Get Mystery Box with random crypto!

Йўқ, бу ишни шундай қолдиролмайди. Қаердан бўлмасин, Аҳмадни т | Аёл оламни тебратар

Йўқ, бу ишни шундай қолдиролмайди. Қаердан бўлмасин, Аҳмадни топади. Балки ҳаммаси қуруқ гапдир…
Аксига олгандек,еттинчи синфларни чўл тарафга опкетиб қолишганди. Мана шу нарса Мурод акага ёмон таъсир қилди. Нимаям қилсин? Кечгача кутишга мажбур. То Аҳмад пахтадан келмагунча кутишдан бўлак чораси йўқ…

Кеч кирди. Хотини Раҳбарой ҳам бир чойшаб кўсакни орқалаганча ҳовлига кириб келди…
Кўрдики, эрининг авзойи бузуқ. Мурод ака камдан-кам ҳолларда бу тахлит тумшайиб ўтирарди.
— Сизга нима бўлди, дадаси? эҳтиёткорлик билан сўради эридан.
— Аҳмад қани? ўрнидан турдида, хотинига ўдағайлай бошлади Мурод ака. Қани дедим Аҳмадинг?!
— Вой, мен қаердан билай? Ҳозиргина машиналарини кўргандим. Ҳамма синфдошлари келдику аллақачон!
— Ўғлингчи?... Пул жойида йўқ. Сен айтган ерда йўқ. Қани пуллар? Ў…
— Вой, Худойим, нимага йўқ бўлади? Чойнакни қарадингизми ўзи?
— Э, чойнак тугул, кўрпаларгача ағдар-тўнтар қип ташладим. Йўқ, билдингми, йўқ!... Тўхта, анави магнитофон қаердан келдиа? Нимага шу кунгача мен билмайман?...
Раҳбарой бош эгди.
— Кечиринг, дадаси, Аҳмад илтимос…
— Айтманг дадамга дегандирда, шундайми?... Ҳаа, сен ёлғиз фарзанд деб талтайтириб юборгансан уни! Мана оқибати. Мўмин чўлоқ ҳам кўрибди. Аҳмадинг Қўқонда қўлига бир даста пулни чангаллаганча дайдиб юрганмиш. Ўз кўзи билан кўрибди. Хўш, энди нима қиласан? Аниқ биламанки, пулларниям ўша ҳароми олган… Қани ўзи?
Мурод ака овозининг борича қичқириб ҳовлини асабий айлана бошлади. Яхшики, тобора кучайиб бораётган шамол унинг овозини босиб турарди…
— Оббо, Худо урди! дея Раҳбарой сўрининг бир четига чўкиб олиб бошини чангаллаган кўйи зорланди. — Наҳотки, биттаю битта боламиз ўғирлик йўлига кирган бўлса?... Ҳой дадаси, бақираверманг! Қўшнилар эшитса нима дейди?... Қўйинг, келар, йўқолиб кетмас! Уйда ётиғи билан суриштирарсиз!...
— Йўқ, деди Мурод ака, Мен ҳозироқ синфдошларининг биронтасидан суриштираман. Ернинг тагидан бўлсаям топиб келаман у ярамасни…
Аҳмаднинг энг яқин дўсти Шоғулом исмли бола эди. Мурод ака қўшни болалардан суриштириб ҳеч нарса аниқлай олмагач, ўша боланинг уйига чопди…
У маҳалланинг нариги бошида яшарди. То етиб боргунча ёмғир бошланди…
— Аҳмад қани? Шоғулом дарвозадан ўтиб улгурмай, сўроққа тутди Мурод ака. Ўртоғинг қаерда?...
Шоғулом негадир бошини эгди. Кап-катта эркакнинг важоҳатини кўриб қўрқиб кетди, шекилли.
— Нега индамайсан, ўғлим? боланинг ҳолатини пайқаб, Мурод ака иложи борича ўзини босиб, мулойим оҳангда сўрашга ўтди. Бугун биргамидиларинг?
— Ҳа, биргайдик.
— Пахтага бордингми сен?
— Бордим.
— Аҳмадчи?
— У… Тушгача пахта тердида, кейин…
— Нима кейин?...
— Қочиб кетди.
— Нима?... Нега қочади?
— Билмадим… Зарур ишларим бор деганди.
— Йў-ўқ, бола, сен мендан ниманидир яширяпсан… Менга қара, жоним чиқиб кетай деяпти. Айтақолгин ростини!... Жон ўғлим, айтақол!... Аҳмад ўғирлик қиляптиа, тўғрими? Ўғирлик қилиб юрибди-а?...
Шоғулом ялт этиб Мурод акага тикилди.
— Ҳечамда!.
— Яна алдаяпсана!.
— Алдаганим йўқ, билдингизми, алдаганим йўқ!. Аҳмад ўғри эмас…
— Унда ким? Нега мендан ҳақиқатни яширяпсан бўлмаса?.
Шоғулом бир муддат ўйланиб турди-да, кўча томонга юрди.
— Амаки, юринг, ўғлингизнинг олдига обораман!.
— Ҳаа, сен хумпарлар!. бирдан жонланиб унинг ортидан эргашди Мурод ака. Сенларда бир гап бор. Билиб қўй, агар иккалангам шерик бўлиб бир балони бошлаб юрган бўлсанг, икковингниям терингни шилволаман. Ота-онанггаям қараб ўтирмайман…
Шоғулом қоронғи кўча бўйлаб индамай кетиб борарди. Ўмғир устидаги кўйлакни ивитиб юборганига ҳам эътибор қилмасди…
Шу кўйи улар нариги қишлоққача сукут сақлаб боришди. Фақат Мурод ака гоҳи-гоҳида уф тортиб қўярди холос.
— Манави дарвозани тақиллатинг, амаки!. деди Шоғулом қишлоққа кираверишдаги уйлардан бирининг рўпарасига келишгач. Аҳмад шуерда бўлиши керак…
— Шунақами?

Давоми бор...