жуфтлади Фирдавса ҳорғин оҳангда ,- сиз ишлик инсон бўлсангиз , шу сабаб ортиқча безовта қилишга ийманаман.
- Иш одамдан азизмас,- деди Саид Исмоил стул суянчиғига омонат ташлаб қўйилган курткасини эгнига илар экан ,- қолаверса мен ўзим ўзимга хўжайинман, яъни эркин ижодкорман
Фирдавса Саид Исмоилга ортиқча эътироз билдирмади.
У Саид Исмоилни кузатиб қўйгач ётоққа кириб чўзилмоқчи бўлди . Қиз ҳақиқатдан ҳам беҳад толиққан эди.
Фирдавса кўзларини юммоқчи бўлди-ю , аммо нима учундир кўнгли алағда бўлаверди . У ўзидаги бу тангликни сабабини тушуна олмай , қўлига беихтиёр телефонини олди.
Юраги тўғри сезган экан. Гавҳархондан жавоб хабари келибди :
- Бугун Тошкентда эмасман . Эртага тушдан кейин кўриша олишим мумкин. Пулдан муаммо бўлса ҳисоб рақамингга қанча ўтказишим кераклигини ёзиб юбор. Пул кўчириб қўяман.
Фирдавса оғир хўрсинди .
У Гавҳархонга жавоб ёзмоқ мақсадида фикрини жамлашга ҳаракат қилиб оғир тин олди.
#давоми_бор /45
Муаллиф: Хазонрезги
931 views05:19